Logo

АҚШнинг Эронга кетма-кет зарбалари: Тинчлик музокаралари барбод бўлдими?

Кеча 22:209 дақиқа

Қўшма Штатлар Эронга нисбатан очиқ ҳарбий ҳаракатларга ўтди, натижада Теҳрон ҳам жавоб зарбаларини бошлаб юборди.

АҚШнинг Эронга кетма-кет зарбалари: Тинчлик музокаралари барбод бўлдими?aljazeera.com | © aljazeera.com

Икки мамлакат ўртасидаги қалтис тинчлик музокаралари барбод бўлиш ёқасида турган бир пайтда, Қўшма Штатлар икки кун ичида Эронга иккинчи — аввалгисидан ҳам кучлироқ — ҳаво зарбаларини йўллади. АҚШ пайшанба куни эрталаб Эрон пойтахти Теҳроннинг бир нечта ҳудудига ҳужум қилди. Ундан бир неча соат олдин, чоршанба куни эса мамлакат жанубидаги қатор шаҳарларга ҳам зарба берилган эди.

Икки кунлик ҳужумлар оқибатида камида 14 киши, жумладан, Ислом инқилоби муҳофизлари корпусининг камида бир нафар аъзоси ҳалок бўлди. Эрон ҳам бунга жавобан Форс кўрфази давлатларида жойлашган АҚШнинг ҳарбий объектлари ва инфратузилмасига қарата ўт очди.

Навбатдаги ўзаро зарба алмашишлар шу ҳафта бошида Эрон томонидан Ҳўрмуз бўғозидаги тижорат кемаларига қилинган ҳужумлардан сўнг келиб чиқди. АҚШнинг бу зарбалари феврал ойида урушнинг илк дақиқаларида АҚШ ва Исроил ҳаво ҳужумлари оқибатида ҳалок бўлган Эроннинг марҳум олий раҳнамоси оятуллоҳ Али Хоманаийнинг бир неча кунлик дафн маросими бўлиб ўтаётган бир пайтга тўғри келди.

Чоршанба куни АҚШ президенти Доналд Трамп Туркиянинг Анкара шаҳрида бўлиб ўтган НАТО саммитида журналистларга Эрон билан тузилган ўзаро англашув меморандумини «ўз кучини йўқотди», деб ҳисоблашини айтди. Бироқ у ҳозирча тинчлик музокаралари давом этишига рухсат бериши мумкинлигини ҳам қўшимча қилиб, жараён тақдирини сўроқ остида қолдирди.

Гарчи Трамп бу зарбалар «узоқ муддатли» ҳарбий ҳаракатларга олиб келмаслигини таъкидлаган бўлса-да, икки мамлакат ўртасидаги тўқнашувлар янада кучайиб, бутун Яқин Шарқ минтақаси яна можарога тортилиши мумкинлиги ҳақидаги хавотирлар ортиб бормоқда. Шундан сўнг Трамп Эроннинг «келишувга эришишни жуда ҳам истаётганини» даъво қилди, аммо кузатувчилар бунга шубҳа билан қарамоқда.

«АҚШ Эрон масаласида боши берк кўчага кириб қолди ва улар ўз ёндашувларини ўзгартириши керак. Бомбардимон қилиш иш бермаяпти», — деди Брадфорд университетининг сиёсатшунослик профессори Алам Солиҳ «Ал-Жазира» телеканалига.

АҚШ нега қаторасига иккинчи кун ҳужум уюштирди?

АҚШ Марказий қўмондонлиги (CENTCOM) пайшанба куни Эрон бўйлаб тахминан 90 та ҳарбий нишонга зарба берилганини маълум қилди. Бундан кўзланган асосий мақсад — «Эроннинг Ҳўрмуз бўғозидаги тижорат кемалари ва тинч денгизчиларга ҳужум қилиш салоҳиятини янада заифлаштириш» бўлгани айтилди. Бу икки томон июн ойида ўзаро англашув меморандумини имзолаганидан бери кузатилган энг йирик кескинлашув бўлди.

Чоршанба куни CENTCOM Эроннинг Ҳўрмуз бўғози орқали ўтаётган учта тижорат кемасига қилган ҳужумларига жавобан, Эроннинг 80 га яқин ҳарбий нишонига зарба берганини билдирган эди. Шунингдек, Вашингтон ўзаро англашув меморандумининг бир қисми бўлган Эрон нефтига нисбатан санкциялардан истисно қилиш тартибини ҳам бекор қилди.

