«Бир қадам олдинга, икки қадам орқага» — Юлий Юсупов янги солиқ ислоҳотини танқид қилди
Янги солиқ ислоҳотлари кичик бизнес учун қатор енгилликларни назарда тутса-да, иқтисодчи Юлий Юсупов уларнинг айрим жиҳатлари мамлакатни 2019 йилгача амал қилган солиқ тизимига қайтариши ва бизнес учун янги хавфларни юзага келтириши мумкинлигини таъкидлади.

Президент томонидан кичик бизнесни қўллаб-қувватлашга қаратилган янги солиқ чоралари тасдиқланганидан сўнг, иқтисодчи Юлий Юсупов ислоҳотларнинг айрим жиҳатларини танқид қилди. Унинг фикрича, айрим енгилликлар ижобий баҳоланиши мумкин бўлса-да, энг муҳим ўзгаришлар мамлакатни 2019 йилгача амал қилган солиқ тизимига қайтариш хавфини туғдирмоқда.
Юсуповнинг эътиборини тортган энг муҳим жиҳатлардан бири — қарорларнинг жамоатчилик ва экспертлар муҳокамасисиз, амалда бир кун ичида қабул қилингани бўлди. Унинг фикрича, иқтисодиёт ва бизнесга таъсир қиладиган бундай муҳим ўзгаришлар кенг муҳокама қилиниши керак эди.
«Мен бундай муҳим ҳужжатлар ҳеч қандай жамоатчилик муҳокамасисиз, сўзма-сўз бир кунда — президентга тақдим этилган куни қабул қилинганини эслай олмайман. Бу 2017 йилдан, яъни норматив ҳужжатлар лойиҳалари электрон шаклда эълон қилиниб, жамоатчилик муҳокамасидан ўтказила бошланганидан бери давлат бошқаруви тизимимизда мутлақо принципиал жиҳатдан янги ҳолатга ўхшайди», деб ёзмоқда иқтисодчи.
Бундан ташқари, иқтисодчи айрим қарорлар президент ваколати доирасидан ташқарида бўлиб, парламент томонидан кўриб чиқилиши кераклигини қайд этади.
«Шуни ҳам қайд этаман: қабул қилинган қарорларнинг бир қисми президент ваколати доирасидан ташқарига чиқади ва фақат парламент даражасида қабул қилиниши мумкин. Аммо бундай расмиятчиликлар, албатта, аллақачон ҳеч кимни ташвишлантирмай қўйган. Парламент ҳам Конституциявий суд билан бирга, албатта, эътироз билдирмайди. Фақат бир овоздан маъқуллайди», дейди у.
Муаммо лимитда эмас, ҚҚС тизимининг ўзида
Янги фармонга кўра, 2026 йил 1 июндан кичик бизнеснинг умумий солиқ режимига ўтиш чегараси 1 миллиард сўмдан 5 миллиард сўмгача оширилади. Фармонда бу кўрсаткич базавий ҳисоблаш миқдорининг 12 минг баравари, яъни 4,95 миллиард сўм этиб белгиланган.
Юлий Юсуповнинг фикрича, лимитни ошириш мантиқан тўғри бўлиши мумкин, чунки ушбу мезон 2019 йилда жорий қилинган ва бу давр ичида инфляция нархларга таъсир кўрсатган. Бироқ иқтисодчи асосий муаммо ўтиш чегарасининг пастлигида эмаслигини таъкидлайди.
Унга кўра, муаммо биринчи навбатда иқтисодиётнинг айрим тармоқларида соддалаштирилган ва умумий солиқ режимлари ўртасидаги солиқ юкининг кескин фарқ қилаётганида. Иккинчи муаммо эса ҚҚСнинг тадбиркорлар учун амалда босим воситасига айланганидир.
Юсупов ҚҚС тўловчиси гувоҳномаларининг турли баҳоналар билан бекор қилиниши, «светофор» тизими, ҚҚСни қайтаришдаги мураккабликлар, турли кешбек механизмлари, камерал текширувлар ва солиқ органларининг бошқа амалиётлари натижасида ҚҚС бизнес вакиллари назарида обрўсизланганини қайд этади.
Иқтисодчининг фикрича, бу муаммони лимитни ошириш билан эмас, балки ҚҚСнинг дифференциал ставкаларини жорий этиш, фойда ва дивиденд солиқларини бирлаштирувчи тақсимланадиган фойда солиғига ўтиш ҳамда молия органлари томонидан юзага келтирилган маъмурий босим ва «солиқ бошбошдоқлиги»ни тугатиш орқали ҳал қилиш керак эди.
«Аммо биз муаммоларнинг сабабларини эмас, оқибатларини бартараф этишга ўрганиб қолганмиз. Шу сабаб ҚҚСни узил-кесил кўмишга қарор қилдик», — дейди у.
«Соддалаштирилган ҚҚС» ёки эски тизимга қайтиш?
