Эронда талабалар намойиши: вазият кескинлашмоқда
АҚШнинг зарба бериш эҳтимоли фонида Эронда талабалар норозилик акцияларини бошлади. Бир қатор университетларда аксилҳукумат шиорлар янгради.

Эронда эҳтимолий АҚШ ҳарбий зарбаси ҳақидаги кутилмалар кучайган бир пайтда талабалар иш ташлаш ва норозилик намойишларини бошлади. Бу ҳақда «The Wall Street Journal» Storyful томонидан текширилган видеоларга таяниб хабар бермоқда.
21 феврал куни, янги ўқув семестрининг биринчи кунида бир нечта университет талабалари январ ойидаги намойишларни бостириш чоғида ҳалок бўлганлар хотирасига бағишланган шиорлар билан кўчага чиққан. Улар куч тузилмалари ҳаракатларини қоралаган.
Теҳрондаги Амиркабир технология университетида қора кийимдаги намойишчилар «Яшасин шоҳ!» дея қичқирган. Бу сўзлар сўнгги монарх Ризо Паҳлавийнинг меросхўрига ишора сифатида баҳоланган. Шариф технология университетида эса Ислом инқилоби муҳофизлари корпуси — ИИМК таркибидаги «Басиж» ҳарбийлаштирилган тузилмаси аъзолари билан тўқнашувлар кузатилган. Теҳрон тиббиёт университетида талабалар ҳибсга олинганларга қўллаб-қувватлаш сифатида ўтириш акцияси ўтказган.
Кенгайган норозилик
Талабалар акцияларидан ташқари, бошқа норозилик шакллари ҳам кузатилмоқда. Қуёш ботишида балконлардан «Хоманаийга ўлим» шиорлари янграган. 40 кунлик мотам маросимлари сиёсий намойишларга айланиб, ҳалок бўлганлар қабри ёнида қўшиқ ва қарсак чалишлар билан ўтмоқда.
Эрон ўқитувчилари касаба уюшмалари мувофиқлаштирув кенгаши маълум қилишича, бир қатор шаҳарларда «Бўш парталар» акцияси ўтказилиб, ҳалок бўлган ўқувчилар ва ўқитувчилар хотирланмоқда. Инсон ҳуқуқлари билан шуғулланувчи АҚШда жойлашган « Эрон ҳуқуқ ҳимоячилари» ташкилоти маълумотига кўра, январ ойидаги намойишларда тахминан 7 минг киши ҳалок бўлган, 50 мингдан ортиқ одам ҳибсга олинган. Эрон расмийлари эса 3 мингга яқин қурбон борлигини тан олиб, жавобгарликни «террорчилар» зиммасига юклаган.
Ташқи босим ва сценарийлар
Можаролар ташқи сиёсий фон кучайган шароитда содир бўлмоқда. «WSJ»нинг ёзишича, АҚШ минтақада 2003 йилги Ироққа бостириб киришдан бери энг йирик ҳарбий-ҳаво гуруҳини жойлаштирган.
«Axios» ва «Reuters» маълумотларига кўра, Пентагон президент Доналд Трампга бир нечта сценарий таклиф этган — ядровий объектларга чекланган зарбалардан тортиб, олий раҳбар оятуллоҳ Али Ҳоманаий ва унинг ўғли Мужтабо Хоманаийга қаратилган кенг кўламли кампаниягача.
19 феврал куни Трамп Эронга ядровий келишув бўйича 10–15 кун муҳлат берганини айтиб, акс ҳолда «жуда ёмон оқибатлар» бўлишини билдирган. Оқ уй матбуот котиби Кэролайн Ливитт дипломатия устувор эканини таъкидлаган, бироқ куч ишлатиш варианти истисно этилмаган.





