Logo

Эстония Россия билан чегарани ёпмоқда. Бу қарор Ўзбекистон юк ташувчиларига ҳам таъсир қилади

Бугун 09:403 дақиқа

1 декабрдан кучга кирадиган чеклов Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғизистон ва яна уч давлат ташувчилари фойдаланадиган транзит йўналишларига таъсир кўрсатади. Эстония томони йилига тахминан 2 мингта юк қатнови ўзгариши мумкинлигини маълум қилган.

Эстония Россия билан чегарани ёпмоқда. Бу қарор Ўзбекистон юк ташувчиларига ҳам таъсир қилади © Foto: reuters

Эстония 2026 йил 1 декабрдан бошлаб Россия билан чегарадаги автомобил ўтиш пунктларини вақтинча ёпади. Чеклов нафақат икки давлат ўртасидаги йўловчи ташувларига, балки юк машиналари ҳаракатига ҳам тааллуқли. Бу қарор Россия орқали Эстонияга ёки унинг ҳудуди орқали бошқа мамлакатларга товар етказиб берадиган халқаро ташувчилар, жумладан, Ўзбекистон компаниялари фаолиятига ҳам дахл қилиши мумкин.

Эстония ҳукуматининг расмий тушунтиришида Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Арманистон, Озарбойжон ва Грузия ташувчилари алоҳида қайд этилган.

Қайси чегара пунктлари ёпилади?

Эстония ҳукумати 2026 йил 20 ноябрда Россия билан чегарадаги автомобил ўтиш пунктларида ҳаракатни вақтинча тўхтатиш тўғрисида қарор қабул қилди. 1 декабрдан кучга кирадиган чеклов бешта ўтиш пунктини қамраб олади:

  • «Narva-1»;

  • «Narva-2»;

  • «Koidula»;

  • «Luhamaa»;

  • «Saatse».

Қарорга кўра, ушбу пунктлар орқали пиёдалар ва транспорт воситаларининг чегарани кесиб ўтиши тўхтатилади. Кириш йўллари махсус тўсиқлар билан ёпилиб, ҳудуд хавфсизлигини Эстония полицияси ва Чегара қўриқлаш хизмати назорат қилади.

Чеклов тартиби камида олти ойдан сўнг қайта кўриб чиқилади. Ҳукумат хавфсизлик ҳолатидан келиб чиқиб, чораларни ўзгартириш ёки узайтириш масаласини ҳал қилади.

Расмий баёнотда бу қадам миллий хавфсизлик ва жамоат тартибини сақлаш мақсадида қўйилгани айтилган. Ҳукумат бунга сабаб сифатида Россия томонидан амалга оширилаётган душманона ҳаракатлар, хусусан, мудофаа саноати корхоналарига қилинган ҳужумлар ва разведка фаолияти билан боғлиқ хатарларни келтирган.

Эстония чегарани нега ёпмоқда?

Таллин бу қарорни Россиядан келаётган хавфсизлик таҳдидлари билан изоҳламоқда. Ҳукумат маълумотига кўра, 2026 йил давомида мамлакатдаги мудофаа саноати корхоналарига икки бор ҳужум уюштирилган. Эстония Ички хавфсизлик хизмати бу ҳодисалар ортида Россия разведкаси турганини билдирган.

Бош вазир Кристен Михалнинг таъкидлашича, Россиянинг душманона ҳаракатлари жавобсиз қолмаслиги шарт. Унинг сўзларига кўра, чегарани ёпиш Россия махсус хизматларининг одамларни ёллаш ва таъсир ўтказиш имкониятларини чеклаш, санкцияларни четлаб ўтиш ҳамда бошқа ноқонуний трансчегаравий фаолиятларнинг олдини олишга хизмат қилади.

Шу билан бирга, Эстония Ташқи ишлар вазирлиги бу чора барча хавфларни бутунлай бартараф этмаса-да, уларни сезиларли даражада камайтиришга ёрдам беришини қайд этган.

Россия эса Таллиннинг айбловларини рад этди. «Reuters» агентлиги хабарига кўра, Россия ТИВ вакили Мария Захарова Эстония қарорини «янги темир парда» ўрнатишга уриниш деб баҳолаб, Москва бунга сиёсий ва дипломатик чоралар билан жавоб қайтаришини билдирган.

Бу ўзбекистонлик юк ташувчиларга қандай таъсир қилади?

Эстония ҳукумати қарор юзасидан эълон қилган расмий савол-жавобларда Ўзбекистон номи алоҳида тилга олинган. Унда Россия орқали ўтадиган йўналишлардан фойдаланадиган олти давлат — Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Арманистон, Озарбойжон ва Грузия ташувчилари чеклов таъсирига тушиши мумкинлиги кўрсатилган.

Эстония томонининг баҳолашича, ушбу олти давлатдан келадиган йилига тахминан 2 мингта юк қатнови чеклов таъсирига тушиши мумкин. Бу қатновларнинг қарийб 80 фоизи Эстония орқали бошқа давлатларга амалга ошириладиган транзит ташувлари ҳисобланади.

Таллин ташувчилар ва юк эгаларига муқобил йўналишлар ёки бошқа логистика ечимларини излашни тавсия қилган.

Латвия муқобил йўналиш бўла оладими?

Чегара ёпилиши ташувчиларни бошқа очиқ ўтиш пунктлари ёки янги логистика ечимларини излашга мажбур қилади. Бу борада Латвия йўналиши ҳам тилга олинмоқда. «Reuters» маълумотига кўра, Латвия ва Литва Россия билан айрим чегара пунктларини ҳамон очиқ сақлаб турибди.

«ERAA» бош котиби Эрмо Перолаиненнинг айтишича, «Luhamaa» ва «Koidula» пунктларидан кунига ўтадиган юк машиналари сони ўнтага ҳам етмаган, ташувчиларнинг бир қисми эса аллақачон Латвия чегараси орқали қатнашни бошлаган.

Темирйўл орқали юк ташиш тўхтамайди

Қарорнинг муҳим жиҳати шундаки, чеклов фақат автомобил ўтиш пунктларига тегишли — Россия билан темирйўл орқали юк ташиш давом этади. Расмий маълумотга кўра, Нарвадаги темирйўл чегара пункти юк поездлари учун очиқ қолади, бироқ товарлар амалдаги санкциялар ва божхона назорати асосида қатъий текширилади.

«Koidula» темирйўл пунктидаги юк ҳаракати эса Эстониянинг ушбу қарори сабабли эмас, балки Россия томонининг бир томонлама қарори билан анча аввал тўхтатилган.

Теглар

Мавзуга оид

Эстония Россия билан чегарани ёпмоқда. Бу қарор Ўзбекистон юк ташувчиларига ҳам таъсир қилади | Vaqt.uz