Фарғонада наркотик сотишни режалаштирган ака-укаларнинг қўлга олинди
Фарғона ва Навоийда ўтказилган тезкор тадбирларда йирик миқдордаги гиёҳванд моддалар ва яширин лаборатория аниқланди.

Фарғона ва Навоий вилоятларида гиёҳвандлик воситалари савдосига қарши ўтказилган тезкор тадбирларда катта ҳажмдаги наркотик моддалар фош этилди ва бир неча шахслар қўлга олинди.
Маълумотларга кўра, тезкор тадбирда 1989 йилда туғилган маҳаллий фуқаро текширилганда, унинг сумкасидан 5 бўлакдан иборат жами 4 кг 463 грамм гашиш моддаси топилди.
Тергов давомида мазкур жиноятга алоқадор бўлган унинг 1990 йилда туғилган укаси ҳам ушланди. У муқаддам гиёҳвандлик билан боғлиқ жиноят учун судлангани маълум бўлди. Аниқланишича, ака-укалар Афғонистондан контрабанда қилинган наркотикларни Фарғона ҳудудида сотишни режалаштирган.
Ушбу ҳолат юзасидан уларга нисбатан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилиб, қамоқ эҳтиёт чораси қўлланилди. Ҳозирда тергов ҳаракатлари давом этмоқда.
Навоий шаҳрида ўтказилган алоҳида тезкор тадбирда эса 2000 йилда туғилган фуқаро қўлга олинди.
Унинг ёнидан гашиш мойи ва гашиш моддалари топилди. Кейинчалик унинг яшаш манзили кўздан кечирилиб, у ерда нарколаборатория ташкил этилгани маълум бўлди.
Хонадондан жами ўнлаб ампула, шприцлар, изолентага ўралган гашиш, 640 грамм гашиш мойи ва бошқа воситалар мусодара қилинди. Ушбу шахсга нисбатан ҳам жиноят иши қўзғатилиб, қамоқ эҳтиёт чораси қўлланилди.





