add

«Бизнес ҳамроҳ» марказлари 2026 йил мартдан ишга тушади

Бугун 16:152322 дақиқа

Ушбу марказлар дастлабки босқичда Тошкент ва Нукус шаҳарларида ҳамда вилоятлар марказларида 1 тадан ташкил этилади.

«Бизнес ҳамроҳ» марказлари 2026 йил мартдан ишга тушади

Президентнинг «Тадбиркорлик субъектларига давлат ва хусусий хизматларни комплекс кўрсатиш тизимини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПҚ–375-сонли қарори билан Ўзбекистонда «Бизнес ҳамроҳ» лойиҳасини жорий этиш белгиланди. Унга кўра, 2026 йил 1 мартдан тадбиркорлик фаолиятига оид давлат хизматлари ва айрим хусусий хизматлар тадбиркорларга «ягона дарча» тамойили асосида тақдим этилади.

Қарордан кўзланган асосий мақсад — тадбиркорлар фаолиятига тўлақонли ҳамроҳлик қилиш тизимини шакллантиришдир. Бу 1000 дан ортиқ давлат ва хусусий хизматларни бир жойда кўрсатиш, тадбиркорларнинг масалалари ва муаммоларини эшитиш, муҳокама қилиш ҳамда жойида ҳал этишга қаратилган сифат жиҳатдан янги майдончани яратишни назарда тутади.

«Бизнес ҳамроҳ» лойиҳаси доирасида тадбиркорларга давлат, профессионал, консалтинг, молиявий, инжиниринг, маркетинг, медиа, IT ва операцион хизматлар комплекс тарзда тақдим этилади. Бу хизматлар бизнесни очишдан тортиб уни ривожлантириш ва кенгайтиришгача бўлган барча босқичларни қамраб олиши кутилмоқда.

Лойиҳа доирасида Савдо-саноат палатаси ҳузурида ташкил этиладиган масъулияти чекланган жамият томонидан бошқариладиган «Бизнес ҳамроҳ» марказлари фаолияти йўлга қўйилади. Ушбу марказлар тадбиркорлар учун ягона алоқа нуқтаси вазифасини бажаради.

Дастлабки босқичда «Бизнес ҳамроҳ» марказлари Тошкент ва Нукус шаҳарларида, шунингдек барча вилоятлар марказларида биттадан ташкил этилади. Кейинчалик хизматлар қамрови ва ҳудудий тармоқ кенгайтирилиши мумкин.

Қарорга мувофиқ, 2026 йил 1 мартдан ижро этувчи ҳокимият органлари раҳбарларининг тадбиркорлар билан тизимли мулоқоти йўлга қўйилади. Улар ҳар чоракда тасдиқланган режа-график асосида ҳудудларда “Бизнес ҳамроҳ” марказларида учрашувлар ўтказади, режа-графиклар эса очиқ тарзда электрон платформа ва расмий сайтларда эълон қилинади. Бу тадбиркорларга раҳбарлар билан мулоқотни олдиндан режалаштириш имконини беради.

Шу билан бирга, платформа орқали бир чоракда муайян ҳудуддан камида 10 та мурожаат келиб тушса, тегишли раҳбар кейинги чорак режасига ушбу ҳудудда учрашув ўтказишни киритади. Учрашувларда кўтарилган масалалар ва Call маркази орқали келган мурожаатлар “Тадбиркор виртуал офиси” порталига киритилади, “Бизнес ҳамроҳ” марказлари эса давлат хизматлари марказлари биноларида жойлаштирилади.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ президент ҳузуридаги тақдимотда тадбиркорлар учун барча давлат ва хусусий хизматларни бир жойга жамлайдиган «Бизнес ҳамроҳ» марказларини очиш таклиф қилинган эди.

Теглар

Мавзуга оид