
Дунёда ҳаво совиб бормоқда? Инсоннинг бунда айби йўқ? — Иқлимга оид мифларни парчалаш
Бразилияда бўлиб ўтаётган БМТнинг иқлим бўйича COP30 саммитида турли давлатлар вакиллари сайёрамиздаги иқлим ўзгаришларига қарши қандай курашиш бўйича тортишар экан, ижтимоий тармоқларда бу мавзуга оид турли мифлар тарқалишда давом этмоқда. Хўш, уларда асос борми?

BBC Verify — BBCʼнинг фактлар текшируви бўлими шулардан бештасини танлаб, уларнинг қай жиҳати нотўғри нотўғри эканини тушунтирди.
1-миф: Иқлим ўзгаришлари инсон фаолияти билан боғлиқ эмас
Инсон иқлимни ўзгартирмаяпти, деган даъволар инглиз, рус, испан ва француз каби кўплаб тилларда учрайди. Бу гапда замирида бироз ҳақиқат ҳам бор: Ер тарихи давомида об-ҳаво табиий цикллар натижасида — масалан, вулқонлар фаоллиги ёки Қуёшдаги ўзгаришлар сабабли дам исиб, кейин совиб борган. Аммо бундай ўзгаришлар тарихан қисқа муддат иичда эмас, минг йиллар, ҳатто миллион йиллар давомида содир бўлган.
Аммо сўнгги 150 йилда Ер куррасидаги ҳарорат аллақачон тахминан ўртача 1,3°Cга исиб улгурди. Бу ҳақда Жаҳон метеорология ташкилоти маълум қилган.
Бир қараганда бу рақам катта эмасдек кўринса-да, олимлар бундай тез исиш сўнгги минг йиллар ичида кузатилмаганини таъкидламоқда.
Иқлим ўзгариши бўйича ҳукуматлараро экспертлар гуруҳи (IPCC) бу исиш инсон фаолияти — хусусан, кўмир, нефт ва газ каби қазилма ёқилғилар ёқилиши орқали келиб чиққанини аниқ тасдиқлаган.
IPCC — БМТ ҳузуридаги ташкилот бўлиб, дунё бўйлаб иқлим бўйича илмий тадқиқотларни таҳлил қилади ва асосли ҳисоботлар тайёрлайди.

Қазилма ёқилғилар ёқилиши оқибатида атмосферага асосан карбонат ангидрид (CO₂) каби иссиқхона газлари тарқалади. Бу газлар Ер атрофини кўрпадек ўраб олиб, ортиқча иссиқликни сақлаб қолади ва сайёра исишини келтириб чиқаради.
«Иқлим ўзгариши — ишониш эмас, исбот масаласи. Инсон таъсирига оид излар сайёранинг ҳар бир қисмида яққол кўринмоқда», — дейди Лондондаги Империя коллежи иқлимшуноси Жойс Кимутаи.
2-миф: Об-ҳаво исиб бораётгани йўқ, аксинча совиб кетмоқда
Айрим ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари — масалан, Польша ёки Канададагилар ўз минтақаларида одатдагидан совуқроқ даврларни глобал исиш йўқлигининг далили сифатида қабул қилишмоқда. Интернетда «аслида сайёра исиб кетмаяпти, совиб бормоқда», деган даъволар ҳали ҳам тарқалмоқда.
Бу нотўғри фикр.
Об-ҳавога таъсир қилувчи омиллар қисқа муддатли атмосфера шароитлари билан боғлиқ. Иқлими эса узоқ муддатли тенденция бўлиб, йиллар ва ўн йиллар давомида кузатиладиган ўзгаришлардан иборат.

