
Электр энергияси учун янги имтиёзлар, чегара ҳамкорлиги ва талабаларга уйини ижарага бериб барака топганлар — 29 октябр дайжести
Кун давомида Ўзбекистонда юз берган воқеалар ва ҳодисалар, ёритилган янгиликлар ва хабарларнинг энг муҳимларини яна бир бор эсга оламиз.

Газлашмаган уйлар учун электр энергияси бўйича имтиёзлар ҳали ишлаб чиқиш жараёнида — Энергетика вазири
Энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудовнинг маълум қилишича, газлашмаган уйлар учун электр энергияси бўйича имтиёзли тариф жорий этиш режаси ҳали ишлаб чиқиш жараёнида. Лойиҳа инфратузилма ҳисоб-китобларини талаб этади ва йил охиригача ҳукуматга тақдим этилиши кутилмоқда.
Вазирнинг сўзларига кўра, ҳозир газсиз ҳудудлардаги кўп қаватли уйлар электр энергиясидан 50 фоизлик чегирма билан фойдаланиш ҳуқуқига эга. Янги генерация қувватларининг пайдо бўлиши билан бошқа ҳудудларда ҳам шундай имтиёз тизимини босқичма-босқич жорий этиш мумкин бўлади.
Мирзамаҳмудов тарифлар яқин ойларда оширилмаслигини таъкидлаб, 2026 йил 1 январдан имтиёзлар аниқ жорий этилади, деган фикрни рад этди. Унинг айтишича, келаси йил май ойида фақат инфляция даражасига мос индексация амалга оширилади.
Талабаларга уйини ижарага берган фуқаролар 9 ойда 44 млрд сўмлик солиқ имтиёзи олди
2025 йилнинг январ–сентябр ойларида Ўзбекистонда 584 мингдан зиёд ижара шартномаси расмий рўйхатдан ўтказилган бўлиб, улар бўйича жами 828,7 миллиард сўм солиқ ҳисобланган. Давлат солиқ қўмитаси маълумотларига кўра, жисмоний шахслар тузган шартномалар ҳиссаси асосий улушни ташкил этиб, улар бўйича 625 миллиард сўм даромад солиғи ҳисобланган. Бу ўтган йилга нисбатан мос равишда 9 ва 44 фоизлик ўсишни кўрсатади.
Талабалар билан тузилган ижара шартномалари алоҳида эътиборга сазовор бўлди. Жорий йилнинг 9 ойида 96,3 мингта шундай шартнома асосида 44 миллиард сўмлик солиқ имтиёзи қўлланилган. Бу жараёнда 118 мингга яқин талаба турар жой билан таъминланган.
Солиқ қўмитасига кўра, талабалар учун берилаётган имтиёзлар ижара бозорида расмийлаштириш даражасини оширмоқда ва норасмий келишувларни қисқартиришга хизмат қилмоқда. Мутасаддилар бу орқали бозорда шаффофлик ва рақобат муҳитини кучайтиришни мақсад қилган.
Ўзбек, қирғиз ва тожик туташ чегараларига доир қонун лойиҳаси қабул қилинди
Олий Мажлис Қонунчилик палатасида Ўзбекистон, Қирғизистон ва Тожикистон чегаралари туташган нуқта тўғрисидаги шартномани ратификация қилиш ҳақидаги қонун лойиҳаси депутатлар томонидан қабул қилиниб, Сенатга юборилди.
Қайд этилишича, шартнома уч давлат фуқаролари ўртасидаги алоқаларнинг жадаллашуви, чегарадош ҳудудлар иқтисодий ҳамкорлигининг кучайиши, чегараолди савдонинг ортиши, чегара ҳудудларда турли инфратузилмавий лойиҳаларни ҳамкорликда амалга ошириш ҳамда янги иш ўринларини яратишга мустаҳкам ҳуқуқий асос бўлади.
“Бу борада уч мамлакат ўртасида чегара масалаларининг ҳал этилиши — ўзаро ҳурмат, суверенитет, тенглик тамойилларига асосланган айнан ушбу кўп йиллик машаққатли меҳнат, самимий мулоқот ва ҳамкорлик самарасидир. Айни дамда, ушбу шартнома бутун минтақанинг яқинлашувида ҳам муҳим аҳамият касб этади”, дейилади Қонунчилик палатаси хабарида.
Кувайт компанияси Ўзбекистонда исломий банк ташкил этиши мумкин
24 октябр куни вазир ўринбосари Шохрух Гуламов ҳамда Кувайтнинг Noor Financial Investment компанияси делегацияси муқобил инвестициялар бўйича катта вице-президент Абдулла Ал-Хоули бошчилигидаги делегация ўртасида учрашув бўлиб ўтган.
Учрашувда ислом қоидаларига асосланган банк тизимини ривожлантириш ва Noor Financial Investment иштирокида Ўзбекистонда янги ислом банкини ташкил этиш имкониятларига алоҳида эътибор қаратилган.
Музокаралар давомида молия, саноат, энергетика ва инфратузилма соҳаларида ҳамкорликни кенгайтириш истиқболлари, шунингдек, Кувайт томонининг Ўзбекистон ҳудудида амалга оширилаётган инвестиция лойиҳаларида иштироки масалалари муҳокама қилинган.
«Пахтакор» можароли ўйинда 14-марта Ўзбекистон Кубогини қўлга киритди
Тошкентнинг «Пахтакор» жамоаси 2025 йилги Ўзбекистон Кубоги финалида «Бухоро»ни 1:0 ҳисобида мағлуб этиб, ўз тарихида 14-марта мамлакат кубогини қўлга киритди. Беллашув Андижондаги «Бобур Арена»да бўлиб ўтди ва кескин баҳс ҳамда тортишувли қарорлар билан ёдда қолди.
Ўйиннинг ягона голини 63-дақиқада Ҳожимат Эркинов киритди. Беллашув сўнгги дақиқаларида «Бухоро» ҳисобни тенглаштиргандай бўлди, аммо ҳакамлар офсайд сабабли голни бекор қилишди. Бу қарор «Бухоро» жамоаси ва мураббийлар штаби норозилигига сабаб бўлиб, майдонда жанжал келиб чиқди.
Шунга қарамай, натижа ўзгармади ва «Пахтакор» мусобақа ғолиби сифатида келаси мавсум Осиё чемпионлар лигасида иштирок этиш ҳуқуқини қўлга киритди. Беллашувда бош ҳакам Найим Қосимов бўлди, бош мураббий Камолиддин Тожиев шогирдлари яна бир бор ўз кучини исботлади.





