Эрон терма жамоасига АҚШ визаси берилмаяпти
Эрон миллий терма жамоаси АҚШ визаси муаммоси сабаб ЖЧ—2026 олдидан ФИФА билан музокара ўтказишни режалаштирмоқда.
© getty imagesЭрон футбол федерацияси раҳбари Меҳди Тожнинг айтишича, миллий терма жамоа футболчиларига АҚШ визаси бериш жараёни ҳалигача очиқ қолмоқда. Бу ҳақда «Al Jazeera» хабар берди.
Унинг сўзларига кўра, ФИФА билан яқин кунларда муҳим учрашув ўтказилади. Федерация раҳбари халқаро футбол ташкилоти Эрон терма жамоасига кафолат бериши шартлигини таъкидлади.
«Виза масаласи ҳали ҳам ҳал этилмаган. Бизга қарши томондан кимларга виза берилгани ҳақида ҳеч қандай маълумот келмади», деди Меҳди Тож.
Режага кўра, Эрон футболчилари виза жараёни учун бармоқ изларини топшириш мақсадида Туркиянинг Анқара шаҳрига бориши керак эди. Бироқ Эрон томони жараённи футболчилар учун енгиллаштириш мақсадида уни Анталия шаҳрида ташкил этиш устида иш олиб бормоқда.
Эрон ва АҚШ ўртасидаги дипломатик муносабатлар 1980 йилдан бери узилган. Жорий йил феврал ойи охирида АҚШ ва Исроилнинг Эронга қарши ҳаракатларидан кейин муносабатлар янада таранглашган эди.
Шу билан бирга, Эрон терма жамоасининг Шимолий Америкада ўтадиган Жаҳон чемпионатида иштирок этиши кутилмоқда. Жамоа мусобақа давомида АҚШнинг Аризона штатидаги Туксон шаҳрида яшайди.
Қуръа натижаларига кўра, Эрон «G» гуруҳидан жой олган бўлиб, Янги Зеландия, Белгия ва Миср терма жамоаларига қарши баҳс олиб боради. Режага мувофиқ, Эрон иштирокидаги барча ўйинлар АҚШ ҳудудида ўтказилиши белгиланганди.
Эрон спорт вазирининг муносабати
Аввалроқ Эрон спорт вазири Аҳмад Дунёмоли мамлакат миллий терма жамоаси АҚШ, Канада ва Мексика мезбонлик қиладиган 2026 йилги Жаҳон чемпионатида қатнашмаслигини расман эълон қилган эди.
«Коррупциялашган ҳукумат раҳнамомизни ўлдирганидан сўнг, биз учун Жаҳон чемпионатида иштирок этишга имкон берувчи ҳеч қандай шароит йўқ», — дея вазирнинг сўзларини келтиради TV2.
Эроннинг ушбу баёнотидан бир оз аввал ФИФА президенти Жанни Инфантино АҚШ президенти Доналд Трамп Эрон терма жамоасини ўз мамлакатида кўришдан хурсанд бўлишини айтган эди.