АҚШ ва Эрон оммавий ахборот воситалари сешанба куни бўғозда учта кема — Маршалл ороллари байроғи остида сузувчи, Қатарга қарашли «M/T Al Rekayyat», Саудия Арабистони байроғи остидаги «M/T Wedyan» ва Либерия байроғи остидаги «M/T Cyprus Prosperity» танкерлари ҳужумга учрагани ҳақида хабар берган эди. Теҳронлик таҳлилчи Ҳусайн Рўйваран «Ал-Жазира» билан суҳбатда мазкур танкерлар эронлик ҳарбийлар миналардан тозалаш ишларини олиб бораётган ҳудудга адашиб кириб қолгани сабабли ҳужумга учраган бўлиши мумкинлигини айтган.

Натижада Ҳўрмуз бўғози орқали кемалар қатнови деярли бутунлай тўхтаб қолди. Мазкур муҳим сув йўлидаги ҳаракат ҳозирда асосан Эрон томонидан рухсат берилган шимолий йўналиш билан чекланган. Ўмон ва АҚШ томонидан қўллаб-қувватланадиган жанубий йўлакда эса ҳаракат жуда суст.

Халқаро денгиз ташкилоти раҳбари Ҳўрмуз бўғози атрофида 6 мингга яқин денгизчи қолиб кетганини маълум қилди.

АҚШ қаерларга зарба берди?

Пайшанба куни тонгда АҚШ мамлакат жанубидаги Бандар-Аббос, Сирик, Кўҳистак, Чобаҳор, Жаск порт шаҳарларига, Абу-Мусо ороли ва Конаракка зарба берди. Эроннинг «Меҳр» ярим расмий ахборот агентлиги хабарига кўра, куннинг иккинчи ярмида Бушер вилоятида ҳам бир нечта портлаш овози эшитилган.

Бушерда Эроннинг атом электр станцияси жойлашган. «ISNA» агентлиги эса АҚШнинг Сирик шаҳрига берган зарбаси ҳақида хабар тарқатди. Маҳаллий расмийларнинг сўзларига кўра, у ерда балиқчилик қирғоғи нишонга олиниши оқибатида уч киши ҳалок бўлган, 15 киши жароҳатланган.

Гарчи CENTCOM фақат ҳарбий нишонларни кўзлаганини таъкидлаган бўлса-да, Эрон оммавий ахборот воситалари пайшанба кунги ҳужумлар фуқаролик инфратузилмасига ва, эҳтимол, битта шифохонага ҳам зарар етказганини ёзмоқда.

Покистон чегараси яқинидаги Эроншаҳр шаҳрида аэропорт иншоотларига берилган зарба оқибатида камида бир киши ҳалок бўлган. Ислом инқилоби муҳофизлари корпусининг маълум қилишича, марҳум Хоманаий дафн этиладиган Машҳад шаҳрига олиб борувчи йўлдаги иккита кўприк вайрон қилинган. Шу сабабли, Эрон темир йўллари раҳбарияти Теҳрон-Машҳад йўналишидаги йўловчи поездлари қатнови таъмирлаш ишлари туфайли вақтинча тўхтатилганини эълон қилди.

«FARS» ахборот агентлигининг хабарига кўра, шимолий Гулистон вилоятида жойлашган ҳамда Теҳронни Туркманистон ва Қозоғистон орқали Хитой билан боғловчи муҳим савдо йўли — Оқ тақа хон темир йўл кўприги ҳам зарбага учраган. АҚШ Эрон портларини қамал қилган даврда бу йўналишдан Россияга юк ташиш учун ҳам фойдаланилган. Шифохонага берилган зарба ҳақидаги хабарлар эса ҳозирча ўз тасдиғини топмади.

Эрон Ташқи ишлар вазирлиги АҚШнинг ўнлаб ҳужумларини, жумладан, иккита темир йўл кўприги бомбардимон қилинишини кескин қоралади. Вазирлик Вашингтоннинг бу ҳаракатлари Ҳўрмуз бўғозидаги кемаларга қилинган ҳужумларга жавоб экани ҳақидаги даъвосини «сохта баҳона» деб атади.

Чоршанба кунги АҚШ ҳужумлари Сирик, Қешм ороли, Бушер вилояти ва Бандар-Аббос шаҳри атрофига берилган эди. Икки кунлик ҳужумлар оқибатида Эроннинг бешта вилоятида камида 14 киши ҳалок бўлгани ва 78 киши яралангани хабар қилинди. Эрон Соғлиқни сақлаш вазирлиги вакили Ҳусайн Кирмонпурнинг маълум қилишича, 47 нафар ярадор ҳамон шифохоналарда даволанмоқда.

Эрон қаерга жавоб зарбаси берди?

