add

Декабрда капитал бозорида облигациялар фаолликни сақлаб қолди

Кеча 19:382 дақиқа

2025 йил декабрь ойида Ўзбекистон капитал бозорида савдо фаоллиги асосан корпоратив облигациялар ҳисобига ушланиб турди, акциялар сегментида эса ликвидлик муаммоси сақланиб қолди.

Декабрда капитал бозорида облигациялар фаолликни сақлаб қолди

Декабрь ойида Ўзбекистон капитал бозорида савдо фаоллиги айрим сессияларда жонлангани кузатилди. Бироқ бозор тузилмасидаги асосий манзара ўзгармади. Айланишнинг сезиларли қисми корпоратив облигациялар ҳиссасига тўғри келар экан, акциялар сегменти ҳануз чекланган ликвидлик ва паст «бозор чуқурлиги» шароитида қолмоқда. Бозор чуқурлиги - етарли харидор ва сотувчилар мавжуд бўлиб, йирик битимлар нархга кескин таъсир қилмасдан амалга оширилиши мумкин бўлган ҳолат.

Декабрда облигациялар бозоридаги фаоллик кўпроқ йирик эмиссиялар атрофида жамланди. Хусусан, 1 декабр куни Ўзбекистон ипотекани қайта молиялаштириш компанияси (ЎзИҚМК) 5 декабрда ўтказиладиган бирламчи жойлаштириш шартларини эълон қилди. Эмиссия ҳажми 200 млрд сўм, купон даромади йиллик 17,5 фоиз, тўловлар ҳар 3 ойда, сўндириш муддати 2030 йил декабрига тўғри келади. Бу ҳолат бозорда ликвидлик борлигини кўрсатади, аммо ликвидликнинг бир нечта инструментлар доирасида жамланаётгани бозор «кенглиги» ҳали етарли эмаслигидан далолат беради.

Акциялар бозорида эса декабр ойида барқарор ўсиш тенденцияси шаклланмади, айрим эмитентларда қисқа муддатли ўсишлар кузатилган бўлса, бошқа қатор қимматли қоғозларда пасайиш қайд этилди. Чекланган талаб шароитида exit имконияти тор бўлгани учун нарх тебранишлари ҳам кескинроқ кўринади.

Ой давомида айрим эмитентларда миноритар акциядорлар улушини мажбурий қайтариб сотиб олиш (mandatory buyout) механизми қўлланилгани ҳақидаги муҳокамалар ҳам фаоллашди. Бу қонуний инструмент бўлса-да, инвесторлар учун баҳолаш методологияси, мустақил баҳоловчининг роли ва жараён шаффофлиги доимий эътибор марказида қолади. Айниқса, миноритар акциядор манфаатлари амалда қай даражада ҳимояланаётгани бозор ишончи нуқтаи назаридан ҳал қилувчи омил ҳисобланади.

Умуман олганда, декабрь ойидаги кўрсаткичлар айрим инструментлар доирасида ликвидлик борлигини кўрсатди. Бироқ савдо фаоллиги кўпроқ облигациялар ҳисобига ушланиб тургани, акцияларда эса барқарор институционал талаб ва бозор чуқурлиги етишмаётгани сақланиб қолмоқда. Акциялар сегменти чуқурлашмас экан, капитал бозори реал баҳолаш, нарх шаклланиши ва инвестор ишончи жиҳатидан тўлиқ ривожланиш босқичига ўта олмайди.

Теглар

null null

Гуласал БозороваМақолалар сони: 9

Барчаси

Мавзуга оид