add

Экологияга зарар келтирган компаниялар учун янги жавобгарлик жорий этилади

Бугун 20:401122 Дақиқа

2026 йилдан бошлаб ҳавони ифлослантирган, дарахтларни ноқонуний кесган ёки қурилишда чангланишга сабаб бўлган юридик шахслар катта молиявий санкцияларга дуч келади.

Экологияга зарар келтирган компаниялар учун янги жавобгарлик жорий этилади

Ўзбекистонда 2026 йил 1 апрелдан бошлаб экологик қонунбузарликлар учун юридик шахсларга нисбатан молиявий санкциялар қўллаш тартиби жорий этилади.

Президент фармони билан белгиланган мазкур механизм атроф-муҳитни муҳофаза қилиш талабларини кучайтириш, қонунбузарликларни камайтириш ва экологик хавфсизликни таъминлашга қаратилган. Ушбу санкциялар фақат юридик шахсларга тааллуқли бўлиб, жисмоний шахсларга татбиқ этилмайди.

Фармонга кўра, бир хил ҳуқуқбузарлик учун молиявий санкциялар қўлланган юридик шахс ходимларига маъмурий жазо чоралари қўлланмайди. Шу билан бирга, ҳуқуқбузарлик такроран содир этилмаслиги ҳақидаги огоҳлантиришни олиш ёки тўланган жарима Экология қўмитаси талабларини бажариш мажбуриятидан озод қилмайди. Мақсад — нафақат жарима ундириш, балки компанияларни экологик меъёрларга риоя этишга мажбур қилиш.

Санкциялар қўлланадиган ҳолатлар рўйхати анча кенг. Дарахтлар ва буталарни ғайриқонуний кесиш, йўқ қилиш ёки асраш чораларини кўрмаслик жавобгарликка сабаб бўлади. Шунингдек, атмосфера ҳавосини ифлослантирувчи моддаларни чиқариш, қурилиш майдонларида чангланишга йўл қўйиш, ёқилғи ва чиқиндиларни ёқишда ҳаво муҳофазаси талабларини бузиш ҳам молиявий жазога олиб келади.

Сув ресурсларини муҳофаза қилиш қоидаларини бузиш, дарё ўзанларини тозалаш ва қирғоқ мустаҳкамлаш ишларида белгиланган тартибларга амал қилмаслик ҳам санкция билан жазоланади. Чиқиндилар билан ишлашда экологик нормаларни бузиш ҳам диққат марказида бўлади.

Тушган маблағлар Умуммиллий экологик муаммоларни бартараф этиш жамғармасига йўналтирилиши белгиланган. Бу экологик инфратузилмани яхшилаш, муаммоли ҳудудларда тозалаш ва тиклаш ишларини қўллаб-қувватлашга хизмат қилади.

Шунингдек, тегишли қонун лойиҳаси бир ой ичида ишлаб чиқилиб, Президент администрациясига тақдим этилиши лозим.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Умуммиллий экологик муаммоларни бартараф этиш жамғармаси тузилиб, унга 900 млрд сўм ажратилганлиги ҳақида хабар берган эдик.

Теглар

Мавзуга оид

Экологияга зарар келтирган компаниялар учун янги жавобгарлик жорий этилади | Vaqt.uz