
Эронда аёлларга кўчага ҳижобсиз чиқишни тақиқловчи қонун бекор қилиндими?
2025 йил октябр бошида ижтимоий тармоқларда Эронда аёллар учун ҳижоб ортиқ мажбурий эмаслиги ҳақида хабарлар тарқалди. Бу маълумотлар ишонарлими?

Эронда ҳижоб тақиш талаби Ислом инқилобидан сўнг жорий этила бошланган. 1979 йил март ойида давлат идораларида ишловчи аёллар учун ҳижоб мажбурий қилиб белгиланган. Оятулло Хумайний ўшанда шундай деган: «Аёллар ҳижобда бўлса, ишлашда ҳеч қандай тўсиқ йўқ».
Кейинги йили бу талаб фақат давлат ходималарига эмас, балки ташкилотга ташриф буюрувчи аёлларга ҳам тегишли бўлди. 1981 йил июлидан эса ҳижоб барча жамоат жойларида мажбурий қилиб белгиланди.
1983 йили Эрон Жиноят кодексига тегишли модда киритилиб, ҳижобсиз жамоат жойларида кўринган аёллар 74 марта дарра билан жазоланиши мумкинлиги қайд этилди. Мамлакатда аёллар кийиниш тарзи устидан назорат олиб борувчи махсус патруллар («ахлоқ полицияси») тузилди.
Эрон аёллари ҳижоб тақишга қарши бир неча марта норозилик намойишлари уюштиришган. 2022 йилда Маҳса Аминийнинг вафотидан кейин мамлакатда кенг кўламли норозилик намойишлари бўлиб ўтди. Аминий ахлоқ полицияси томонидан қўлга олинган ва ҳибсхонада калтакланиш натижасида вафот этган. Шундан сўнг аёллар оммавий равишда ҳижобдан воз кеча бошлашди. Агар 2019 йилда аҳолининг 71 фоизи ҳижобнинг мажбурийлигини қўллаб-қувватлаган бўлса, Аминийнинг вафотидан сўнг бу кўрсаткич кескин пасайган.
Бунга жавобан консерватив доиралар ҳижоб ва ҳаё маданиятини тарғиб қилиш орқали оила институтини ҳимоя қилиш тўғрисидаги қонун лойиҳасини ишлаб чиқди. Унда жиноят кодексидан ҳам оғирроқ жазолар кўзда тутилган эди. Масалан, шахсий автомобил ичида ҳам ҳижобсиз юриш тақиқланган, интернетда ҳижобсиз суратлар тарқатиш ҳам назорат қилинадиган бўлган. БМТ бу қонунни аёллар шаънини камситувчи ва репрессив деб атаган. Шунга қарамай, Эрон парламенти ушбу қонунни қабул қилган — 185 депутат «ҳа» деб овоз берган, фақат 30 нафар депутат қарши чиққан.
Бироқ кейинчалик қонун қабул қилинишида тўхталиш юз берди. Эроннинг Конституцияни ҳимоя қилиш кенгаши (парламентдан юқори турувчи орган) қонун матнидаги ноаниқликлар ва ҳатто имло хатолари сабабли уни бир неча марта қайта кўриб чиқишга қайтарди. Кенгаш алал-оқибатда қонунни маъқуллаган бўлса-да, Эрон президенти Масъуд Пизишкиён уни имзолашдан бош тортган.
«Жамиятда низо ва нохушлик келтириб чиқариши мумкин бўлган қонунни қандай амалга оширишни билмайман», дея ўз қарорини тушунтирган Пизишкиён.
Шу сабабли деярли бир йилдан бери қонун кучга кирмай турибди: парламент ундан фойдаланишни талаб қилса, ҳукумат унга ўзгартириш киритиш лозимлигини таъкидламоқда.
Шу баҳс давомида, эҳтимол, ҳижоб тақишнинг бекор қилингани ҳақидаги хабарларга асос бўлган баёнотлардан бири 3 октябр куни айтилди. Эрон манфаатлар мувофиқлашув кенгаши аъзоси Муҳаммад Ризо Баҳонар парламентдаги қонунни амалиётга жорий этишнинг ҳуқуқий асоси йўқлигини маълум қилди. У шундай деди: «Кимдир ҳижоб мажбурий бўлишини хоҳлаган. Лекин мен бошиданоқ буни қўллаб-қувватламаганман — ҳозир ҳам мажбурий ҳижобга ишонмайман. Ҳижоб бўйича мажбурият кучда эмас».
Бироқ Баҳонарнинг бу гаплари Жиноят кодексидаги юқорида тилга олинган моддага тааллуқли эмас. 74 дарралик жазо ҳамон амалда. Бироқ сўнгги йилларда кўпгина аёллар бу қоидаларга риоя қилмаяпти. Iran Open Data мустақил лойиҳасининг 2023 йилги тадқиқотига кўра, сўровда қатнашган аёлларнинг 86 фоизи баъзан ҳижобсиз ҳолда жамоат жойларида кўринишини айтган. Шу билан бирга, ҳукумат ҳали ҳам бу аёлларни жазолашда давом этмоқда: инсон ҳуқуқлари ташкилоти HRANA маълумотларига кўра, 2024 йилда 30 мингдан ортиқ аёл ҳижоб қоидаларига риоя қилмагани учун таъқиб қилинган.
Эронда ҳижоб бекор қилинганига оид аниқ тасдиқловчи маълумотларни инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари сайтларидан топилмади. Аммо кўчаларда ҳижобсиз юрган аёллар ортиқ жазоланмайди, деган маълумот ҳам йўқ.
Шу мавзуда тарқатилаётган видеоларга келсак, улардаги айрим белги ва ёзувлар воқеа Эронда бўлаётганини тасдиқлаши мумкин. Бироқ видеолар бир неча алоҳида парчалардан монтаж қилинган. Уларнинг бирортаси алоҳида ҳолда интернетда мавжуд эмас. Шунингдек, видеодаги кўп аёллар жуда тор кийим ва қорни очиқ топларда кўринган — бу ҳатто ҳижобсиз юрадиган кўпгина эронликлар учун ҳам ноодатий ҳол.





