Logo

Айрим микромолия ташкилотларида кредитларнинг 69 фоизи муаммоли — Марказий банк

Бугун 19:503 дақиқа

Ўзбекистонда микромолия ташкилотларининг жами кредит қолдиғи бир ойда 18,64 трлн сўмдан 20,1 трлн сўмга етди. Шу даврда муаммоли кредитлар улуши 2,7 фоизга ошган. Аммо айрим ташкилотларда бу кўрсаткич 69 фоизгача етган.

Айрим микромолия ташкилотларида кредитларнинг 69 фоизи муаммоли — Марказий банк © Foto: Sputnik

Жорий йилнинг 1-октябр ҳолатига Ўзбекистонда 142 та микромолия ташкилотларининг жами активлари 21,75 трлн сўмга етган. 2025-йилнинг мос даврида кўрсаткич 9,9 трлн сўм бўлган, яъни активлар 119,7 фоизга ошган. Бу ҳақда Марказий банк маълумотларида келтирилган.

Активларнинг асосий қисми, яъни 90 фоизи кредитлар ва микролизинг ҳиссасига тўғри келади. Уларнинг соф ҳажми 19,47 трлн сўм бўлиб, жами активларнинг 89,5 фоизини ташкил қилган. Бир йил аввал бу улуш 90,4 фоиз эди.

Активларнинг асосий қисми йирик ММТлар ҳиссасига тўғри келади

2026-йил 1-октябр ҳолатига активлари 10 млрд сўмдан юқори бўлган 86 та ташкилотнинг жами активлари 21,54 трлн сўмга етган. Бу барча ММТлар активларининг қарийб 99 фоизига тенг. Қолган 56 та ташкилотнинг жами активлари эса 216,1 млрд сўмни ташкил қилган.

1

Активлар ҳажми бўйича биринчи ўринда TEZCOIN турибди. Унинг жами активлари 8,05 трлн сўм. Бу микромолия ташкилотлари умумий активларининг қарийб 37 фоизига тенг. Қуйида активлари ҳажми бўйича энг йирик ММТ келтирилган:

2

Рўйхатдаги ташкилотлар орасида энг йирик активга эга TEZCOIN активлари иккинчи ўриндаги SHAFFOF-MOLIYA қийматидан қарийб 4,8 баробар юқори. Қолганларида эса активлар ҳажми 346,8 млрд сўмдан 1,5 трлн сўмгача бўлган.

ММТлар мажбуриятлари 17,3 трлн сўмга етди

Микромолия ташкилотларининг жами мажбуриятлари 2026-йил 1-октябр ҳолатига кўра 17,27 трлн сўмга етган. Бир йил аввал қиймат 6,93 трлн сўм эди, яъни мажбуриятлар қарийб 2,5 баробар ошган. Активлар эса шу даврда 2,2 баробар ўсган.

Мажбуриятларнинг асосий қисми кредитлар, қарзлар ва лизинг бўйича тўловларга тўғри келади. Бу йўналишдаги мажбуриятлар 13,72 трлн сўм бўлиб, жами мажбуриятларнинг 79,5 фоизини ташкил этган. Бир йил аввал улар 5,84 трлн сўмга тенг эди.

Бошқа мажбуриятлар 2,94 трлн сўмни ташкил қилиб, ўтган йилга нисбатан 3,3 баробар кўпайган. Ҳисобланган фоиз тўловлари бўйича мажбуриятлар эса 556,2 млрд сўм бўлган.

Ташкилотлар капиталида фойда улуши ортмоқда

Микромолия ташкилотларининг жами капитали 4,49 трлн сўмга етган. Бир йил аввал у 2,97 трлн сўм эди, яъни капитал қарийб 1,5 баробар ўсган.

Капитал таркибида устав капитали ҳамон энг катта улушга эга. Унинг ҳажми 2,18 трлн сўм бўлиб, жами капиталнинг 48,6 фоизидир. Бироқ бир йил аввал бу улуш 57 фоиз атрофида эди. Бунинг ўрнига фойда ҳисобидан шаклланган маблағлар улуши ортган.

Жорий йил фойдаси 1,13 трлн сўмга, тақсимланмаган фойда эса 1,02 трлн сўмга етган. Иккаласи биргаликда жами капиталнинг 47,8 фоизини ташкил этади. Ўтган йилга нисбатан уларнинг ҳар бири қарийб 1,9 баробар кўпайган.

Капитал ҳажми бўйича ташкилотлар ўртасида тафовут катта. 142 та ММТнинг 49 тасида капитал 10 млрд сўмдан ошган ва бу ташкилотлар жами капиталнинг 92,1 фоизини жамлаган.

ММТларда муаммоли кредитлар улуши 2,7 фоиз

2026-йил 1-октябр ҳолатига жами кредит портфели 20,1 трлн сўмни ташкил этган. Шундан 533,7 млрд сўми ёки 2,7 фоизи муаммоли кредитлар ҳиссасига тўғри келган.

Бир ой аввал, яъни 2026-йил 1-сентябр ҳолатига микромолия ташкилотларининг жами кредит портфели 18,64 трлн сўмни, муаммоли кредитлар эса 455,8 млрд сўм эди. Ўтган бир ой ичида кредит портфели 1,46 трлн сўмга, муаммоли кредитлар ҳажми эса 77,9 млрд сўмга ошган. Натижада муаммоли кредитлар улуши 2,4 фоиздан 2,7 фоизга кўтарилган.

Айрим ташкилотларда эса бу улуш 50 фоиздан ҳам юқори. Хусусан, SILVER FINANCE’да 69,1 фоиз, YANGI FINANCE’да 62,9 фоиз, NAYUTA’да 58,9 фоизни ташкил қилган.

Жадвалдаги ташкилотлар орасида муаммоли кредитлар суммаси энг юқори бўлгани YANGI FINANCE ҳисобланади. Унинг 56,6 млрд сўмлик кредит портфелидан 35,6 млрд сўми муаммоли кредитлар. Бошқа ташкилотларда эса муаммоли кредитлар улуши юқори бўлса-да, уларнинг суммаси 1 млрд сўмга ҳам етмайди.

Йирик ташкилотларда бу улуш нисбатан пастроқ. Жумладан, KORONA’да 5,7 фоиз, OLTIN YULDUZ PLUS’да 5,6 фоиз, SHAFFOF-MOLIYA’да 4,1 фоиз, TEZCOIN’да 1,6 фоиз ва TBC CREDIT’да 0,8 фоизни ташкил этган.

3

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ микромолия ташкилотларининг активлари 20,8 трлн сўм, кредит портфели эса 18,64 трлн сўмга етгани ҳақида ёзган эдик. Ўшанда муаммоли кредитлар улуши 2,4 фоизни ташкил этганди.

Теглар

Мавзуга оид