Янги фармон билан умумий овқатланиш, савдо ва хизмат кўрсатиш соҳалари учун ҚҚС тўлашнинг «соддалаштирилган тартиби» жорий этилмоқда. Унга кўра, тадбиркорлар ўз танловига қараб 6 фоизлик «соддалаштирилган ҚҚС»ни тўлаб, фойда солиғидан озод бўлиши ёки амалдаги умумий солиқ режимида қолиши мумкин.
Юсуповнинг қайд этишича, бу амалда яна бир янги солиқ режими пайдо бўлишини англатади. Фармондаги изоҳларга кўра, «соддалаштирилган ҚҚС» тўловчиси илгари тўланган ҚҚСни ҳисобга ололмайди, бироқ у тўлаган солиқ қўшилган қиймат занжиридаги кейинги бўғин томонидан ҳисобга олиниши мумкин.
Иқтисодчи бу тизим моҳиятан айланмадан олинадиган солиқ эканини айтади. Чунки хизмат кўрсатиш, савдо ва умумий овқатланиш соҳаларида кўпинча қўшилган қиймат занжирининг давоми бўлмайди.
Шу боис Юсупов бу қарорни 2019 йилги солиқ ислоҳотларидан олдинги тизимга қайтиш сифатида баҳолайди.
«Шундай қилиб, 2026 йилда биз айланмадан олинадиган солиқнинг тўлиқ ҳукмронлигига, яъни 2019 йилги ислоҳотгача бўлган ҳолатга қайтяпмиз — ўшанда ҚҚС тўловчилари барча корхоналарнинг тахминан 3 фоизини ташкил этарди. Табриклайман! Ва бундай радикал ислоҳот ҳеч қандай жамоатчилик муҳокамаси ва эксперт баҳоловисиз ўтказилди. Ақл бовар қилмайди».
Юсупов айланмадан олинадиган солиқни давлат молияси тарихидаги энг зарарли механизмлардан бири деб ҳисоблайди. Унинг изоҳлашича, бундай тизимда маҳсулот ишлаб чиқариш ва сотиш занжирининг ҳар бир босқичида қайта солиқққа тортилади. Натижада узун ишлаб чиқариш занжирлари иқтисодий жиҳатдан самарасиз бўлиб қолади, маҳсулот таннархи ошади ва юқори қўшилган қийматга эга ишлаб чиқариш ривожланмайди.
Иқтисодчи янги схемада бу камчилик қисман юмшатилгандек кўринса-да, савдо секторининг янги режимга киритилиши вазиятни тубдан ўзгартиришини таъкидлайди. Чунки савдо орқали реализация қилинадиган деярли барча якуний истеъмол товарлари бўйича ҚҚС занжири қадрсизланади. Натижада ҚҚС тўламайдиган ва фойда солиғидан ҳам озод этилган корхоналар устунликка эга бўлиб қолади.
Бу эса, Юсуповнинг фикрича, аллақачон обрўсизланган ҚҚС тизимидан янада кўпроқ корхоналарни воз кечишга ундаши мумкин.
«Йирик солиқ тўловчилар» ким?
Иқтисодчи яна бир жиҳатга эътибор қаратади. Фармонга кўра, давлат улуши 50 фоиз ва ундан ортиқ бўлган корхоналар ҳамда «йирик солиқ тўловчилар» янги режимдан фойдалана олмайди.
Юсупов «йирик солиқ тўловчи» тушунчасига изоҳ берилмаганини қайд этади. Шу билан бирга, у мазкур чеклов амалда бизнесни майдалашга ундовчи сигнал сифатида қабул қилиниши мумкинлигини таъкидлайди.
«Аммо бу чекловда деярли очиқ матн билан ёзилган чақириқ сезилади: БЎЛИНИНГ! Йирик солиқ тўловчи бўлманг ва ҚҚСга аралашманг».
Иқтисодчи хулосасига кўра, қабул қилинаётган ўзгаришлар мамлакатни айланмадан олинадиган солиқлар ҳукмрон бўлган 2019 йилгача бўлган модель томон қайтармоқда. Унинг фикрича, бундай кескин бурилиш жамоатчилик ва экспертлар муҳокамасисиз амалга оширилаётгани эса алоҳида хавотир уйғотади.
Ниҳоят бекор қилинаётган «абсурд нормалар»
Юлий Юсупов янги фармонда айрим ижобий қарорлар ҳам мавжудлигини қайд этади. Хусусан, меҳмонхоналар ва умумий овқатланиш корхоналарига алкоголь ва тамаки маҳсулотларини нақд пулга сотишга яна рухсат берилиши шулар жумласидан.
Иқтисодчининг фикрича, бу аввал жорий этилган ва Фуқаролик кодекси нормаларига зид бўлган тартибнинг бекор қилинишини англатади. Бироқ у ушбу ўзгариш барча бизнес ва товар тоифаларига татбиқ этилмаётганига ҳам эътибор қаратади.
