add

Бангладешда собиқ бош вазир ўлим жазосига ҳукм этилди

Бугун 16:571832

Бангладешда ўтган йили бўлиб ўтган ҳукуматга қарши намойишларда қон тўкилгани учун собиқ бош вазир Шайх Ҳасина ва унинг ички ишлар вазири ўлим жазосига ҳукм қилинди.

Бангладешда собиқ бош вазир ўлим жазосига ҳукм этилди

Даккадаги махсус суд томонидан чиқарилган ҳукмга кўра, Шайх Ҳасина ва Асадуззамон Хон Камол 2024 йилда талабалар бошчилигида бошланган ва минглаб одамлар ўлимига олиб келган намойишларда «инсониятга қарши жиноятлар»да айбдор деб топилди. Ҳасина намойишчиларга қарши ўлимга олиб келувчи қуролларни ишлатишга буйруқ бергани учун ҳам жавобгар ҳисобланди.

Суд жараёнида собиқ полиция бошлиғи Абдулла ал-Мамун эса судга ёрдам кўрсатгани ва моддий далилларни тақдим этгани учун 5 йиллик қамоқ жазоси билан чекланди. Ўлим жазоси эълон қилинган пайтда суд залида ва ташқарисида шовқин ва қарсаклар янгради, айримлар айбдорлар дарҳол қатл этилишини талаб қилди.

Шайх Ҳасина суд ҳукмини «сиёсий интиқом» ва «адолатсиз» деб баҳолади. Унинг сўзларига кўра, ҳозирги суд органлари қонуний мандатга эга бўлмаган ҳукумат томонидан тузилган. «Бу қарорлар бир томонлама ва сиёсий манфаатлар билан илҳомланган», деди у.

Эслатиб ўтамиз, 2024 йилнинг ёзида Бангладешда мустақиллик уруши қатнашчиларининг авлодлари учун квота тизимига қарши кенг қамровли намойишлар бўлиб ўтган, талабалар бошчилигидаги харакатлар бутун мамлакат бўйлаб ёйилиб кетган эди. 5 август куни полиция ва намойишчилар ўртасидаги тўқнашувлардан сўнг Шайх Ҳасина истеъфо бериб, Ҳиндистонга қочган. Кейинчалик муваққат ҳукумат тузилган ва унга Нобел мукофоти соҳибидан бири Муҳаммад Юнус раҳбарлик қилаётгани эълон қилинганди.

Бангладеш Соғлиқни сақлаш вазирлигига кўра, намойишларда 621 киши ҳалок бўлган. Бирлашган Миллатлар Ташкилоти эса бу кўрсаткични тахминан 1400 деб баҳолаган.

Теглар

Мавзуга оид

Бангладешда собиқ бош вазир ўлим жазосига ҳукм этилди | Vaqt.uz