«Бу бир марталик акция эмас»: Саида Мирзиёева янги IPO'лар тайёрланаётганини маълум қилди

Бугун 12:383 дақиқа

Лондондаги UzNIF IPO'си ортидан Ўзбекистонда янги акция жойлаштирувлари бошланиши мумкин. Президент администрацияси раҳбари Саида Мирзиёева бу жараён мамлакатнинг глобал капитал бозорига интеграциясида муҳим босқич эканини таъкидлади.

«Бу бир марталик акция эмас»: Саида Мирзиёева янги IPO'лар тайёрланаётганини маълум қилди © Saida Mirziyoyevaning ijtimoiy tarmoqdagi sahifasi

Президент администрацияси раҳбари Саида Мирзиёева 18 май куни London Stock Exchange'да Ўзбекистон Миллий инвестиция жамғармаси — UzNIF'нинг глобал депозитар тилхатлари савдосига бағишланган маросимда иштирок этди.

Унинг сўзларига кўра, сўнгги тўққиз йил ичида Ўзбекистон ёпиқ иқтисодиётдан рақобатбардош ва сармоявий жозибадор мамлакатга айланди. Мирзиёева IPO нафақат капитал жалб қилиш воситаси, балки Ўзбекистонда шаклланаётган янги институтларга нисбатан халқаро ишончни мустаҳкамлаш механизми эканини қайд этди.

UzNIF таркибига энергетика, транспорт, молия ва саноат соҳаларидаги йирик компаниялар киритилган. Мирзиёева жамғарма замонавий Ўзбекистоннинг иқтисодий трансформацияси ва халқаро бозорлардаги амбицияларини акс эттиришини таъкидлади.

«Бу бир марталик акция эмас. Биз янги листингларни тайёрлаяпмиз, хусусий сектор иштирокини кенгайтирмоқдамиз ҳамда минтақамиз учун халқаро тан олинган ҳуқуқий стандартлар асосида фаолият юритадиган ишончли молиявий ва инвестициявий платформани шакллантиришдек улкан мақсад билан Тошкент халқаро молия марказини ташкил этмоқдамиз. Биз учун ўсишнинг нафақат ўзи, балки унинг сифати ҳам муҳимдир», — деди Саида Мирзиёева.

Шунингдек, Мирзиёева Franklin Templeton'га Ўзбекистон бозорига эрта босқичда билдирган ишончи учун миннатдорлик билдирди. У сармоядорлар, Лондон фонд биржаси ва британиялик ҳамкорларига ҳам ташаккур айтди.

Эслатиб ўтамиз, 2026 йил 18 май куни Тошкент фонд биржасида Миллий инвестиция жамғармаси (UzNIF) акциялари бўйича илк савдолар бошланди.

Маълумотларга кўра, жамғарма акцияларининг савдо ҳажми 1 млрд сўмдан ошишига бир ярим соат кифоя қилган. Тошкент вақти билан соат 12:40 ҳолатига кўра, савдолар ҳажми 3 млрд сўмга яқинлашди. Кун давомида UzNIF акциялари нархи 7,5 сўмгача кўтарилди ва жойлаштириш нархига нисбатан 70 фоиздан кўпроқ ўсишни қайд этди.

Бироқ, кейинчалик биржадаги оммавий сотув ортидан акциялар нархи пасайишни бошлади. Айни пайтда 1 дона акция нархи 6 сўм атрофида бўлиб, жойлаштириш нархи билан солиштирилганда ўсиш кўрсаткичи 20 фоизга яқин бўлиб турибди.

Лондон фонд биржасида UzNIF акциялари Global Depositary Receipt (ГДР) кўринишида чиқарилганди. 18 май ҳолатига кўра, GDR нарх 27,8 долларгача кўтарилди.

IPO доирасида GDR акциялари нархи 25 доллардан жойлаштирилган эди. Натижада UzNIF акциялари Лондон фонд биржасида 11 фоиздан кўпроққа ўсди. Шунга қарамай, айни пайтда нарх 27,60 доллар атрофида бўлиб турибди.

Акцияларни қандай сотиб олиш мумкин?

UzNIF акцияларини сотиб олишни хоҳловчилар учун брокер ёки инвест-платформа керак бўлади. Ҳозирда энг оддий йўл — мобил илова ёки брокер орқали ҳисоб очиш.

Савдолар Тошкент республика фонд биржасида амалга оширилади. Унда Jett, Avesto Investment, Freedom Finance каби брокерлар орқали қатнашиш мумкин.

Жараён одатда қуйидагича амалга оширилади:

Брокер ёки иловада аккаунт очиш; Паспорт/ЖШШИР билан рўйхатдан ўтиш; Ҳисобрақамни тўлдириш.

Кейин эса «UzNIF» тиккерини топиб, нечта акция олмоқчи бўлсангиз буюртма берасиз. Оддий акция коди — UZ705898.

IPO қандай ўтди?

UzNIF Ўзбекистондаги 13 та стратегик давлат активлари улушидан шакллантирилган. Улар орасида Uzbekistan Airways, SQB, Ўзбекистон темир йўллари каби йирик активлар бор.

13 май куни UzNIF IPO жараёнларини муваффақиятли якунлаб, акцияларнинг 31 фоизини 603,4 млн долларга сотгани маълум қилинганди.

Бунда акцияларнинг асосий сотуви Лондон фонд биржасига тўғри келди.

Теглар

Мавзуга оид