Боксчилардан «шедевр» натижа, исломий банк фаолияти учун қонун лойиҳаси ва озодликка чиққан Азиз Воитов — 15 сентябр дайжести
15.09.2025 | 22:0010 дақиқа
Кун давомида Ўзбекистонда юз берган воқеалар ва ҳодисалар, ёритилган янгиликлар ва хабарларнинг энг муҳимларини яна бир бор эсга оламиз.

Бокс бўйича жаҳон чемпионати: ўзбек боксчилари 8 та финалда 6 та олтин медал қўлга киритишди
Англиянинг Ливерпул шаҳрида бўлиб ўтган жаҳон чемпионатида ўзбек боксчилари катта муваффақиятга эришишди. Улар 8 финалдан 6 тасида олтин, 2 тасида эса кумуш медални қўлга киритди. Асадхўжа Мўйдинхўжаев, Жавоҳир Умматалиев, Тўрабек Ҳабибуллаев, Абдумалик Халоқов, Акмалжон Исроилов ва Фазлиддин Эркинбоев финалларда ишончли ғалабага эришди. Шу тариқа, терма жамоа жами 11 та медал (6 олтин, 2 кумуш, 3 бронза) билан мусобақани якунлади.
Аёллар ўртасида эса Навбаҳор Ҳамидова финалда қозоғистонлик рақибасига ютқазиб, кумуш медалга эга бўлди. Сабина Бобоқулова, Феруза Казакова ва Азиза Зокирова яримфиналда мағлуб бўлиб, бронза билан тақдирланишди. Медаллар сони бўйича Ўзбекистон биринчи, сифати жиҳатидан эса қозоғистонлик боксчилардан кейин иккинчи ўринни эгаллади.
Экология вазирлиги 20 та корхона ишини тўхтатди
2025 йил январ—август ойларида Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги томонидан ўтказилган текширувлар натижасида 281 та қонунбузарлик аниқланди. Улардан 20 та объект фаолиятини вақтинча тўхтатиш бўйича судга ариза киритилди. 12 та ишчи гуруҳ иштирокида 1452 та объект хатловдан ўтган, 174 та тунги рейд амалга оширилган. Шу жараёнда 154 шахсга нисбатан маъмурий баённома расмийлаштирилган ва 179 та ҳуқуқбузарлик бартараф этилган. Шу билан бирга, қатор корхоналарда замонавий қозонлар, фильтрлар ва чанг тозалаш ускуналари ўрнатилган.
Маълумотларга кўра, фақатгина Тошкент шаҳри ва вилоятидаги 1233 йирик саноат корхонаси 5 миллион тоннадан зиёд кўмир ҳамда 262 минг тонна мазут ишлатган. Ангрен ва Янги Ангрен ИЭСлари атмосферага 134 минг тонна чиқинди ташлаб, умумий кўрсаткичнинг қарийб 19 фоизини ташкил этган. Мутасаддилар таъкидлашича, кўмир ва мазутдан фойдаланиш ҳавога катта зарар келтираётгани учун фильтр ўрнатиш дастури 2028 йилдан 2026 йил сентябригача тезлаштирилди. Шунингдек, 11 сентябрда Президент Шавкат Мирзиёев иштирокидаги йиғилишда экологик хавфли корхоналарни пойтахтдан Тошкент вилоятига кўчириш масаласи муҳокама қилинди.
«Устюртда жуда катта газ захираси топилди» — Шавкат Мирзиёев
Қорақалпоғистоннинг Устюрт платосида 6,5 минг метр чуқурликка қадар олиб борилган қидирув ишлари натижасида мамлакат саноати тарихида илк бор йирик газ захираси топилди. Президент Шавкат Мирзиёев 15 сентябр куни бўлиб ўтган йиғилишда ушбу янгиликни эълон қилиб, бу топилма Ўзбекистоннинг углеводород салоҳияти янада кенгайиб бораётганини таъкидлади.
Давлат раҳбарига кўра, илгари геологик қидирувлар асосан 2,5–3 минг метр чуқурликда амалга ошириларди. Янги захира эса чуқур қатламларда ҳам катта имкониятлар мавжудлигини намоён этди. Мирзиёевнинг сўзларига кўра, глобал иқтисодиётда литий, теллур, селен, графит ва молибден каби технологик минералларга талаб ортиб бораётгани бу жараённи янада долзарб қилади.
Собиқ қишлоқ хўжалиги вазири Азиз Воитов озодликка чиқди, суд унга бошқа жазо тайинлади
15 сентябр куни Миробод туман суди собиқ қишлоқ хўжалиги вазири Азиз Воитовга ҳукм ўқиди. У Жиноят кодексининг бир нечта моддаларида айбли деб топилган бўлса-да, етказилган зарар тўлиқ қоплангани учун озодликка чиқди. Суд унга 3 йил давомида раҳбарлик ва моддий жавобгарлик лавозимларини эгаллаш ҳуқуқидан маҳрум этиш, 400 баравар миқдорда жарима ва 3 йилга ахлоқ тузатиш ишлари жазосини тайинлади.
Шу ишдаги яна бир асосий айбланувчи, Қишлоқ хўжалигида хизматлар кўрсатиш агентлиги собиқ директори Ҳамид Каримов 8 йил 6 ойга қамалди. Қолган 60 нафар айбланувчидан 9 нафари озодликдан маҳрум қилинди, 51 нафари эса турли енгилроқ жазоларга тортилди.
Ўзбекистонда исломий банк фаолияти учун қонун лойиҳаси тайёрланди
Ўзбекистонда исломий банк фаолияти учун қонун лойиҳаси ишлаб чиқилди. Унга кўра, мамлакатда исломий банклар ва махсус «дарча»лар ташкил этилиши мумкин бўлади. Масъуллар таъкидлашича, амалдаги чекловлар туфайли тижорат банклари тўғридан-тўғри исломий молия хизматларини таклиф эта олмаяпти. Лойиҳа парламентдаги бир нечта партия фракциялари йиғилишида муҳокама қилинди.
Исломий молия савдо ва шерикчилик асосида молиялаштиришни назарда тутади. Бироқ Ўзбекистонда тижорат банкларига бевосита савдо билан шуғулланиш ҳамда юридик шахсларни ташкил этишда иштирок этиш тақиқланган. Янги қонун бу чекловларни қайта кўриб чиқишни кўзда тутади. «ЎзЛиДеП» маълумотига кўра, қонун қабул қилиниши билан исломий молия институтлари халқаро AAOIFI ва IFSB стандартлари асосида ишлай олади.
«Миллий тикланиш» ва «Экологик партия» фракцияларида ҳам ҳужжат муҳокама қилинди. Таъкидланишича, қонун «яширин» иқтисодиёт улушини камайтириб, хорижий инвестициялар оқимини кучайтиради. UNDP сўровномасига кўра, Ўзбекистон аҳолисининг 68 фоизи ва бизнес вакилларининг 60 фоизи диний эътиқоди сабаб анъанавий банк хизматидан фойдаланишни истамайди.





