
АҚШ Венесуэла бошқарувини Рубиога топширади
АҚШ маъмурияти Николас Мадуро ағдарилганидан кейин Венесуэла устидан ўтиш давридаги бошқарувни Давлат котиби Марко Рубиога топширишни режалаштирмоқда.

АҚШ Венесуэлада ўтиш давридаги маъмурий бошқарувни Давлат котиби Марко Рубио раҳбарлигида амалга оширишни режалаштирмоқда. Бу ҳақда «Bloomberg» агентлиги АҚШ ҳукуматидаги номаълум манбага таяниб хабар қилмоқда.
Манбанинг нашрга маълум қилишича, Николас Мадуро ҳокимиятдан четлатилганидан сўнг Венесуэла бўйича асосий маъмурий қарорлар айнан Марко Рубио орқали мувофиқлаштирилади. Давлат котиби Кубадан келган муҳожирлар оиласида туғилган бўлиб, у Лотин Америкаси сиёсатида қатъий позицияси билан танилган.
«Bloomberg»нинг қайд этишича, АҚШ президенти Доналд Трамп Венесуэланинг нефт соҳасига алоҳида эътибор қаратмоқда. Унинг сўзларига кўра, Американинг нефт компаниялари Венесуэла нефт инфратузилмасини тиклаш учун миллиардлаб доллар сармоя киритади.
«The Wall Street Journal» нашрига кўра, Венесуэла бўйича бошқарув моделини ишлаб чиқишда Давлат котиби Марко Рубио, Ички хавфсизлик бўйича маслаҳатчи Стивен Миллер ҳамда Мудофаа вазири Пит Ҳегсет иштирок этмоқда.
Нашр маълумотига кўра, Доналд Трамп маъмурияти ҳозирча ўтиш ҳукумати қандай бўлиши, АҚШ Венесуэла иқтисодий тикланишини молиялаштириш-тикламаслиги ва мамлакатга америкалик ҳарбийлар жойлаштирилиши масалалари бўйича аниқ қарор қабул қилмаган.
Пентагон ва АҚШ ҳарбий штаблари америкалик кучлар минтақада қанча вақт қолиши мумкинлигини баҳолашда давом этмоқда. Шу билан бирга, ҳозирча қўшимча қўшин жўнатиш ёки Конгрессдан Венесуэла учун молия сўраш бўйича қарор йўқлиги таъкидланмоқда.
«Axios» нашрининг маълум қилишича, АҚШ Марказий разведка бошқармаси Венесуэладаги вазиятни ва Николас Мадурони бир неча ой давомида кузатиб келган. Дипломатик манбаларга кўра, АҚШнинг Венесуэладаги иштироки кўлами Доналд Трамп қўйган стратегик мақсадларга боғлиқ бўлади.
АҚШ расмийларининг таъкидлашича, Мадурони ҳокимиятдан четлатиш операцияси дастлабки босқич бўлиб, асосий масала — янги ҳокимиятнинг хавфсизлик ва барқарорликни таъминлай олиши ҳисобланади. Бу эса хорижий компанияларнинг мамлакатга қайтиши учун ҳал қилувчи омил сифатида қаралмоқда.





