Дунё етакчиларидан «Blackrock» директоригача. Мирзиёев Давосда кимлар билан учрашди?
Ўзбекистон Президенти Швейцариянинг Давос шаҳрида Тинчлик кенгаши Низомини имзолади. Давосдаги тадбирлар доирасида Шавкат Мирзиёев дунё етакчилари билан қатор икки ва уч томонлама учрашувлар ҳам ўтказди

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев кеча, 22 январ куни Швейцариянинг Давос шаҳрида Тинчлик кенгаши Низомини имзолаш маросимида иштирок этди.
АҚШ Президенти Дональд Трамп раислигида ўтган тадбирда Аргентина, Арманистон, Баҳрайн, Болгария, Индонезия, Иордания, Марокаш, Мўғулистон, Озарбайжон, Парагвай, Покистон, Қатар, Қозоғистон, Саудия Арабистони, Туркия, Венгрия ва бошқа давлатлар раҳбарлари, бош вазирлари ва ташқи ишлар вазирлари ҳам қатнашди.

Кенгаш Низомини имзолаб, Ўзбекистон уни таъсис этган давлатлардан бирига айланди. Бу мамлакатнинг кенгаш фаолиятида изчил иштирок этишга ҳамда барча таъсисчи давлатлар ва халқаро шериклар билан яқин ҳамкорликда унинг ваколатларини ҳаётга татбиқ этишда амалий ҳисса қўшишга тайёрлигини англатади.

Давосдаги тадбирлар доирасида Шавкат Мирзиёев қатор икки ва кўп томонлама учрашувлар ҳам ўтказди. Шундай учрашувлардан бири Европа тикланиш ва тараққиёт банки президенти Одиль Рено-Бассо билан бўлди.

Ўзбекистон ЕТТБнинг минтақадаги энг йирик ҳамкори бўлиб қолмоқда. Банкнинг инвестициялари ҳажми қарийб 7 миллиард долларга етган. 2025 йилда амалиётлар, шу жумладан, хусусий секторга йўналтирилган маблағларнинг ҳажми 1 миллиард доллардан ошди. Учрашувда жорий йил учун ҳамкорликнинг устувор йўналишлари, жумладан, хусусий сектор ва инфратузилмани ривожлантириш, темир йўл транспортини рақамли трансформация қилиш ҳамда бошқа масалалар белгилаб олинди.
Мирзиёевнинг “Blackrock” компанияси директорлар кенгаши аъзоси ва катта бошқарувчи директори Адебайо Огунлеси билан учрашувида эса ушбу етакчи компания билан инвестициявий ҳамкорликнинг устувор йўналишлари ва илгари эришилган келишувларни амалга ошириш масалалари муҳокама қилинди.

«Blackrock» компаниясининг Ўзбекистондаги устувор лойиҳаларда иштирок этиш истиқболлари юзасидан фикр алмашилди. Компаниянинг Ўзбекистондаги бир қатор корхоналар капиталига кириш, қўшма инвестиция механизмларини ишлаб чиқиш ва мамлакат инвестиция муҳитини яхшилаш учун халқаро экспертизани жалб қилиш бўйича ташаббуслари қўллаб-қувватланди.

Тинчлик кенгаши Низомини имзолаш маросими доирасида Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев, Озарбайжон Республикаси Президенти Илҳом Алиев ва Венгрия Бош вазири Виктор Орбан ўртасида ҳам мулоқот бўлиб ўтди.
Етакчилар ўзаро манфаатли ҳамкорликни кенгайтириш масалаларини муҳокама қилди. Кўп томонлама, шу жумладан Туркий давлатлар ташкилоти доирасидаги ҳамкорлик истиқболларига алоҳида эътибор қаратилди.

Давосдаги тадбирлар доирасида Президент Шавкат Мирзиёев Қозоғистон Президенти Қосим-Жомарт Тўқаев, Сербия Президенти Александр Вучич, АҚШ савдо вазири Говард Латник, Буюк Британиянинг собиқ бош вазири, Глобал ўзгаришлар институти раиси Тони Блер билан ҳам суҳбатлар ўтказди.

Шундай қилиб, амалий ташриф тугагач, Ўзбекистон Президенти Цюрих халқаро аэропортидан Тошкентга жўнаб кетди.