Ислом инқилоби муҳофизлари корпуси бунга жавобан АҚШ ҳарбий иншоотлари жойлашган Баҳрайн, Қувайт ва Қатарга ҳужум қилди. Пайшанба куни бу уччала давлатда ҳам ҳаво ҳужумидан огоҳлантирувчи сиреналар чалинди.

«Ал-Жазира»нинг хабар беришича, Эроннинг зарбалари Қувайтдаги ва Баҳрайндаги АҚШ ҳарбий базаларига келиб тушган. Маълумотларга кўра, ИИМК томонидан уюштирилган ҳужумлар Қувайтдаги «Patriot» ракета тизимини, Қатардаги сунъий йўлдош антеннасини ва Баҳрайндаги АҚШ ҳарбийларига қарашли ёқилғи омборларини нишонга олган.

Қувайт Мудофаа вазирлиги бир киши жароҳатланганини тасдиқлади. Жабрланувчи ракета парчалари тушиши оқибатида тан жароҳати олган ва шифохонага ётқизилган. Генерал-майор Сауд Абдулазиз ал-Утайбийнинг маълум қилишича, Қувайт ҳаво ҳужумидан мудофаа тизими учта баллистик ракета, битта қанотли ракета ва 10 та камикадзе дронини уриб туширган. Пайшанба куни Иордания қуролли кучлари бутун мамлакат бўйлаб сиреналар янграганидан сўнг ўз ҳаво ҳудудида саккизта Эрон ракетасини уриб туширганини маълум қилди.

АҚШ президенти Трамп тинчлик музокаралари ҳақида нима деди?

Туркиядаги НАТО саммитида сўзга чиққан Трамп Вашингтон ва Эрон ўртасида 17 июн куни имзоланган ўзаро англашув меморандумини ўз кучини йўқотган деб ҳисоблашини, аммо ҳозирча АҚШ музокарачиларига эронликлар билан мулоқотни давом эттиришга рухсат беришини айтди.

«Назаримда, бу тугади», — деган Трамп уруш қайта бошланиши мумкинлиги ҳақидаги хавотирларни уйғотди ҳамда Эрон раҳбарларини «хавфли» ва «касал» деб атади.

Трамп АҚШ музокарачилари ҳақида гапирар экан: «Улар музокара ўтказиши мумкин, лекин, менимча, вақтларини бекорга кетказмоқда», — деди.

Эрон Ташқи ишлар вазири Аббос Арақчи Трампнинг ғазабга тўла фикрларига жавобан Х тармоғидаги саҳифасида Эрон «қўполликка қўполлик билан жавоб қайтармаслигини» ёзди.

Пайшанба куни «Air Force One» президент самолётида сўзга чиққан давлат раҳбари ўз позициясидан бироз чекингандек кўринди. У журналистларга Эрон билан кенг кўламли урушга қайтиш эҳтимоли кун тартибида қолаётганини, бироқ Теҳрон «келишувга эришишни истаётганини» таъкидлади.

Трамп АҚШ Эрон армиясини заифлаштирганини айтди ва фуқаролик инфратузилмасига, хусусан, электр ва сувни чучуклаштириш станцияларига зарба бериш таҳдидини яна бир бор такрорлади. Шунингдек, у нефт қазиб олиш маркази бўлган Харк оролини босиб олиш билан таҳдид қилди. Бироқ Трамп сўнгги ўзаро ҳужумлар «узоқ муддатли» ҳарбий ҳаракатларга олиб келмаслигини ва «нимаики содир бўлса, жуда тез юз беришини» қўшимча қилди.

Саммитни тарк этгач, Трамп ўзининг «Truth Social» тармоғида Эрондаги портлашлар акс этгани айтилган бир нечта видеони эълон қилди. «Бу Эроннинг кеча кемаларга қилган ҳужумига жавобан қилинган қасосдир. Агар бу яна такрорланса, оқибати бундан ҳам ёмонроқ бўлади!» — деб ёзди Трамп.

Эрон нима демоқда?

Эроннинг сиёсий раҳбарияти вакиллари янги зарбалар тўлқинини қоралаб, кескин баёнотлар билан чиқиш қилди. Улар АҚШ зарбаларини «ҳарбий жиноят» деб атади ва Вашингтонни урушни тугатишга қаратилган вақтинчалик келишувни бузганликда айблади. Шунингдек, Теҳрон Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Хавфсизлик Кенгаши ва БМТ бош котибига АҚШ устидан расмий шикоят йўллади.

Давом этаётган музокаралардаги асосий вакил, парламент спикери Муҳаммад Ғолибоф пайшанба куни Х тармоғида эълон қилган постида Вашингтонни «зўравонлик» тактикасида айблади.

