Чегара низоларидан умумий платформагача: Тошкентдаги анжуманда Марказий Осиё ҳамжамиятининг қайси моделлари муҳокама қилинди?
21-22 май кунлари Тошкентдаги Дипломат университетида «Марказий Осиё ҳамжамиятининг концептуал асослари ва модели» мавзусида халқаро илмий-амалий анжуман бўлиб ўтмоқда. Vaqt.uz мухбирига кўра, минтақанинг қатор таниқли сиёсатшунос, эксперт ва дипломатик корпус вакиллари қатнашаётган бу тадбирда геосиёсий тўфонлар шароитида минтақа давлатларининг яхлит кучга айланиши масалалари муҳокама қилинмоқда.

Маслаҳат учрашувидан ҳамжамият сари: Эндиги қадам нима?
«Билим карвони» нодавлат нотижорат ташкилоти раҳбари, таниқли сиёсатшунос Фарҳод Толипов тадбир аҳамияти ва минтақавий бирдамлик масаласига тўхталар экан, қуйидагиларни таъкидлаб ўтди:
«Ўтган йили ноябрь ойида Тошкентда Марказий Осиё президентларининг еттинчи маслаҳат учрашувида Ўзбекистон Президенти томонидан муҳим ташаббус илгари сурилди. Шу пайтгача формат «маслаҳат учрашувлари» деб айтилган бўлса, унинг ўрнига «Марказий Осиё ҳамжамияти» деган ном бериш таклифи ўртага ташланди ва буни барча президентлар қўллаб-қувватлади».
Бироқ, экспертнинг фикрича, ушбу ҳамжамиятнинг унсурлари, тамойиллари, рамкалари ва мазмун-моҳияти нималардан иборат бўлиши ҳақидаги саволлар ҳозирча очиқ қолмоқда. Сиёсатшунослар учун бу масалаларни концептуал даражада муҳокама қилиш вақти келди.
Фарҳод Толипов сўзини давом эттираркан, навбатдаги саккизинчи учрашув Туркманистонда кутилаётганини ва бу шунчаки ном ўзгариши эмас, балки интеграция томон қўйилган жуда дадил ва амбицияли қадам, «бешта давлатнинг худди бир оилага айланиши» эканини билдирди.
Шунингдек, учрашувларда эришилган келишувларнинг расмий ҳужжатларга кўчиш имкониятлари ҳақида гапирганда, сиёсатшунос Тошкент саммитида иккита жуда жиддий ҳужжат — Марказий Осиё минтақавий хавфсизлик концепцияси ҳамда хатарлар (рисклар) каталоги қабул қилинганини маълум қилди. Экспертлар эндиликда ушбу ҳужжатлар мазмунини шаффофлик асосида атрофлича ўрганиб чиқиш ва жараёнга ўз ҳиссаларини қўшишни мақсад қилган.
Интеграция ғовлари: Миллий миллатчилик ва этноцентризм таҳдиди
Бироқ интеграция йўли фақат ижобий имкониятлардан иборат эмас. Унинг ички ғовларини очиқ муҳокама қилмай туриб, олдинга қадам босиб бўлмайди. Сиёсий таҳлилчи Камолиддин Раббимов анжумандаги чиқиши давомида минтақавий бирлик тақдирига раҳна солувчи ички омилларни, хусусан, этноцентризм ва миллий миллатчилик муаммоларини ўртага ташлади.
Минтақа давлатлари бу каби хавфлардан қанчалик узоқлаша олгани ҳақидаги саволга жавоб бераркан, Раббимов шундай деди:
«Менинг назаримда, бу муаммо Марказий Осиё давлатлари интеграцияси йўлидаги энг йирик халақит берувчи, безовта қилувчи ва жараённи вақти-вақти билан тўлиқ паузага қўйиш потенциалига эга бўлган омиллардан биридир».
Сиёсатшунос ўз фикрини асослаш учун 2010 йилдаги Қирғизистоннинг Ўш ва Жалолобод воқеаларини, Тожикистон ва Қирғизистон чегарасидаги тўқнашувларни ҳамда 2022 йилдаги Қорақалпоғистон воқеаларига ижтимоий тармоқлардаги миллатчилик кайфиятидаги муносабатларни мисол қилиб келтирди.
Раббимовнинг фикрича, бу фақат бизнинг минтақага хос эмас, балки глобал тренддир. Ғарбда, АҚШ ва Европа Иттифоқида (масалан, Brexit жараёни, Франция, Италия, Испания ва Венгриядаги сиёсий вазиятда) национализм ва ксенофобия етакчи кучга айланиб бормоқда.
Бундай глобал муаммолар фонида Марказий Осиёни бирлаштира оладиган умумий платформалар мавжудми? Таҳлилчига кўра, минтақа давлатлари конституцияларига биноан дунёвийлик фундаментал қадрият ҳисобланади. Бироқ, ушбу тизимдан воз кечмаган ҳолда, оҳиста социомаданий платформа сифатида умумий диний ўзлик ва диний бирлик омилидан ҳам тинчлик ҳамда мослашиш йўлида фойдаланиш мақсадга мувофиқдир.
Анжуманнинг биринчи кунидаги қизғин баҳслар бир ҳақиқатни тасдиқлади: Марказий Осиё ҳамжамиятини қуриш — шунчаки геосиёсий хоҳиш эмас, балки бугунги глобал дунёда мавжудликни сақлаб қолишнинг ягона чорасидир. Анжуман якунида ишлаб чиқиладиган концептуал моделлар тегишли давлат тузилмалари учун амалий қўлланма бўлиб хизмат қилиши кутилмоқда.
Маълумот учун, ушбу анжуман Дипломат университети, Барқарор ривожланиш маркази ҳамда «Билим карвони» нодавлат нотижорат илмий муассасасининг ўзаро ҳамкорлигида ташкил этилган.
Теглар






