Бухородаги 7,8 млрд долларлик 145 та лойиҳа: айримлари ишга тушди, қолганларининг қурилиши бошланди
Лойиҳаларнинг амалга оширилиши натижасида 14 мингдан ортиқ иш ўрни яратилиши, йилига 22 трлн сўмлик маҳсулот ишлаб чиқарилиши ва 510 млн долларлик экспорт имконияти пайдо бўлиши кутилмоқда.
© Foto: president.uzБухорода умумий қиймати 7,8 млрд долларлик 145 та лойиҳани ишга тушириш ва қурилишига старт бериш жараёнида президент Шавкат Мирзиёев иштирок этди. Давлат раҳбари сўнгги тўққиз йилда вилоятга 9,5 млрд долларлик хорижий инвестиция жалб қилиниб, 6 мингдан ортиқ янги ишлаб чиқариш қуввати ва 120 мингта доимий иш ўрни яратилганини айтди.
Нефт-кимё, тўқимачилик, қурилиш материаллари, машинасозлик, энергетика, тоғ-кон саноати, фармацевтика, рақамли технологиялар, логистика, қишлоқ хўжалиги, озиқ-овқат, уй-жой қурилиши, инфратузилма, хизмат кўрсатиш ва туризм соҳаларида умумий қиймати 7,8 млрд доллар бўлган 145 та лойиҳадан иборат дастур шакллантирилган. Шундан 654 млн долларлик 55 та лойиҳа 3-ноябр куни ишга туширилди, қиймати 7,1 млрд доллар бўлган яна 90 тасининг қурилиши бошланди.
Лойиҳаларда АҚШ, Канада, Германия, Япония, Жанубий Корея, Сингапур, Хитой, Ветнам, Туркия, Бирлашган Араб Амирликлари, Саудия Арабистони, Россия ва Ҳиндистон инвесторлари, Осиё тараққиёт банки, Осиё инфратузилма инвестициялари банки ҳамда маҳаллий тадбиркорлар иштирок этмоқда. Уларнинг амалга оширилиши натижасида 14 мингдан ортиқ иш ўрни яратилиши, йилига 22 трлн сўмлик маҳсулот ишлаб чиқарилиши ва 510 млн долларлик экспорт имконияти пайдо бўлиши кутилмоқда.
«Мақсадимиз битта — импорт ўрнини босадиган ва ташқи бозорларда талаб юқори бўлган маҳсулотлар ишлаб чиқариш», — деди президент.
Вилоятда энергетика соҳасида ҳам йирик қувватлар барпо этилмоқда. Сўнгги йилларда «яшил» энергетикага 2 млрд доллар жалб қилиниб, 1 минг мегаватт шамол ва 750 мегаватт қуёш электр станциялари, шунингдек, 63 мегаваттли энергия сақлаш тизимлари ишга туширилди. 601 километр магистрал электр тармоғи тортилди.
Хориж лойиҳалари
Ғиждувонда «ACWA» компанияси билан 300 мегаваттли «Бош-2» шамол электр станцияси, Жондорда «Toyota Corporation» ва Пешкуда «Sinoma» компаниялари иштирокида умумий қуввати 1 минг мегаватт бўлган шамол электр станцияларининг қурилиши давом этмоқда. Хитойлик ҳамкорлар билан Когон туманида маиший чиқиндилардан электр энергияси олишга қаратилган 165 млн долларлик лойиҳани амалга ошириш, Германиянинг «Leman» компанияси билан эса «Аму-Бухоро» канали насос станцияларининг барқарор ишлашини таъминлаш бўйича 150 млн долларлик лойиҳани йўлга қўйиш режалаштирилган.
Бухоро шаҳрида «Kurt Baver» бренди остида йилига 62 минг тонна маҳсулот ишлаб чиқарадиган тўқимачилик комплекси барпо этилади. Ромитанда хитойлик инвесторлар иштирокида қиймати 400 млн доллар бўлган пахта-тўқимачилик кластери ташкил этилмоқда. Ушбу лойиҳалар доирасида 9 минг гектар ерни ўзлаштириш ташаббуси ҳам илгари сурилган. Натижада юқори қўшилган қийматли маҳсулотлар улушини 65 фоизга етказиш ва қўшимча 100 млн долларлик экспорт имкониятини яратиш кўзда тутилган.
Марказда «Боқий Бухоро» маданий-этнографик парки, кўргазмалар зали, замонавий меҳмонхоналар, маданий ва кўнгилочар масканлар барпо этилади. Шунингдек, Бухоро шаҳрида «Indigo», «Holiday Inn» ва «Hilton» халқаро брендлари остида меҳмонхоналар ташкил этиш режалаштирилган.
«Бухорода қиймати 3 млрд долларлик 19 та йирик лойиҳани бошлаймиз. Агар бу ишларни тизимли ташкил қилсак, биргина Бухоронинг ўзида бемалол 5 млрд долларлик туризм хизматлари экспортини таъминлаймиз», — деди президент.
Келгуси беш йилда Бухоро вилояти аҳолисини тўлиқ ичимлик суви билан, йирик шаҳарлар ва туман марказларини эса канализация тармоғи билан таъминлаш мақсад қилинган. Халқаро ҳамкорлар билан умумий қиймати 633 млн доллар бўлган иккита йирик лойиҳа бошланган. Уларнинг ҳисобига 2 млн аҳолининг сув таъминоти яхшиланади, 781 минг нафар аҳоли илк бор ичимлик сувига эга бўлади.
Шунингдек, вилоятнинг транзит салоҳиятини уч карра оширишга қаратилган, қиймати 565 млн доллар бўлган еттита йўл лойиҳаси амалга оширилади.
Президент рамзий тугмани босиб, янги объектларни ишга туширди ва истиқболли лойиҳалар қурилишига старт берди. Хорижлик инвесторлар билан мулоқот бўлиб ўтди. Шу ернинг ўзида давлат раҳбари Бухоро инфратузилмасини 2027-йилда ўтказилиши режалаштирилган саммитларга пухта тайёрлаш юзасидан мутасаддиларнинг ахборотларини тинглади ва тегишли топшириқлар берди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Бухородаги туризм маркази битса, маҳаллий бюджетга тушадиган йиллик тушум қанча бўлиши айтилганди.





