Logo

Энергетикадаги Инвесторлар кенгашига Саида Мирзиёева раҳбар этиб тайинланди: Президент бу қарорнинг сабабларини тушунтирди

Бугун 20:252 дақиқа

Янги ташкил этилаётган Инвесторлар кенгаши ер ажратишдан бошлаб, то лойиҳа тўлиқ ишга тушгунига қадар бўлган барча жараёнларда инвесторлар дуч келадиган масалалар ва муаммоларга тезкор ечим топиш билан шуғулланади.

Энергетикадаги Инвесторлар кенгашига Саида Мирзиёева раҳбар этиб тайинланди: Президент бу қарорнинг сабабларини тушунтирди © Saida Mirziyoyevaning ijtimoiy tarmoqdagi sahifasi

Ўзбекистонда ёқилғи-энергетика соҳасида Инвесторлар кенгаши ташкил этилади. Мазкур кенгашга Президент Администрацияси раҳбари Саида Мирзиёева бошчилик қилади. Бу ҳақда Президент Шавкат Мирзиёев ёқилғи-энергетика соҳасидаги инвесторлар билан бўлиб ўтган очиқ мулоқотда маълум қилди.

Таъкидланишича, янги кенгаш инвесторлар билан Президент ўртасидаги масофани қисқартириш, шунингдек, тизимдаги бюрократия ва коррупциянинг олдини олиш мақсадида ташкил этилмоқда.

Энергетика лойиҳалари катта сармоя ҳамда мураккаб инфратузилмани талаб қилади. Давлат раҳбарининг қайд этишича, бу жараёнда ер ажратиш, электр тармоқларига уланиш ёки техник шарт олиш каби масалалар бир-бири билан бевосита боғлиқ бўлиб, биргина кечиктириш ҳолати ҳам бутун лойиҳанинг тўхтаб қолишига олиб келиши мумкин.

Шу сабабли, ACWA, Vision Invest, DataVolt, Voltalia ва EDF каби йирик компаниялар мазкур масалаларни доимий мулоқот орқали ҳал қилиб бериш тизимини жорий этишни сўраган. Ушбу талаб ва мурожаатларни ҳисобга олган ҳолда, Президент янги кенгаш тузишга қарор қилганини айтди.

Давлат раҳбарига кўра, янги ташкил этилаётган Инвесторлар кенгаши ер ажратишдан бошлаб, то лойиҳа тўлиқ ишга тушгунига қадар бўлган барча жараёнларда инвесторлар дуч келадиган масалалар ва муаммоларга тезкор ечим топиш билан шуғулланади.

«Ер, тармоққа уланиш, техник шарт олиш каби масалалар бир-бири билан бевосита боғлиқ. Битта масала кечикса, бутун лойиҳа тўхтаб қолиши мумкин. «Acwa», «Vision Invest», «Data Volt», «Voltalia», «EDF» каби компаниялар юзага келаётган масалаларни доимий мулоқотлар орқали ҳал қилиб бериш тизимини жорий қилишни сўраган. Шу боис ёқилғи-энергетика соҳасида Инвесторлар кенгашини ташкил қилишга қарор қилдим. Ушбу кенгашга Президент администрацияси раҳбари Саида Шавкатовна бошчилик қилади ва бугун сизларга уни таништирмоқчиман. Нима учун инвестор билан Президент орасидаги масофани қисқартириш учун қиляпман? Сизларга маъқулми бу? Энди мен ҳам юмшоқ қилиб айтяпман, сизлар ҳам уни тушуняпсизлар. Жуда катта муаммоларимиз, камчиликларимиз, бюрократия ва коррупциямиз бор десам, бу ҳам тўғри гап. Шуларнинг ҳаммасининг олдини олиш бўйича шу чораларни қабул қилишга мажбур бўлдим мен. Кенгашнинг асосий вазифаси сизларни эшитиш, ер ажратишдан бошлаб лойиҳа ишга тушгунча бўлган жараёнларда инвесторлар дуч келадиган барча-барча масалаларга тезкор ечим топишдан иборат бўлади. Албатта, буни Администрация раҳбари бошқаради, Президент назорати эса доимий бўлади», - деди Шавкат Мирзиёев.

Теглар

Мавзуга оид

Энергетикадаги Инвесторлар кенгашига Саида Мирзиёева раҳбар этиб тайинланди: Президент бу қарорнинг сабабларини тушунтирди | Vaqt.uz