«Узоқ муддатли глобал ҳарорат маълумотлари шундан далолат берадики, Ер юзаси умумий тарзда исиб бормоқда — ҳатто айрим ҳудудларда қисқа муддатли ёки маҳаллий совуқлар кузатилса ҳам», — дейди филиппинлик иқлимшунос Жозеф Басконсилло.
Жаҳон метеорология ташкилоти маълумотларига кўра, 1980-йиллардан бошлаб ҳар бир кейинги ўн йиллик аввалгисидан иссиқроқ бўлган — ва бу тенденция сақланиши кутилмоқда.
2024 йил бутун тарих давомидаги энг иссиқ йил бўлди. Ер юзасидаги ўртача ҳарорат 1800-йиллар охирига нисбатан тахминан 1,55°C юқори бўлган.
3-миф: Карбонат ангидрид гази атмосферани ифлослантирмайди
Глобал исишга ишонмайдиганлар ижтимоий тармоқларда тез-тез карбонат ангидрид (углерод қўшоксид) гази — CO₂ атмосферани ифлосламайди, балки ўсимликлар учун озуқа манбаи эканини таъкидлашади.
BBC ҳатто португал ва хорват тилларидаги нашрларда CO₂ миқдорининг ортиши табиат учун фойдали бўлиши мумкинлиги ҳақидаги фикрларга дуч келган.
NASA таъкидлашича, карбон гази ҳақиқатан ҳам маълум меъёрда Ерда ҳаёт учун зарур: агар иссиқхона газлари бўлмаганида, сайёрамизда ҳаёт мавжуд бўлиши учун жуда совуқ ҳукм сурган бўлар эди.
Ўсимликлар CO₂ ни сув ва қуёш нури билан биргаликда кислород ҳамда органик моддалар ишлаб чиқариш учун ишлатади — бу моддалар Ердаги аксарият озуқа занжирларининг асосини ташкил этади.

Бироқ атмосферада CO₂ меъёридан ортиб кетганда, у зарар келтира бошлайди. Олимлар бундай ҳолатда карбонат ангидрид газини «ифлослантирувчи модда» деб атайдилар — бу термин, одатда, атроф-муҳитга салбий таъсир кўрсатадиган моддалар учун ишлатилади.
Жаҳон метеорология ташкилоти маълумотларига кўра, 2024 йилда ҳаводаги карбонат ангидрид гази миқдори рекорд даражага етди — 1750 йилдаги 280 ppm (миллиондан улуш) дан 423 ppm гача ўсди. Олимлар бу ҳолатни глобал исиш билан боғламоқда ва бу табиий экотизимларга жиддий хавф туғдираётганини огоҳлантирмоқда.
«Ўрмонлар кўпроқ ёнғинлардан жабр кўряпти, экинлар қурғоқчилик ёки тошқинлардан зарар кўряпти, ёввойи ҳайвонлар эса ўз яшаш муҳитини йўқотяпти, чунки экотизимлар мувозанатдан чиқмоқда», — дейди канадалик эколог ва табиат муҳофазаси бўйича мутахассис Мишел Каламандин.
БМТ ҳузуридаги иқлим ўзгариши бўйича мутахассислар гуруҳининг таъкидлашича, CO₂ миқдорининг ортиши айрим ўсимликлар ўсишига туртки бериши мумкин, бироқ бу иқлим ўзгаришининг манфий таъсирларини — масалан, иссиқлик стресслари ёки сув танқислигини қоплай олмайди.
4-миф: Ўрмон ёнғинларига иқлим эмас, инсонлар сабабчи
Кенг кўламли ўрмон ёнғинлари — масалан, жорий йил бошида АҚШ, Жанубий Корея ва Туркияда юз берган ҳолатларда ижтимоий тармоқларда баъзи фойдаланувчилар бу фақат қасддан қўйилган ёнғинлар сабабли содир бўлди, дея иддао қилишади ва иқлим ўзгариши каби омилларни инкор этишади.
Ўт қўювчилар қўлга олингани ҳақидаги вирусли постлар кўпинча олимлар ва иқлим сиёсати юритувчи сиёсатчиларни масхара қилиш билан бирга юради.
Албатта, кўплаб ёнғинлар инсон фаолияти — қасддан ёки беихтиёр ҳаракатлар натижасида бошланади. Бироқ Колумбия Миллий университети қошидаги ёнғинлар экологияси бўйича мутахассис доктор Долорс Арментерас таъкидлашича, ушбу муаммони ягона сабаб — инсон фаолиятига боғлаш «асосий илмий хато» бўлади.

