Аввалгидан секинроқ: Кейинги уч ойда Ўзбекистон иқтисодиёти қандай ўсади?

04.03.2026 | 17:003 дақиқа

Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази 2026-йил И чорак учун Ўзбекистон ЯИМ ўсиши бўйича прогнозларини маълум қилди.

Аввалгидан секинроқ: Кейинги уч ойда Ўзбекистон иқтисодиёти қандай ўсади?

2026-йилнинг биринчи чорагида Ўзбекистон ялпи ички маҳсулоти ўсиши йиллик ҳисобда 7–7,2 фоиз атрофида бўлиши кутилмоқда. Бу ҳақда Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази эълон қилган ҳисоботда келтирилган.

Таҳлилларга кўра, ўсишнинг асосий омиллари сифатида ишбилармонлик фаоллиги, пул-кредит ва молия тизими, банк оператсиялари, саноат ишлаб чиқариши ҳамда чакана савдо кўрсатилмоқда.

2026-йилнинг биринчи чораги учун прогноз динамик фактор модели асосида тайёрланган. Унда иқтисодий фаолликни акс эттирувчи 35 та асосий ойлик ва ҳафталик кўрсаткич таҳлил қилинган. 

Ҳисоб-китобларга кўра, 2026-йилнинг I чорагида Ўзбекистон ЯИМ ўсиши йиллик ифодада тахминан 7 фоизни ташкил этиши кутилмоқда. 

Иқтисодий ўсишга энг катта ҳиссани ишбилармонлик фаоллиги қўшади. Унинг улуши 3,1 фоиз бандни ташкил этиши прогноз қилинган.

Шунингдек, пул-кредит ва молия соҳаси 1 фоиз банд, банк транзаксиялари динамикаси 0,9 фоиз банд, саноат ишлаб чиқариши 0,6 фоиз банд ҳамда чакана савдо 0,3 фоиз банд ҳисса қўшиши мумкин.

Қўшимча равишда марказ прогнозларни машинали ўқитиш усуллари орқали ҳам ҳисоблаган. Бунда Google қидирув тизимидаги 20 та тоифа бўйича 250 та ҳафталик индикатор таҳлил қилинган. Натижаларга кўра, 2026-йил I чорагида ЯИМ ўсиши 7,2 фоиз атрофида бўлиши кутилмоқда.

Маълумот учун: Google қидирув сўровлари иқтисодий фаолликни баҳолашда қўшимча индикатор сифатида қўлланади. Интернетда молия, харидлар ёки турли хизматлар ҳақида қидирувлар кўпайиши аҳоли ва бизнеснинг иқтисодий фаоллиги ортганини билвосита кўрсатиши мумкин. Шунинг учун бундай маълумотлар иқтисодий ўсишни прогноз қилишда таҳлилчилар томонидан қўшимча манба сифатида ҳам ишлатилади.

2026-йил январ ойида қидирув сўровлари динамикасига кўра, «интернет ва телекоммуникатсиялар» тоифасидаги сўровлар ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 19,3 фоизга ошган. «Молия» тоифасида ўсиш 7,9 фоизни, «Харидлар» тоифасида эса 5,2 фоизни ташкил этган.

Икки хил таҳлил усули натижаларига кўра, 2026-йилнинг биринчи чорагида Ўзбекистон ялпи ички маҳсулоти ўсиши 7–7,2 фоиз атрофида бўлиши кутилмоқда. Бу кўрсаткич 2025-йилнинг шу даври учун берилган 6–6,4 фоизлик прогноздан юқорироқ.

Маълумотлар аниқлиги

Марказ таҳлилчилари таъкидлашича, ўтган йилда глобал чақириқларга қарамасдан, Ўзбекистон иқтисодиёти барқарорликни сақлаб, мўтадил ўсишни намоён қилди.

2025-йил якунларига кўра, Ўзбекистон ЯИМи 7,7 фоизга ўсиб, ўтган йилги кўрсаткич (6,7 фоиз)дан юқори бўлди. 

«Марказнинг аввал эълон қилинган прогнози юқори аниқликни кўрсатиб, ҳақиқий натижадан атиги 0,2 фоиз бандига фарқ қилди, бу эса прогнозлашда қўлланилаётган ёндашувларнинг ишончлилигини тасдиқлайди», — дейилади ҳисоботда.

2025-йилда Ўзбекистонда иқтисодий ўсишнинг асосий драйверлари сифатида саноат, бозор хизматлари ва қурилиш соҳалари ажралиб турди. Хусусан, саноат ишлаб чиқариши 6,8 фоизга ўсган бўлса, бозор хизматларида ўсиш 14,7 фоизни, қурилиш соҳасида эса 14,2 фоизни ташкил этди. 

Шунингдек, ўтган йили дунёда олтин нархининг 70 фоизга кўтарилиши ҳам мамлакат иқтисодиётига таъсир кўрсатган асосий омиллардан бири бўлган. Натижада бу Марказий банкнинг олтин-валюта захираларини ошириб, макроиқтисодий барқарорлик ва кредит рейтингларига ижобий таъсир қилган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Яқин Шарқда рўй бераётган урушларнинг Ўзбекистон иқтисодиётига қандай таъсир кўрсатиши ҳақида маълумот берган эдик.

Теглар

Мавзуга оид