Чакана ва улгуржи савдо товар айланмаси ҳажми маълум қилинди

Бугун 14:252 дақиқа

2026 йилнинг дастлабки тўрт ойида чакана савдо товар айланмаси ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 22,9 фоизга, улгуржи савдо айланмаси 12,7 фоизга ошди.

Чакана ва улгуржи савдо товар айланмаси ҳажми маълум қилинди © Vaqt.uz | Javhar Chorshanbiyeva

2026 йил январ–апрел ойларида Ўзбекистоннинг чакана савдо товар айланмаси қарийб 165,9 трлн сўмни ташкил қилди. Миллий статистика қўмитаси маълумотларига кўра, бу кўрсаткич 2025 йилнинг мос даврига нисбатан 22,9 фоизга юқори бўлган.

1 май ҳолатига кўра, республика бўйича чакана савдо соҳасида фаолият юритаётган тижорат корхоналари сони 101 минг 182 тага етган. Шундан фаолият кўрсатаётган йирик корхоналар сони 558 тани, кичик корхона ва микрофирмалар сони 100 624 тани ташкил этади.

1

Манба: Статистика қўмитаси

Улгуржи савдо товар айланмаси

Ҳисобот даврида улгуржи савдо товар айланмаси ҳам ижобий натижаларни қайд этди. Статистикага кўра, январ–апрел ойларида мазкур кўрсаткич 155,9 трлн сўмни ташкил қилди.

Бу эса ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 12,7 фоизлик ўсишни англатади. Улгуржи савдо сегменти иқтисодиётнинг турли тармоқлари ўртасида товарлар ҳаракатини таъминлашда муҳим ўрин тутади.

2026 йил 1 май ҳолатига республикада улгуржи савдо соҳасида фаолият кўрсатаётган тижорат корхоналари сони 57 минг 301 тани ташкил этган. Улардан 517 таси йирик корхоналар ҳисобланиб, қолган 56 минг 784 та субъект эса кичик корхона ва микрофирмалар тоифасига киради.

2

Манба: Статистика қўмитаси


Умумий овқатланиш корхоналари савдо товар айланмаси

2026 йил 1 май ҳолатига Ўзбекистонда умумий овқатланиш соҳасида фаолият юритаётган тижорат корхоналари сони 32 минг 266 тага етди. Улардан 266 таси йирик корхона бўлса, 32 мингтаси кичик корхона ва микрофирмалардан иборат.

4 ой давомида умумий овқатланиш корхоналарининг савдо айланмаси 69,8 трлн сўмни ташкил қилди. Бу кўрсаткич 2025 йилнинг шу даврига нисбатан 7,2 фоизга ошган.

Соҳадаги айланманинг асосий қисми кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари ҳиссасига тўғри келмоқда. Ҳисобот даврида умумий савдо айланмасининг 79,8 фоизи айнан ушбу тоифадаги корхоналар ҳиссасига тўғри келган. Шу билан бирга, йирик корхоналарнинг савдо айланмасидаги улуши 20,2 фоизни ташкил этган.

Теглар

Мавзуга оид