Аукционда ер сотиб олган тадбиркор қурилишни бошлаш учун 6 ойдан 1 йилгача ҳужжат йиғиб юришига барҳам берилади
Энди ҳокимлар ерни қурилиш рухсати, архитектура-режалаштириш топшириғи ва лойиҳаси билан «тайёр пакет» шаклида савдога чиқаради.
© E-auksionТадбиркорлар ер участкасини аукционда сотиб олгач, қурилишни бошлаш учун 6 ойдан бир йилгача турли ҳужжатларни йиғиб юришига чек қўйилади. Бу ҳақда Президент Хоразмда ўтказилган тадбиркорлар билан мулоқотда маълум қилди.
Энди ер участкалари қурилиш рухсати, архитектура-режалаштириш топшириғи ва тайёр лойиҳаси билан бирга аукционга чиқарилади. Бундай «тайёр пакет» асосида ер сотиб олган тадбиркор қурилиш ишларини дарҳол бошлаши мумкин бўлади. Шунингдек, инфратузилма йиғими учун тўланадиган аванс 20 фоиздан 5 фоизга туширилади.
Яна бир янгилик банклар балансидаги 9 триллион сўмлик 2,5 мингта мулкка тааллуқли. Уларни тадбиркорларга чегирмали нархда, бошланғич тўловсиз ва фоизсиз бўлиб тўлаш шарти билан сотишга рухсат берилади. Бундай мулкни сотиб олган тадбиркор бир йил давомида ер ва мол-мулк солиғини тўламайди.
Ер ва мулк енгилликлари
Янги тартиб тадбиркорларнинг иш бошлаш жараёнидаги вақт ва харажатларини қисқартиришга қаратилган. Айниқса, қурилиш учун ер олган бизнес вакиллари аввал рухсатнома ва лойиҳа ҳужжатларини тайёрлаш билан алоҳида шуғулланишига ҳожат қолмайди.
Банклар балансидаги бўш турган ёки фойдаланилмаётган мулкларни бизнесга жалб қилиш ҳам кўзда тутилмоқда. Жами 9 триллион сўмлик 2,5 мингта объект тадбиркорларга қулай молиялаштириш шартлари асосида таклиф қилинади.
Шу тариқа тадбиркор мулкни сотиб олишда бошланғич тўлов қилмасдан, қийматини фоизсиз бўлиб тўлаш имкониятига эга бўлади. Қўшимча равишда, биринчи йил учун ер ва мол-мулк солиғидан озод этилади.
Янги саноат зоналари
Маҳаллийлаштиришни кучайтириш учун биринчи навбатда ишлаб чиқариладиган 50 та маҳсулот рўйхати шакллантирилди. Уларни ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш мақсадида Навоий, Жиззах, Наманган, Ургут ва «Ҳазорасп» махсус иқтисодий зоналарининг бир қисмида «Бонд саноат зоналари» ташкил этилади.
Ушбу зоналарга хомашё ва бутловчи қисмларни олиб киришда барча солиқ ва божхона тўловлари бекор қилинади. Агар маҳсулотнинг маҳаллийлаштириш даражаси 30–40 фоиздан ошса, уни ички бозорга чиқаришда ҳам имтиёзли шартлар қўлланади.
«Бонд саноат зоналари»да илмий-тадқиқот ва тажриба-конструкторлик марказлари, лабораториялар, муҳандислик ҳамда технологик хизматлар ягона тизимда ишлайди. Тадбиркорларга инфратузилмаси тайёр бинолар тақдим этиш учун 50 миллион доллар ажратилади.





