
Асосий ставка пасайиб борса ҳам, нега кредитлар арзонламади?
Марказий банкнинг асосий ставкаси 3 йил ичида 17 фоиздан 14 фоизгача пасайди. Шунга қарамай, миллий валютадаги кредитлар бўйича фоизлар унчалик ўзгармади. Истеъмол кредитлари ўсиши ортидан бу ҳолат тизимли хавфларга сабаб бўлиши мумкин.

Ўтган ҳафта Марказий банк асосий ставкани 14 фоиз кўринишида сақлаб қолиш бўйича қарор қабул қилди. Бу 2025 йил ҳисобидан сўнгги бор асосий ставкани кўриб чиқилиши эди.
«Иқтисодий шарҳ» журнали навбатдаги сонида истеъмол кредитларининг ўсиши хавфи ҳақида таҳлилий мақола чоп этди. Унда асосий ставканинг сўнгги 3 йилда 3 фоизга пасайганига қарамасдан, кредит фоизлари деярли ўзгармагани ва бунинг сабаблари таҳлил қилинган.
Сўнгги етти йилда аҳоли даромадлари ва тўлов қобилияти икки баравар ошди, бу эса истеъмол талаби ўсишига олиб келди. Шунга кўра, сўнгги йилларда иқтисодиёт тармоқлари субъектлари ва жисмоний шахсларни кредитлаш ҳажмининг кескин ўсиши кузатилмоқда.
Хусусан, Марказий банк маълумотларига кўра, 2025 йил бошида кредитларнинг умумий йиллик ҳажми 13 фоизга ошди. Бунда иқтисодиёт тармоқларини кредитлаш 10 фоизга, аҳолини кредитлаш эса 19 фоизга ўсди.
Сўнгги йилларда аҳоли даромадларининг ўсиши молия секторини рақамлаштириш даражасининг сезиларли даражада ошиши билан бир вақтга тўғри келди. Янги шароитда молиявий бозор иштирокчилари томонидан рақамли банкинг, финтех-кредитлаш, шунингдек, товар ва хизматлар учун бўлиб-бўлиб тўлаш технологиялари (Buy now, pay later, BNPL) фойда ўсишининг асосий омилларига айланди.
Умуман олганда, ушбу ижобий ўзгаришлар ва кутилмалар билан бирга, сўнгги пайтларда тартибга солувчи вакиллар, жамоатчилик ва кредит ташкилотларидаги нуфузли экспертлар томонидан истеъмол кредитлари ҳажмида кузатилаётган жадал ўсиш бўйича хавотир билдирилмоқда.
Хавотирларга Ўзбекистон шароитида кредитлар бўйича фоиз ставкаларининг ҳамон юқорилиги, шунингдек, аҳолининг даромадлари ва молиявий саводхонлиги даражаси нисбатан пастлиги сабаб бўлмоқда.
Парадоксал ҳолат
Гап шундаки, тушунтириш талаб қилинадиган маълум бир парадокс кузатилмоқда. Бу вақт ичида Марказий банкнинг асосий ставкаси сезиларли даражада пасайганига қарамай, миллий валютадаги кредитлар бўйича фоизлар унчалик ўзгармади (келтирилган жадвалга қаранг).

Аслида тармоқни сезиларли даражада рақамлаштириш кредит ташкилотларининг мижозларга хизмат кўрсатиш ва жараёнларни оптималлаштириш билан боғлиқ операцион харажатларини камайтириши керак эди.
Бу парадоксни тахминан қуйидаги сабаблар билан изоҳлаш мумкин:
1) аҳоли даромадларининг ўсиши ҳисобига кредитларга бўлган талабнинг ўсиши уларнинг таклифидан сезиларли даражада ошиб кетади;
2) истеъмол товарларини маркетинг қилиш ва илгари суришнинг илғор (шу жумладан, баъзи ҳолларда манипулятив) технологиялари қўлланилишининг тарқалиши;
3) сегментда ўртачадан юқори даромад олиш табиий интилиш ҳисобланган бозорга янги, янада технологик қуролланган, шу жумладан, хорижий ўйинчиларнинг кириб келиши билан боғлиқ бўлган рақобатнинг кучайиши;
4) янги молиявий технологиялар кредитлар қийматини ошириш ва қамраб олиш таъсири туфайли ишончсиз қарз олувчиларнинг рискларини қоплаш («ҳаммага юклаш») имконини беради.
Марказий банк томонидан асосий ставканинг камайтирилишига кредитлар бўйича фоизлар деярли таъсир кўрсатмаслигига айнан истеъмол кредитларига бўлган талабнинг ортиб бораётгани хизмат қилмоқда, деб тахмин қилиш мумкин.
Бу тахминни 2022 йилдан 2025 йилгача бўлган даврда асосий ставка пасайтирилганига қарамай жисмоний шахслар учун бир йилгача бўлган кредитлар бўйича фоиз 24,4 дан 25,8 га ошгани, шунингдек, микроқарзлар бўйича ўтган йилдаги кўрсаткичлар тасдиқлайди.
Хусусан, 2024 йилда Ўзбекистон аҳолиси, Марказий банк маълумотларига кўра, 45,8 трлн сўм миқдорида микроқарз олди, бу 2023 йилга нисбатан 59 фоизга кўпдир. Ўтган беш йил ичида микроқарз олганлар сони 2019 йилдаги 500 мингдан 2024 йил якунида 2,3 млн нафарга кўпайди (+460 фоиз).
Жорий йил бошида ҳар бир кишига микроқарз бўйича ўртача 1,8 та шартнома тўғри келди. 2025 йилнинг биринчи чорагида жисмоний шахслар номига расмийлаштирилган кредитлар ҳажми 34,9 трлн сўмга тенг бўлиб, 2024 йилнинг шу даврига нисбатан 74 фоизга ўсди. Бунда фуқаролар томонидан олинган кредитларнинг ярмидан кўпини микроқарзлар ташкил этди.
Шу мақсадда, Марказий банк чакана кредитлаш сегментида рискларнинг олдини олиш ва банк тизими барқарорлигини таъминлаш мақсадида микроқарзлар бўйича қўйиладиган талабларни кучайтирмоқда.
Яқин йилларда банкларнинг кредит портфелида микроқарзлар улушини 25 фоизгача чеклаш режалаштирилган. Кўплаб банклар янги талабларга мослашишни бошлаб юборган.





