
Доналд Трамп Марказий Осиё давлатлари раҳбарларини Вашингтонга чақирмоқда
АҚШ президенти Марказий Осиё мамлакатлари раҳбарлари билан C5+1 форматидаги саммитни Вашингтонда ўтказади. Ташаббус форумнинг 10 йиллиги муносабати билан илгари сурилган.

АҚШ Конгресси аъзолари Сидни Камлагер-Дав ва Билл Ҳёйзенга президент Доналд Трампга расмий хат йўллаб, 2015 йилда таъсис этилган «C5+1» дипломатик форумининг 10 йиллигини нишонлаш мақсадида Марказий Осиё давлатлари раҳбарлари иштирокида саммит ўтказишни таклиф этган. Бу ҳақда конгрессмен Камлагер-Давнинг расмий сайти хабар берди.
Хатда таъкидланишича, АҚШнинг Марказий Осиё мамлакатлари — Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон ва Ўзбекистон билан ҳамкорлиги учун яратилган «C5+1» формати Вашингтоннинг минтақадаги хавфсизлик, иқтисодий ва «мулоқот орқали таъсир» сиёсатини мустаҳкамлайдиган муҳим дипломатик майдонга айланган.
«Президентнинг шахсан иштирок этиши C5+1 форумининг 10 йиллигини янги дипломатик босқичга айлантириб, АҚШ ва Марказий Осиё муносабатларига кейинги ўн йиллик учун аниқ йўналиш белгилайди», — дейилади хатда. Қонун чиқарувчилар саммит якунида аниқ натижалар ва келишувлар қабул қилиниши зарурлигини ҳам қайд этган.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев икки йил аввал БМТ Бош Ассамблеяси доирасида Ню Йоркда ўтган «Марказий Осиё — АҚШ» саммитида иштирок этган эди. Бу форматдаги илк президентлар учрашуви бўлиб, Марказий Осиё давлатлари ва Вашингтон ўртасидаги ҳамкорликнинг янги босқичини бошлаб берган эди.
Саммит якунида давлат раҳбарлари Декларация қабул қилиб, хавфсизлик, савдо-инвестиция, «яшил иқтисодиёт», таълим, инсон ҳуқуқлари ва Афғонистонда тинчликни таъминлаш каби устувор йўналишларда ҳамкорликни кучайтиришга келишиб олдилар.
«Марказий Осиё – АҚШ» («С5+1») формати АҚШ ва Марказий Осиёнинг беш давлати ўртасидаги мулоқот ва биргаликдаги саъй-ҳаракатлар платформасидир. У 2015 йилнинг ноябрида Самарқанд шаҳрида ташқи ишлар вазирларининг илк учрашувидан сўнг таъсис этилган ва 2023 йилнинг сентябрига қадар ТИВ раҳбарлари даражасида ўтказиб келинган.
Ушбу ташаббус доирасида хавфсизлик, иқтисодиёт ва экология асосий муҳокама соҳалари ҳисобланади.
Марказий Осиё давлатлари ва АҚШ ТИВ раҳбарларининг «5+1» форматдаги сўнгги учрашуви шу йилнинг 28 февралида Остона шаҳрида ўтказилган эди. Ўшанда томонлар ҳам минтақа давлатлари, ҳам АҚШ билан савдо-иқтисодий алоқаларни кенгайтиришни муҳокама қилишган.





