add

Бишкекда қурилиш кўпайганига қарамасдан, уй-жой нархлари ошмоқда

Бишкекда ҳозирча тарихда кузатилмаган даражада кўп қурилиш ишлари кетмоқда. Бироқ шу билан бирга уй-жой нархлари ҳам ошишда давом этмоқда.

Бишкекда қурилиш кўпайганига қарамасдан, уй-жой нархлари ошмоқда

Ташқи томондан қараганда бу мантиқан тўғри келмаслиги мумкин, лекин бозорнинг ички механизми анча мураккаб. Бўй кўрсатиб турган осмонўпар кранлар метр квадратлар нархининг тушишини англатмайди, чунки таклиф ошиши нархларни тушира олмайди, агар талаб ундан ҳам тезроқ ўсиб борса ёки бу талаб реал яшаш эҳтиёжидан келиб чиқмаган бўлса.

Мутахассисларнинг фикрича, сўнгги йилларда нархларнинг ошишига асосий сабаб — инвестицион ва спекулятив талаб. Юқори инфляция, молиявий инструментлар етишмаслиги ва бошқа мустаҳкам омонат йўқлиги туфайли одамлар пулларини ҳимоя қилиш учун уй-жой сотиб олишга ўтишмоқда. Кўп ҳолатда фуқаролар лойиҳанинг ерга қозиқ урилган илк босқичидаёқ бир нечта квартира харид қилишмоқда. Ушбу уйлар бўш турса-да, бозорда етишмовчилик тасаввурини яратади. Бунга Россиядан келаётган капитал ва мигрантлар юборган маблағлар ҳам қўшилади. Бишкек кўплар учун бизнес ёки маблағни ўтказишга қулай юрисдикцияга айланган.

Иккинчи омил — таклиф тузилиши. Шаҳарда кўпинча қулайликлар билан таъминланган («комфорт») уйлар қурилмоқда, аммо оддий, аҳоли учун етарли ва арзон уйлар деярли йўқ. Йигит-қизлар ёки ўрта даромадли аҳоли учун мўлжалланган уйлар камчиликни ташкил қилади. Қиммат турадиган кўп қаватли уйлар миқдор жиҳатдан кўпаймоқда, лекин бу иқтисодий сегментдаги нархларга таъсир қилмаяпти.

Шу билан бирга қурилиш материаллари, муҳандислик тизимлари ва импорт ускуналар нархи ошиб бормоқда. Қурилиш учун ер қиймати ҳам ўсишда. Шу боис метр квадратнинг таннархи ошиб, қурилиш компаниялари буни нархга қўшиб қўймоқда.

8 фоизлик давлат ипотека дастури эса талабни янада оширмоқда. Уй-жой кредити арзонлашса, харидорлар сони кўпаяди, бу эса автоматик равишда нархларни юқорига ўрлатмоқда. Натижада ижтимоий дастур орқали аҳолига ёрдам бериш ўрнига, нархлар янада юксаётганини кўриш мумкин.

Бунда давлат учун ҳам фойда бор: қурилиш ҳисобига ЯИМ ўсмоқда, солиқ тушумлари ортиб, банклар қиммат активлар билан таъминланмоқда. Ҳар қанча ғалати туюлмасин, бу ҳукумат бозорни атайлаб қиздиряпти, дегани эмас. Аммо Қирғизистон иқтисодиётида уй-жой нархларининг ўсиши иқтисодий фаолликнинг аломати сифатида қабул қилинади. Қисқа муддатли манзарада бу сиёсий ва иқтисодий ҳисоботлар учун қулай.

Агар нархлар тушса-чи?

Бундай ҳолатда оқибатлар пасайиш даражасига қараб фарқланади. Агар нархлар озроқ тушса, қурувчилар фақат маржани қисқартиради, ободонлаштиришни чеклайди ёки янги лойиҳаларни кечиктиради.

Аммо нархлар 20 фоиз пасайса ҳолат сезиларли ўзгаради. Кичик қурилиш компаниялари бозордан чиқиб кетади, муаммоли объектлар кўпаяди, баъзи бинолар коммуникациясиз қолиб кетади. Банклар ипотека талабларини кучайтиради, гаров ва бошланғич тўлов учун талабларни оширади. Бундай вазиятда уйни қимматга олганлар оғир аҳволда қолади: квартира нархи тушади, лекин ипотека ўзгармасдан қолади. Натижада бозорга ишонч пасаяди, истеъмол қисқаради. Айни пайтда қурилиш ЯИМ ўсишининг 30 фоизини ташкил этади, шундай экан, нархлар пасайиши бутун иқтисодиётга зарба беради.

Теглар

Мавзуга оид

Бишкекда қурилиш кўпайганига қарамасдан, уй-жой нархлари ошмоқда | Vaqt.uz