«Америка зўравонлик ва ваъдани бузиш энди жазосиз қолмаслигини ҳали ҳам тушуниб етмади. Очиқроқ қилиб айтаман: агар зарба берсангиз, албатта, ўзингиз ҳам зарба ейсиз», — деб ёзди Ғолибоф.

У сўзида давом этиб: «Беҳудага типирчиламанг, акс ҳолда янада чуқурроққа ботасиз. Ҳўрмуз бўғози Америка таҳдидлари билан эмас, фақатгина Эрон шартлари асосида очилади», — дея қўшимча қилди.

Бу тинчлик музокаралари учун нимани англатади?

16 июн куни Покистон воситачилигида Эрон ва АҚШ ўртасида ўзаро англашув меморандуми имзоланган эди. Мазкур ҳужжат ҳарбий ҳаракатларни тўхтатишни ҳамда 60 кунлик тинчлик музокараларини бошлашни кўзда тутарди (бу муддат 21 августда тугайди). Трампнинг чоршанба куни НАТО саммитида берган баёнотларига қарамай, томонларнинг ҳеч бири меморандумни расман бекор қилгани йўқ.

Ушбу келишувга кўра, томонлар барча фронтларда, жумладан, Ливанда ҳам ҳарбий ҳаракатларни тўхтатиши, камида 60 кун давомида кемаларнинг Ҳўрмуз бўғози орқали эркин ўтишини таъминлаши, АҚШ Эрон портларидаги денгиз қамалини бекор қилиши, Эрон нефтига қўйилган санкцияларни вақтинча тўхтатиб туриши ва Эроннинг музлатилган активларини блокдан чиқариши керак эди. Бироқ кузатувчиларнинг фикрича, меморандум матни анча мавҳум ва турлича талқин қилишга мойил шаклда тузилган.

Якуний келишувга эришиш бўйича музокаралар марҳум Хоманаийнинг дафн маросимидан сўнг қайта бошланиши керак эди. Аслида, аза кунлари кескинлик пасаядиган давр бўлиши кўзда тутилганди. Музокараларнинг навбатдаги босқичи энг мураккаб масалаларга, яъни Ҳўрмуз бўғозини тўлиқ очиш ва Теҳроннинг ядровий дастурини тугатишга қаратилиши лозим эди.

Меморандум шартларини қайси томон бузди?

Ҳар икки томон ҳам бир-бирини меморандум шартларини бузганликда айбламоқда. Эрон АҚШни ҳужумларни қайта бошлашда ҳамда Исроилнинг Ливан жанубига қилаётган ҳужумлари ва у ердаги босқинини тўхтатмаслик орқали ўз мажбуриятларини бажармаганликда айбламоқда. Вашингтон эса, ўз навбатида, Теҳронни кемаларнинг бўғоз орқали хавфсиз ўтишини таъминламаганликда айблайди.

Эрон ташқи ишлар вазири ўринбосари ва музокаралардаги асосий вакил Казем Ғарибободий Х тармоғида Трампнинг сўзлари «қудрат белгиси эмас, балки АҚШнинг муваффақиятсизликка учраганини тан олиши» эканини ёзди.

Эрон Ташқи ишлар вазирлиги АҚШ ҳарбийларининг жанубий қирғоқбўйи вилоятларидаги объектларга ва иккита темир йўл кўпригига берган зарбаларини «оғир ҳарбий жиноят» деб атади. Вазирлик АҚШни урушни тугатиш тўғрисидаги ўзаро англашув меморандумининг 1 ва 5-моддаларини бузганликда айблади.

Таҳлилчиларнинг фикрича, меморандумнинг Ҳўрмуз бўғози назоратига тааллуқли 5-моддаси талқини энг катта баҳсли нуқта бўлиб турибди. Мазкур модда Эрондан бўғозни қайта очишни ва 60 кун давомида тижорий қатновларнинг зудлик билан тикланишига рухсат беришни — феврал ойидан бери қолиб кетган юзлаб кемаларнинг эркин ўтишини талаб қилади.

28 февралда АҚШ ва Исроилнинг Эронга қарши уруши бошланишидан олдин жаҳон нефт таъминотининг қарийб бешдан бир қисми айнан шу тор сув йўли орқали ташилар эди. Бироқ уруш бошланганидан бери Теҳрон бўғоз устидан назорат ўрнатишга ва ундан музокаралар столида стратегик устунлик сифатида фойдаланишга ҳаракат қилмоқда. Эроннинг бўғозни қамал қилиши глобал энергетика инқирозини келтириб чиқарди.

Теглар

Мавзуга оид