
Авиация Ўзбекистон ЯИМига 2 млрд доллар олиб келиши мумкин — IATA ҳисоб-китоби
IATA сўнгги йилларда Ўзбекистон авиация инфратузилмасига киритаётган сармоялар, янги йўналишлар ва терминал модернизацияси нафақат транспорт тизимини, балки умумий иқтисодий фаолликни тубдан ўзгартираётганини кўрсатади.

Халқаро ҳаво транспорти ассоциацияси (IATA) Ўзбекистон бўйича навбатдаги «Value of Air Transport Study» ҳисоботини эълон қилди. IATA баҳосига кўра, ҳаво транспорти Ўзбекистон ЯИМининг 0,9 фоизини, яъни 795,5 млн долларлик қийматни шакллантирмоқда. Бу кўрсаткич аввалги йилларга нисбатан анча юқори бўлиб, секторнинг ЯИМга таъсири кенгайиб бораётганини билдиради. Энг муҳими — бу рақам потенциалнинг фақат бошланишидир.
Рақамлар нимадан дарак беради?
Бугунги кунда Ўзбекистон авиация соҳасида 12,4 минг киши бевосита ишлайди. Улар яратган иқтисодий қиймат 96,5 млн доллар (ЯИМнинг 0,1 фоизи) атрофида бўлиб, бир қарашда авиация «кичик йўналиш» бўлиб кўринади. Аммо ҳаво транспортининг иқтисодий роли бевосита эмас — мултипликатор механизми орқали шаклланади.
Бинобарин, аэропортлар атрофидаги хизматлар, таъминот занжири, йўловчи оқимига боғлиқ истеъмол, туризм ва билвосита харажатлар орқали авиация яна 128 минг иш ўрнини қўллаб-қувватлайди. Иқтисодиётга қўшилаётган умумий қиймат эса 795,5 млн долларга тенг. Бу Ўзбекистон ЯИМининг 0,9 фоизидир.
Мазкур мултипликатор эффекти шуни кўрсатадики, авиация — кичик сектор эмас, балки кўп соҳага импулс берувчи марказий механизм.
Туризм: энг катта пул айнан ҳаво йўллари орқали кириб келмоқда
IATA маълумотларига кўра, ҳаво транспорти билан боғлиқ туризм иқтисодиётга 282,9 млн доллар бевосита ҳисса қўшади. Бироқ асосий пул оқими — сайёҳларнинг Ўзбекистонда сарфлаётган маблағлари. Ҳар йили хорижий туристлар мамлакатда 2 млрд доллар атрофида харажат қилади.
Бу рақам уч муҳим жараённи кўрсатади.
Аввало, авиация — туризмнинг ягона реал кириш йўлаги — Ўзбекистоннинг географик жойлашуви сабабли халқаро туристларнинг 95 фоизга яқини ҳаво йўллари орқали мамлакатга кириб келади.
Иккинчидан, туристлар сарф-харажатлари ички бозорни жонлантиради: меҳмонхона, ресторан, такси, хизматлар, савдо соҳаларининг барчаси ҳаммаси тўғридан тўғри даромад олади.
Учинчидан, сегментлар ўзгариши — катта харажат қилувчи туристлар улуши ошиб бормоқда. Европа ва Яқин Шарқдан келаётганлар нисбати кўпаймоқда.
Ҳаво юклари: Навоий ва Тошкент янги иқтисодий ўқи бўладими?
2023 йилда Ўзбекистон аэропортлари орқали 66,6 минг тонна юк ташилди. Бу рақам минтақавий гигантларга етмаса-да, ўсиш траекторияси аниқ:
Тошкент аэропортида янги юк терминали ишга тушди;
Навоий аэропорти cарго марказ сифатида модернизация қилинмоқда;
e-commerse ва халқаро логистика оқимлари минтақа бўйлаб тез кенгаймоқда.
Юк ташиш сегменти Ўзбекистон учун стратегик йўналишга айланмоқда. Чунки:
экспортчилар учун тезкор етказиб бериш имконияти рақобатбардошликни оширади;
логистика харажатларининг пасайиши саноат маҳсулотларининг нархини оптималлаштиради;
транзитдан келадиган пул оқими хизматлар секторининг ўсишини қўллаб-қувватлайди.
Ўзбекистон қандай натижаларга эришиши мумкин?
Ҳукумат 2030 йилгача авиация юк оқимини 4 баравар оширишни мақсад қилган. Йўловчи оқимида эса ҳозирги ўсиш суръатлари давом этса, 2030 йилда йиллик 30–35 миллион тоннага чиқиши мумкин.
Бу икки натижа амалга ошса авиациянинг ЯИМдаги улуши 0,9 фоиздан 2 фоизга, ЯИМга қўшилган қиймат 795 млн доллардан 2–2,5 млрд долларга, ёндош иш ўринлари 128 мингдан 250–300 мингга етиши мумкин.
Умуман олганда, IATA ҳисоботидаги рақамлар шуни кўрсатадики, агар инфратузилма, божхона ислоҳотлари, рақамлаштириш ва экологик талаблар билан уйғун ривожланиш давом этса, Ўзбекистон яқин 5–7 йил ичида Марказий Осиёда энг кучли авиация марказларидан бирига айланиши мумкин.
Бу ўсишдан эса нафақат авиация сектори, балки бутун иқтисодиёт, бизнес ҳам, аҳоли ҳам бирдек манфаат кўради.





