Энди ҳайдовчилар меҳнат режимини бузса жарима тўлайди

Сенат ҳайдовчиларнинг меҳнат ва дам олиш режимига риоя этмагани учун базавий ҳисоблаш миқдорининг (БҲМ) 7 бараварига тенг жаримани жорий этувчи қонун лойиҳасини маъқуллади.

Энди ҳайдовчилар меҳнат режимини бузса жарима тўлайди
Қонунга кўра, халқаро ва шаҳарлараро автомобил ташувларида иш вақти меъёрларига амал қилмаган ҳайдовчиларга жарима солинади. Бу ташиш хавфсизлигини таъминлаш, йўловчи ва юк ташиш сифатини ошириш мақсадида киритилмоқда. Сенатнинг Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси раиси Қутбиддин Бурхонов маълум қилишича, ҳайдовчилар иш вақти 9 соатдан ортиқ бўлган ёки масофаси 400 кмдан зиёд йўлларда қатнаса, уларнинг меҳнат ва дам олиш режими Транспорт назорати инспекцияси томонидан назорат қилинади. Автобуслардаги тахограф қурилмалари маълумотлари асосида ҳам назорат кучайтирилади. Республиканинг 2024 йилдаги йўл-транспорт ҳолатига кўра, жами 9364 та ЙТҲ содир этилган, уларнинг 3045 таси юк ва йўловчи ташувчи автомобиллар иштирокида рўй берган. Меҳнат режими бузилиши оқибатида ҳайдовчилар ухлаб қолиши сабабли 351 та йўл ҳодисаси содир этилган, 189 киши ҳалок бўлган ва 285 киши жароҳатланган. Қонун лойиҳасига кўра, ташиш хавфсизлиги қоидаларини бузган мансабдор шахслар ва хизматчиларга БҲМнинг 10 баравари миқдорида жарима белгиланади. Шунингдек, йўловчиларни чиптасиз ташиш ёки ташувчининг мажбурий суғурта шартларини бузиши учун ҳам аниқ жарима миқдорлари белгиланмоқда. Шу билан бирга, «Транспорт тўғрисида», «Лицензиялаш, рухсат бериш ва хабардор қилиш тартиб-таомиллари тўғрисида» ҳамда «Ташувчининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш тўғрисида»ги қонунларга ҳам тегишли ўзгаришлар киритилади. Аввалроқ Ангрендаги цемент ташувчи юк автомобили ҳайдовчиси назоратни йўқотиши оқибатида йўлда тўхтаб турган икки юк автомобили ва бешта енгил транспорт воситаси билан тўқнашган ва7 кишининг умрига зомин бўлгани ҳақида хабар берган эдик.

Теглар

Мавзуга оид