
Асосий озиқ-овқатлар импортига божнинг нол ставкаси муддати узайтирилди
Ижтимоий аҳамиятга эга маҳсулотлар импортида божхона божининг нол ставкасини қўллаш 2027 йил бошигача сақлаб қолинади.

Ички истеъмол бозорида асосий озиқ-овқат маҳсулотлари нархини барқарор сақлашга қаратилган навбатдаги қарор қабул қилинди. Президентнинг тегишли фармонига мувофиқ, ижтимоий аҳамиятга эга товарлар импортига нисбатан божхона божининг нол ставкаси қўлланилиши 2027 йил 1 январга қадар узайтирилди.
Мазкур президент фармонида ушбу қарор ички бозордаги ижтимоий аҳамиятга эга товарлар нархи ошишининг олдини олиш ва инфляция босимини юмшатиш мақсадида қабул қилингани қайд этилган.
Нол ставка қўлланиладиган маҳсулотлар рўйхати кенг қамровли ҳисобланади. Унга қорамол ва қўй гўшти, балиқ, шакар, сариёғ ҳамда сутдан тайёрланган бошқа мойлар ва ёғлар, парранда тухумлари, банан, цитрус мевалари (лимондан ташқари), қаҳва ва чой киради. Шунингдек, ҳайвон ва ўсимлик ёғлари, маргарин, хамиртуруш, буғдой уни, йогурт, пишлоқ ва твороглар ҳам имтиёзли тартибда импорт қилинади.
Рўйхатга сабзавот ва мевалар ҳам киритилган. Жумладан, пиёз, саримсоқпиёз, қуритилган хурмо, олма, нок, беҳи, шунингдек, тайёр ёки консерваланган гўшт маҳсулотлари, мураббо, мевали желе, мармелад ва консерваланган мевалар божхона божисиз олиб кирилади.
Бундан ташқари, ёнғоқлар, турли соуслар, минерал ва газланган сувлар, болалар кийими ҳамда пойабзал каби товарлар ҳам ушбу рўйхатдан жой олган. Мутасаддилар фикрича, мазкур чора-тадбирлар импорт ҳажмларини барқарор сақлаш орқали ички бозорда таклиф узлуксизлигини таъминлашга хизмат қилади.
Ҳукумат ушбу механизм орқали тариф ва нотариф тартибга солиш воситаларини кенг қўллаб, аҳоли учун асосий истеъмол маҳсулотларининг мавжудлиги ва нарх барқарорлигини таъминлашни мақсад қилган.





