Автокредит ставкалари пасайтирилади

13.02.2026 | 15:251 дақиқа

Шавкат Мирзиёев аҳолининг маҳаллий автомобилларга талабини рағбатлантириш мақсадида автокредит ставкасини пасайтириш ва ҳажмини ошириш чорасини кўриш вазифасини топширди.

Автокредит ставкалари пасайтирилади

Шавкат Мирзиёев аҳолининг маҳаллий автомобилларга талабини рағбатлантириш мақсадида автокредит ставкасини пасайтириш ва ҳажмини ошириш чорасини кўриш топшириғини берди. Бу ҳақда 13 феврал куни Президент раислигида ўтган тармоқ ва ҳудудларда юқори иқтисодий ўсиш суръатларини таъминлаш бўйича асосий вазифалар муҳокамасига бағишланган йиғилишда маълум қилинди.

Маълумотларга кўра, Ўзбекистонда йилига 650 минг дона автомобиль ишлаб чиқариш қувватига эга 4 та йирик корхона бор.

2026 йилда 300 дан зиёд маҳаллий корхоналар билан кооперация асосида яна 763 та детални ишлаб чиқаришни бошлаш муҳим экани таъкидланди. Ишлаб чиқариладиган автомобиллар сонини 510 мингга етказиш зарур.

Деҳқон ва фермерларда боғдорчилик трактори, кўчат экадиган, ҳосил йиғадиган, картошка ковлайдиган агротехникаларга талаб ортиб бормоқда.

Чирчиқдаги кластер тўлиқ қувватда ишлаб, агротехникаларни арзон нархда чиқарса, лизинг компаниялари билан қулай молиявий инструментлар қилиб берилса, деҳқон ва фермерлар йилига камида 15 мингта техникани сотиб олишга тайёр.

Умуман, автомобиль саноати мутасаддиларига ҳар бир имкониятни мана шундай таҳлил қилиб, жорий йилги ишлаб чиқариш дастурини 10,5 фоизлик ўсишни таъминлашга мослаб қайта кўриб чиқиш топширилди.

Маълумот учун, Марказий банкнинг 9 февралда эълон қилган маълумотларига кўра, автокредитлар бўйича ўртача фоиз ставкаси 23 фоиз. Ўтган ойда бу кўрсаткич 23,2 фоиз, ярим йил олдин эса 23,8 фоиз эди.

Теглар

Мавзуга оид