
АҚШ Россияни халқаро даврага қайтарувчи «Core 5» гуруҳини муҳокама қилмоқда
Politico нашрининг ёзишича, Вашингтонда АҚШ, Хитой, Ҳиндистон, Япония ва Россиядан иборат «Core 5» гуруҳини тузиш таклифи муҳокама қилиняпти, бу «G7»га яширин муқобил бўлади.

Politico ёзишича, АҚШда ғоят ғайриодатий таклиф — «Core 5» номли янги геосиёсий блокни тузиш ғояси муҳокама қилинмоқда. Бу гуруҳга АҚШ, Хитой, Ҳиндистон, Япония ва Россия кириши кўзда тутилган. Лойиҳанинг мазмуни шуки, «G7»дан фарқли равишда бу форматда Европанинг ўрни бўлмайди ва у асосан «йирик бозор, йирик демография ва йирик таъсир ҳудуди» тамойилига асосланади.
Мақолага кўра, ғоя Доналд Трампнинг дунёқарашига жуда мос: у халқаро муносабатларни идеологиясиз, балки «кўп қутбли дунёда йирик давлатлар ўзаро таъсир ҳудудларини сақлаб қолиши» тамойили асосида кўради. Байден маъмуриятида ишлаган эксперт Торри Тауссигнинг таъкидлашича, Европа бу форматга киритилмагани ёқимсиз сигнал бўлиши, ҳатто «Вашингтон Россияни Европада алоҳида таъсир маркази сифатида кўришга тайёр», деган хулоса пайдо бўлиши мумкин.
Defense One хабар қилишича, мазкур ғоя АҚШнинг кенгайтирилган Миллий хавфсизлик стратегияси лойиҳасида ҳам тилга олинган. С5 (Core 5) мамлакатлари — аҳолиси 100 млн дан юқори йирик давлатлар — «G7»га муқобил, дунё иқтисодиётидаги янги қутб сифатида кўрилган. Биринчи кун тартиби сифатида Исроил ва Саудия Арабистони муносабатларини нормаллаштириш ҳам таклиф қилинган.
Шу билан бирга, Оқ уй ҳужжатнинг муқобил версияси мавжудлигини рад этди ва Миллий хавфсизлик стратегиясининг бошқа, махфий нусхаси йўқлигини маълум қилди.
Трамп эса бунгача бир неча бор Россияни «G8»дан чиқаришни «катта хато» деб атаган ва қайтага Хитойни киритган ҳолда «G9» форматига айлантириш ҳақида гапирган эди.
РФ президенти Владимир Путин яқинда берган интервюсида «G7» иқтисодиёти кучли бўлса-да, унинг глобал улуши «йил сайин қисқариб бораётганини» айтди ва Россия «G8»га қайтиши эҳтимолини рад этди. «Core 5» ғояси эса ҳозирча норасмий ва сиёсий муҳокама босқичида қолмоқда.





