
Эронда қурғоқчиликдан қутулиш учун сунъий ёмғир ёғдирилди
Урмия кўли устида сунъий тўйинтирилган булутлар ёғдирилди, сув танқислиги янада чуқурлашса, аҳоли эвакуация қилиниши мумкин.

Эрон ҳукумати мамлакатдаги чуқур қурғоқчиликка қарши курашиш мақсадида булутларни сунъий тўйинтириш — яъни уларга ёмғир ёғдириш учун махсус моддалар сепиш амалиётини бошлади. Бу ҳақда расмий IRNA агентлиги хабар берди.
Сешанба куни самолётлар орқали Урмия кўли ҳавзасидаги булутларга калий ёки кумуш йодиди каби моддалар сепилди. Бу булутлар ичидаги сув буғи тезроқ конденсация бўлиб, ёмғир кўринишида ерга тушишига ёрдам беради. Урмия — мамлакатдаги энг йирик ички кўл ҳисобланади, аммо кейинги йилларда қурғоқчилик туфайли унинг катта қисми қуриб, тузли чўлга айланган.
Бу жараён яқин кунларда мамлакатнинг Шарқий ва Ғарбий Озарбойжон вилоятларида ҳам давом этади. Ҳар икки вилоят Урмия кўли билан чегарадош бўлиб, сув танқислигидан оғир жабр кўрмоқда.
Эрон Метеорология хизмати маълумотига кўра, мамлакатдаги ёғингарчилик миқдори сўнгги йиллардаги ўртача кўрсаткичдан 89 фоизга камайган. Теҳрондаги сув омборлари эса тўлиш даражасининг атиги 10 фоизигача тушиб кетган. Президент Масъуд Пизишкиён аҳолига сув тақсимотини чеклаш ёки ҳатто эвакуация қилиш эҳтимолини истисно этмаган.
Булутларни сунъий тўйинтириш — янги технология эмас. У БААда мунтазам қўлланилади. Қатор мамлакатларда эса бу усул байрам кунлари ёмғирнинг олдини олиш ёки экологик муаммоларни ҳал қилиш мақсадида ишлатилади.





