
Эронда 59 мингга яқин фуқаро ҳаво ифлосланиши оқибатида вафот этган
Уларнинг ўлими юрак касалликлари, ўпка саратони, инсулт ва ҳаво ифлосланиши билан бевосита боғлиқ.

Эрон пойтахти ва мамлакатнинг бошқа кўплаб шаҳарларидаги эронликлар заҳарли ҳаводан нафас олишга мажбур бўлмоқда, чунки ҳокимият электр энергияси ишлаб чиқариш ва давом этаётган инқирозларни бартараф этиш учун ифлос ёқилғи ёқишга мажбур бўлмоқда.
14 та электр станциясида маъмурлар йиллар давомида электр энергияси генераторларини таъминлаш учун табиий газ тугаганда, олтингугурт ва бошқа аралашмаларга бой бўлган нефтнинг қора қолдиғи — мазутни ёқиб келишган.
Бу ҳар йили кузатувчилар сурункали нотўғри бошқарув ва эскирган инфратузилма деб атаётган ҳолат туфайли содир бўлади. Бу қаттиқ санкцияларга учраган Эроннинг табиий газ захиралари бўйича дунёда иккинчи ва хом нефт захиралари бўйича учинчи ўринда туришига қарамай юз бермоқда.
24 ноябр куни Теҳронни қалин ва бўғувчи смог қатламлари қоплади. 22 ноябр куни Теҳрон шимолида, баландлиги қарийб 4 минг метр бўлган Точал тоғидан олинган тасвирларда пойтахт ифлослантирувчи моддалар қатламлари остида кўринмай қолгани акс этган.
10 миллионга яқин аҳолиси бўлган шаҳар сўнгги бир неча кун ичида Покистоннинг Лаҳор ва Ҳиндистоннинг Ню-Деҳли шаҳарларидан кейин дунёнинг энг ифлосланган бешта шаҳри қаторига кирди.
Душанба куни эрталаб ҳаводаги PM2.5 зарраларининг юқори концентрацияси билан «жуда носоғлом» таснифи учун ифлосланиш индекси 200 дан ошди. Бу нафас олиш муаммоларини келтириб чиқариши, юрак касалликларини кучайтириши ва ўпка фаолиятини ёмонлаштириши мумкин, айниқса болалар, қариялар ва соғлиғи заиф кишилар учун хавфлидир.
Давлат телевиденияси хабар беришича, Эроннинг об-ҳаво шароити ҳафта охиригача деярли ўзгаришсиз қолиши кутилмоқда, кучли шамол ёки ёмғир деярли кутилмаяпти. Ер юзасига яқин иссиқроқ, смог билан тўлдирилган ҳавони ушлаб турадиган ва унинг тарқалишига тўсқинлик қиладиган об-ҳаво инверсиялари, шунингдек, юқори эмиссияли транспорт воситалари ва мотоцикллар вазиятни янада ёмонлаштириши мумкин.
Шунингдек, сўнгги бир ҳафта ичида мамлакатнинг катта ва кичик шаҳарларида ҳаво сифати шиддат билан ёмонлашмоқда, бу эса ўн миллионлаб одамларни хавфли ифлослантирувчи моддалар таъсирига дучор қилмоқда.
Эрон метеорология ташкилоти Теҳрон, Караж, Арак, Исфахон, Табриз, Машҳад, Аҳвоз ва Урмияда ҳаво ифлосланиши кучайиши сабабли соғлиқни сақлаш бўйича огоҳлантиришлар эълон қилди. Бир қатор шаҳарларда мактаблар ва идоралар ёпилди. Теҳрон маъмуриятлари эса, ҳавонинг хавфлилигига қарамай, ҳали ёпилиш тўғрисида қарор қабул қилгани йўқ.
Янада оғир электр узилишларининг олдини олиш мақсадида, президент Масуд Пизишкиён ҳукумати, ўтмишдошлари каби, мазут ёқишни давом эттирмоқда. Ислом инқилоби қўриқчилари корпусига алоқадор ярим расмий «Фарс» ахборот агентлиги маълумотига кўра, ноябр ойининг ўрталарига келиб, кунига 21 миллион литр (5,55 миллион галлон) ифлос кимёвий маҳсулот ёқилаётган эди.
Ўтган ҳафта Теҳронда қайта тикланадиган энергия ва электр энергияси самарадорлиги бўйича кўргазмада Энергетика вазири Аббос Алиободий журналистларга, қишки совуқ туфайли табиий газ тақчиллиги юзага келганда, электр станциялари зарурат туғилганда оғир мазутни ёқишни давом эттиришини тасдиқлади.
«Мазут ёқадиган электр станциялари паст устуворликка эга, чунки суюқ ёқилғи қимматбаҳо ва биз ундан фақат сўнгги чора сифатида фойдаланишни афзал кўрамиз», - деди у, бу ёқилғини ишлатишнинг соғлиққа таъсири ҳақида лом-лим демади.
Соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари Алиризо Раисий шу ойда давлат оммавий ахборот воситаларига, март ойида якунланган йил давомида 58 975 нафар эронлик PM2.5 заррачалари билан нафас олиш оқибатида вафот этганини маълум қилди. Бу кунига 161 ўлим деганидир.
Расмий маълумотларга кўра, қурбонлар юрак касалликлари, ўпка саратони, ўпканинг сурункали обструктив касаллиги, инсульт ва ҳаво ифлосланиши билан бевосита боғлиқ бўлган пастки нафас йўллари инфекциясидан вафот этишган.
Раисийнинг айтишича, ҳукумат соғлиқни сақлаш харажатлари, эрта ўлим, маҳсулдорликнинг пасайиши, мактабларнинг ёпилиши ва корхоналарнинг тўхтатилиши туфайли март ойигача бўлган йил давомида ҳаво ифлосланиши харажатларини 17,2 миллиард долларга баҳолаган.
2024 йил ноябр ойида Эрон давлат оммавий ахборот воситалари мазут ёқишни вақтинча тўхтатиш учун «ҳукуматнинг жасоратли ҳаракати»ни олқишлаган эди. Ўшанда ҳукумат матбуот котиби Фотима Моҳажерани буни «заҳар ишлаб чиқариш»ни «режалаштирилган электр узилишлари» билан алмаштириш деб таърифлаган эди.
Бу ҳафта Эрон бўйлаб тутун тарқалаётган бир пайтда, жамоатчилик эътиборини тортган яна бир мавзу шимолий вилоятлардаги 8 гектар (20 акр) ўрмон ва тоғли ҳудудларда юз берган ёнғинлар бўлди.
Ёнғинлар Ер юзидаги энг қадимги мўътадил ўрмон ҳисобланган, ЮНЕСКО рўйхатига киритилган Гиркания ўрмонларига таҳдид солди.
ISNA ахборот агентлигининг хабар беришича, душанба кунига келиб ёнғинлар назорат остига олинган.





