
Азиз Абдуҳакимовнинг чап қўлидаги татуировка: у нимани англатади?
Ижтимоий тармоқнинг айрим фойдаланувчилари ушбу белги асосида уни турли оқимларга мансубликда айблаган бўлса, баъзилар ҳаттоки унинг номенклатурада қолиши учун «рамзий белгилар» билан боғлаган.

Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси раиси Азиз Абдуҳакимовнинг қўлида пайдо бўлган татиуровка сўнгги кунларда ижтимоий тармоқларда турли муҳокамаларга сабаб бўлмоқда.
Баъзи фойдаланувчилар ушбу белги асосида уни турли оқимларга мансубликда айблаган бўлса, айримлар ҳаттоки унинг номенклатурада қолиши учун «рамзий белгилар» билан боғлаган.
Vaqt.uz мухбирининг аниқлик киритишича, татиуровканинг ҳеч қандай оқим, ташкилот ёки сиёсий рамзий маънога алоқаси йўқ. Белги шунчаки Абдуҳакимовнинг яқинда Бразилиянинг Белен шаҳрида ўтган COP30 иқлим конференциясидаги иштироки билан боғлиқ.
Амазонка минтақасида қадимдан меҳмонларга меҳмондўстлик рамзи сифатида шундай татиуровка чизиш анъанаси мавжуд экан. Меҳмон томонидан ушбу рамзни қабул қилиш ҳам ўз навбатида маҳаллий халқларга ҳурмат, уларнинг қадриятларига эҳтиром ифодаси сифатида талқин этилади.
Татиуровка тананинг турли қисмларига чизилиши мумкин. Турли интернет сайтларда тарқалган мисоллар орқали айрим давлат вазирларининг рамзни ўзининг юзига чиздирганини ҳам кўриш мумкин. Абдуҳакимов эса рамзни қўлига чиздиришни маъқул кўрган. Мазкур татиуровка 10–15 кун давомида сақланади ва вақт ўтиши билан ўзи йўқолади.
Маълумот учун, COP30 (Conference of the Parties) — БМТнинг Иқлим ўзгариши бўйича Конвенциясига аъзо давлатлар иштирокидаги йирик халқаро анжумандир. У илк бор 1992 йилда Рио-де-Жанейрода ташкил этилган бўлиб, унда давлатлар ҳукуматлари, экспертлар, бизнес вакиллари ва фаоллар иқлим ўзгаришлари ва уларга қарши кураш масалаларини муҳокама қилади.
Аввалроқ, COP31 иқлим конференцияси келгуси йили Туркиянинг Истанбул шаҳрида ўтиши ва унда 196 давлат етакчиси иштирок этиши мумкинлиги ҳақида хабар берган эдик.
Теглар






