Click нега Tenge Bank’дан қимматроқ баҳоланди?
26.09.2025 | 10:004 дақиқа
Click’нинг Tenge Bank билан тарихий битимидан сўнг савол туғилди: нима учун финтех компания классик банкдан қимматроқ баҳоланди?

Яқинда Ўзбекистон молия бозорида сўнгги йиллардаги энг йирик битимлардан бири амалга ошди. Қозоғистоннинг Halyk банки Click’нинг 49 фоиз акциясини 176,4 млн доллар эвазига сотиб олди. Шу билан бирга, Click акциядорлари ҳам Tenge Bank’нинг 49 фоиз акциясини 60,76 млн долларга харид қилди. Совуқ ҳисоб-китоблар кўрсатмоқдаки, финтех-компания анъанавий банкдан деярли уч баробар қиммат баҳоланди.
Бир қарашда бу ғалати кўриниши мумкин. Лекин молия бозоридаги тенденциялар, рақамли экотизимнинг устунликлари ва истиқболларига назар ташланса, бу ҳолатнинг мантиқий изоҳлари бор, деб ёзади иқтисодчи Александр Давидов.
Click бугунги кунда 20 млн дан ортиқ фойдаланувчига эга супер-илова ҳисобланади. Унда тўловлар, ўтказмалар, электрон ҳамёнлар ва турли мини-иловалар орқали кундалик хизматлар тақдим этилади. Бу экотизим фақат комиссия ҳисобидан эмас, балки янги маҳсулотлар қўшиш ва бозорни кенгайтириш ҳисобига ҳам даромад келтиради.
Tenge Bank эса ҳануз анъанавий молиявий институт сифатида кредитлар, депозитлар ва филиал инфратузилмаси билан чекланади. Унинг корпоратив мижозлари ва лицензияси мавжуд, лекин рақамли бозорда ўсиш суръатлари пастроқ. Шу сабаб акциялари арзонроқ баҳоланди.
Инвесторлар учун Click’нинг қимматроқ бўлишига қатор омиллар сабаб:
- 20 млн фойдаланувчи ва уларнинг рақамли одатлари.
- Янгиликларни тезкор татбиқ қилиш имконияти.
- Кенгайтириладиган маҳсулотлар орқали барқарор даромад.
- Филиал ва катта инфратузилма талаб этмаслиги.
- Ўзбекистон бозорининг рақамли трансформация босқичида туриши.