Махсус бир ёнғинни иқлим ўзгариши билан тўғридан тўғри боғлаш қийин — чунки ёнғин тарқалишига об-ҳаво, релйеф ва ўрмонларни бошқариш тартиби каби омиллар таъсир қилади.
Шунга қарамай, иқлим ўзгариши ёнғин келиб чиқиши ва тарқалиши учун идеал шароит яратиб беради.
БМТ ҳузуридаги иқлим ўзгариши бўйича мутахассислар гуруҳининг таъкидлашича, Жанубий Европа ва Шимолий Американинг ғарб ҳудудларида иқлим ўзгариши сабабли ёнғин хавфи юқори бўлган об-ҳаво — узоқ давом этувчи қурғоқчилик, кучли иссиқлик ва шамоллар тобора тез-тез кузатилмоқда.
Бундай шароитда ҳар қандай ёнғин манбаси — табиий (масалан, ёруғлик) ёки инсон фаолияти билан боғлиқ (олов ёқиш ёки бахтсиз ҳодиса) агар ўсимликлар етарлича бўлса, кенг кўламли ёнғинларга олиб келиши мумкин.
«Гап ёнғинлар қасддан қўйилганми ёки иқлим ўзгаришимида эмас, — дейди доктор Арментерас. — Асосий масала шундаки, глобал исиш ва кескин об-ҳаво ҳодисалари ортиши ҳар қандай ёнғин оқибатларини оғирлаштириб, уни янада кенг кўламли фалокатга айлантирмоқда. Буни ҳозир дунёнинг кўплаб ҳудудларида кузатиш мумкин».
5-миф: Геоинженерия кучли об-ҳаво ҳодисаларига олиб келмоқда
Ўтган йили Дубай (БАА) ва Валенсияда (Испания) тўсатдан юз берган тошқинлар ортидан ижтимоий тармоқлар фойдаланувчилари барчасига олимларни айблай бошлашди. Айримлар, об-ҳавога таъсир кўрсатиш ва геоинженерия, яъни иқлим шароитини ўзгартириш ва глобал исишга қарши курашишга қаратилган чоралар кучли ёмғир, тошқин ва дўл каби ҳодисаларни келтириб чиқармоқда, деб ҳисоблайди.

Бироқ об-ҳавога таъсир кўрсатиш ва геоинженерия — бу икки хил тушунча. Боз устига, уларнинг ҳеч бири турли минтақаларда кузатилаётган кучли об-ҳаво ҳодисаларини изоҳлаб бера олмайди.
Об-ҳавога таъсир қилиш, дарҳақиқат, мумкин. АҚШ ҳукумати ҳисоботларига кўра, энг кенг тарқалган технологиялардан бири — булутларга ёмғир уруғини сепиш сўнгги йилларда Хитой, Мексика ва Ҳиндистонни ҳам ўз ичига олган 30 дан ортиқ давлатда қўлланилган.
Бу жараёнда булутларга кичкина заррачалар (масалан, кумуш йоди) сепилади. Бу сув буғи конденсацияланиши ёки музлаб қолишини рағбатлантиради ва натижада ёмғир ёки қор ёғиш эҳтимолини оширади.
«Об-ҳавони бошқариш технологиялари жуда маҳаллий даражада ва қисқа муддатли таъсирга эга. Шунинг учун улар охирги ўн йилликларда дунё бўйлаб кузатилаётган иқлим ўзгаришларини изоҳлай олмайди», — дейди Ҳиндистон Илмий институти қошидаги Атмосфера ва океан фанлари маркази профессори Говиндасами Бала.
Булутларга ёмғир уруғини сепиш ва бошқа шунга ўхшаш технологиялар самарадорлиги борасида тортишувлар мавжуд бўлса-да, олимлар бу усулларнинг ўзиёқ йирик тошқинлар ёки кенг кўламли бўронларни келтириб чиқариши мумкинлигига ишонмайди.
Геоинженерия — бу иқлимни ўзгартириш мақсадида атроф-муҳитга таъсир кўрсатишга қаратилган уринишлардир. Масалан, қуёш нурланишини ўзгартириш — геоинженериянинг бир йўналишидир: атмосферага маълум моддаларнинг майда заррачалари сепилади, улар қуёш нурини қоинотга қайта акслантириши ва назарий жиҳатдан Ерни совутиши мумкин.
Бу соҳада ҳали-ҳануз кичик маҳаллий синовлар ўтказилган, лекин глобал даражада қуёш геоинженерияси ҳеч қаерда қўлланилмаяпти. Охирги йилларда Буюк Британия каби қатор давлатлар мазкур йўналишда илмий тадқиқотларга сармоя киритмоқда. Аммо бу технология ҳақиқатан ҳам глобал исишни чеклашда самара бера оладими-йўқми — бу ҳали аниқ эмас.
Хўш, сўнгги йиллардаги экстремал об-ҳаво ҳодисалари ортида нима турибди? Олимлар яна бош сабаб иқлим ўзгариши эканлигини таъкидлашмоқда: улар иссиқлик тўлқинлари ва кучли ёғингарчиликлар каби экстремал об-ҳаво турларини янада эҳтимоллироқ, янада интенсивроқ бўлишини таъминламоқда.





