add

АҚШ Россия энергетикасига қарши янги санкциялар тайёрламоқда — Bloomberg

Кеча 17:361452 дақиқа

АҚШ маъмурияти Украина бўйича тинчлик келишуви муваффақиятсиз ўтса, Россия энергетика секторига қарши янги санкциялар жорий этиш имкониятини кўриб чиқмоқда.

АҚШ Россия энергетикасига қарши янги санкциялар тайёрламоқда — Bloomberg

АҚШ Россияга босимни кучайтириш мақсадида энергетика секторига қарши янги санкциялар пакетини тайёрламоқда. Bloomberg манбаларига кўра, бу чоралар Украинада тинчлик келишувига эришилмаган тақдирда ишга туширилиши мумкин.

Маълум қилинишича, Вашингтонда асосий эътибор Россия нефтини ташишда қўлланилаётган «хуфиёна флот» деб аталувчи кемалар, шунингдек, ушбу етказиб беришларга кўмаклашаётган трейдерларга қаратилади. Янги чекловлар жорий ҳафтанинг ўзида эълон қилиниши эҳтимоли истисно этилмаяпти.

Санкциялар масаласи АҚШ молия вазири Скотт Бессент томонидан Европа давлатлари элчилари билан учрашувда муҳокама қилинган. Унда Бессент Доналд Трамп маъмурияти Украинадаги можарони тинч йўл билан ҳал этишни устувор мақсад сифатида сақлаб қолаётганини таъкидлаган.

Bloomberg манбаларининг билдиришича, санкциялар жорий этиш бўйича якуний қарорни шахсан АҚШ президенти Доналд Трамп қабул қилади. Шу билан бирга, Кремл бу хабар юзасидан расмий маълумот олмаганини маълум қилди.

Россия президенти матбуот котиби Дмитрий Песковнинг таъкидлашича, Вашингтонда шундай режалар мавжуд экани яхши маълум, бироқ ҳар қандай санкциялар икки томонлама муносабатларни яхшилашга зарар етказади.

Аввалроқ Reuters агентлиги АҚШ маъмурияти Украинада ўт очишни тўхтатишга эришилмаса, Россия иқтисодиётининг асосий тармоқларига нисбатан қўшимча санкция чоралари ишлаб чиққанини хабар қилган эди. Шунингдек, Axios нашри АҚШ Россияга украин можаросини ҳал этиш бўйича «энг кучли таклифлар пакети»ни тақдим этишга тайёрланаётганини хабар қилган эди.

Теглар

Мавзуга оид