«Худога шукр. Фуқаролик кодексига зид бўлган аввал жорий этилган абсурд норма бекор қилинмоқда, тўғри, бизнес ва товарларнинг барча тоифалари учун эмас. Ҳар ҳолда нимадир».
Юсупов ижобий баҳолаган яна бир қарор — ҚҚС тўловчиси гувоҳномасини вақтинча тўхтатиб туриш амалиётининг бекор қилинишидир. Унинг таъкидлашича, ушбу механизм 2020 йилдан буён солиқ маъмурчилигидаги энг баҳсли воситалардан бири бўлиб келган.
Иқтисодчи бу амалиётни конституцияга зид, ноқонуний ва тадбиркорлик фаолиятига жиддий салбий таъсир кўрсатган механизм сифатида баҳолайди. Шу сабабли унинг бекор қилиниши кечиккан бўлса-да, муҳим қадам ҳисобланади.
«Бу 2020 йилдан бери солиқ бошбошдоқлигининг энг ёввойи, конституцияга зид, ноқонуний ва абсурд воситаларидан бири эди. Мана, ниҳоят, бу восита солиқчиларнинг қўлидан олинди. Албатта, кеч бўлса ҳам ҳечдан яхши. Аммо бу восита умуман қўлланмаганида янада яхши бўларди».
ҚҚСни қайтариш муаммоси ҳал бўладими?
Фармон билан молия органларига ҚҚС бўйича салбий тафовутларни автоматик қайтариш механизмини ишлаб чиқиш ва жорий этиш топширилди.
Бироқ Юсупов бу масалада эҳтиёткор оптимизм билдирмоқда. Унинг қайд этишича, ҚҚСни қайтариш билан боғлиқ муаммолар ҳақида йиллар давомида гапирилмоқда, бу масалани ҳал этиш бўйича кўплаб топшириқлар ҳам берилган. Шунга қарамай, муаммо ҳануз сақланиб қолмоқда.
Иқтисодчи бунинг ўзиёқ тизимли муаммо мавжудлигини кўрсатишини таъкидлайди. Унинг фикрича, давлат органлари ортиқча тўланган маблағларни бизнесга қайтариш масаласида доим ҳам фаол позиция тутмаган.
«ҚҚСни қайтариш муаммолари ҳақида саноқсиз йиллардан бери гапирилмоқда ва худди шунча йилдан бери бу муаммони ҳал қилиш бўйича топшириқлар берилмоқда. Ва агар у яна нечанчидир марта юзага чиқаётган бўлса, демак, уни ҳеч қандай ҳал қилиб бўлмаяпти. Кўрамиз, бу сафар президентнинг навбатдаги қарорини амалга ошириш қандай бўлар экан».
Кичик бизнес учун янги енгилликлар
Фармонда кичик бизнес ва умумий овқатланиш соҳаси учун солиқ маъмурчилигини соддалаштиришга қаратилган бир қатор чоралар ҳам назарда тутилган.
Юсуповнинг фикрича, бу қарорлар тадбиркорлар томонидан узоқ вақтдан бери кўтариб келинаётган муаммоларга жавоб бўлиши мумкин. У ҳатто бу ўзгаришларни яқинда тадбиркор Тимур Мусин томонидан бизнесини сотувга қўйиш ҳақидаги шов-шувли баёнотлар билан ҳам боғлайди.
Янги тартибга кўра, кичик бизнес субъектларига солиқ ҳисоботларида йўл қўйилган хатоларни мустақил равишда тузатиш имконияти берилади. Бундан ташқари, эндиликда 500 миллион сўмгача бўлган солиқ хавфи мавжуд бўлса, солиқ аудити, 100 миллион сўмгача бўлган хавф аниқланса эса, сайёр солиқ текшируви ўтказилмайди.
Иқтисодчи бу чораларни бизнес учун маъмурий босимни камайтиришга қаратилган қадамлар сифатида баҳолайди.
Жамоатчилик муҳокамасисиз қабул қилинган ислоҳот
Шунга қарамай, Юсупов назарида энг катта муаммо алоҳида бандларда эмас. Унинг фикрича, иқтисодиёт ва бизнес муҳити учун муҳим бўлган бундай қарорлар жамоатчилик ва экспертлар муҳокамасисиз қабул қилинган.
Иқтисодчи иқтисодий сиёсатдаги бундай ёндашув бизнес учун хавотирли сигнал эканини таъкидлайди.
«Қабул қилинган қарорларнинг энг асосий муаммоси ҳақида яна бир бор: улар ҳеч қандай жамоатчилик ва экспертлар муҳокамасисиз, кулуарларда, сўзма-сўз бир кун ичида қабул қилинди. Ўйлайманки, бу иқтисодиёт ва бизнес учун жуда ёмон сигнал».
Теглар






