Бухорода стартаплар клуби тузилди. Клуб раҳбари вилоят ҳокимининг ўзи

Кеча 20:312 дақиқа

Вилоятдаги стартаперлар орасида мактаб ўқувчиси ҳам бор. Чўлда ёмғир сувларини йиғиш, мини АЭС каби стартаплар ишлаб чиқиляпти.

Бухорода стартаплар клуби тузилди. Клуб раҳбари вилоят ҳокимининг ўзи © Фото: Бухоро вилояти ҳокимлиги

Бухоро вилояти ҳокими Ботир Зариповнинг 17-апрелдаги тегишли қарори билан ҳоким раҳбарлигида вилоят «Стартаплар клуби» ташкил этилди.

Клуб таркиби 39 нафар аъзодан иборат бўлса, шундан 22 нафари вилоятдаги МЧЖлар раҳбарлари ёки таъсисчиларидир. Шунингдек, клуб аъзолари орасида вилоятдаги 4 та олийгоҳнинг ректорлари, вилоят ҳокимининг уч нафар ўринбосари ва давлат идоралари раҳбарлари бор.

Клуб нима қилади?

Ҳоким қарорида вилоят «Стартаплар клуби»нинг асосий вазифалари ҳам белгиланган:

стартап ташаббускорлари билан ҳар ойда камида бир маротаба очиқ мулоқотлар ва учрашувлар ўтказиш;

стартап лойиҳаларни амалга ошириш жараёнида давлат органлари билан юзага келаётган ташкилий, ҳуқуқий ва маъмурий муаммоларни аниқлаш ҳамда уларни бартараф этиш бўйича амалий чоралар кўриш;

ҳудуддаги йирик тадбиркорлик субъектлари, инвесторлар ва саноат корхоналарини стартап лойиҳаларга бириктириш орқали уларнинг молиявий ва амалий қўллаб-қувватланишини таъминлаш;

истиқболли ва инновацион ғояларни саралаш, уларни тижоратлаштиришга кўмаклашиш;

стартаплар фаолияти учун зарур инфратузилма, маслаҳат ва менторлик хизматларини ташкил этиш;

стартап ташаббускорларининг билим ва кўникмаларини ошириш мақсадида ўқув семинарлари, тренинглар ва мастер-класслар ташкил этиш.

Вилоятдаги стартаплар

Ҳужжатда 31 та стартап лойиҳалари кўрсатилган. Эътиборли жиҳати шундаки, стартаперлар орасида мактаб ўқувчиси ҳам бор. Бухоро туман 34-умумтаълим мактаби 10-синф ўқувчиси Муродов Жавоҳиршоҳ «Ақлли ҳасса» стартапини илгари сурган. Ҳоким қарорида ушбу стартап бошқалари каби вилоятдаги МЧЖлардан бирига бириктирилиши келтирилган.

Стартаплар орасида чўлда ёмғир сувларини йиғиш, баргдан қурилиш ва мебел учун ДСП ишлаб чиқариш, ҳарбий робот ит, мини АЭС, насос станцияларида сунъий интеллект асосида замонавий автоматик ҳимоя тизимини жорий этиш, шамолдан электр энергияси ишлаб чиқариш ва фойдаланиш кабилар ҳам бор.

Теглар

Мавзуга оид