Фармацевтика 30 фоизга ўсди, лекин дорилар нега арзонлашмаяпти?
Маҳаллий дори воситаларини ишлаб чиқарилиши ва экспорти ўсиб бораётганига қарамай, бу дорихоналардаги нархларда сезилмаяпти. Vaqt.uz маҳаллий дори бозоридаги ўсиш омиллари ва нархларга таъсир қилаётган сабабларни ўрганди.
© yandexmapsСтатистика маълумотларига кўра, 2026 йилнинг биринчи 4 ойида йирик корхоналар томонидан ишлаб чиқарилган фармацевтика маҳсулотлари ҳажми 1,9 триллион сўмга етди. Бу ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 30 фоизга кўп дегани.
Хусусан, ўтган 9 йил давомида Ўзбекистонга фармацевтика тармоғига 1 миллиард 800 миллион доллар инвестиция киритилиб, 140 та фармацевтика маҳсулотини ишлаб чиқариш жойлари ишга туширилган эди. Бугунги кунда мамлакатимизда умумий 300 дан ортиқ фармацевтика корхонаси бўлиб, уларнинг 58 таси тўғридан-тўғри дори воситалари ишлаб чиқаради.
Натижада фармацевтика маҳсулотларини ишлаб чиқариш ҳажми 3,5 баробар ўсиб, 7 триллион 300 миллиард сўмдан ошди. Маҳаллий дори воситаларини ишлаб чиқариш эса 2 каррага кўпайди. Бу эса тармоқдаги имкониятлар кенгайиб бораётганини кўрсатади. Бироқ бу ўсиш тасодиф эмас, балки бир нечта тизимли омиллар билан изоҳланади.
Фармацевтика саноати нимани ҳисобига ўсмоқда?
Аввало, тармоқда йирик ишлаб чиқарувчилар улушининг ортиши муҳим омил ҳисобланади. Яъни кичик корхоналар ўрнини замонавий ва юқори қувватли заводлар эгаллаётгани натижасида ишлаб чиқариш ҳажми сезиларли даражада ошмоқда.
Маълумки, GMP стандартларининг босқичма-босқич жорий этилиши ҳам фармацевтика тармоғини кенгайтирмоқда. Бу тизим дори воситаларини ишлаб чиқариш жараёнида сифат, хавфсизлик ва назоратни қатъий талаб қилади.
Маълумот учун, ҳозирги кунда Ўзбекистонда 58 та дори ишлаб чиқарувчи корхона миллий GMP сертификатига эга.
Хусусан, 1 июндан бошлаб маҳаллий корхоналарнинг ЕвроГМП сертификатини олиш харажатларининг 50 фоизи Савдога кўмаклашиш жамғармаси ҳисобидан қоплаб берилиши белгиланган эди. Бу эса қимматроқ ташқи бозорларга чиқиш учун қўшимча имконият яратади.
Шу ўринда, GMP талабларини жорий этиш ҳам катта маблағ ва замонавий технологияларни талаб қилади. Шу сабаб кичик ишлаб чиқарувчилар йирик корхоналар билан рақобатлашишда қийинчиликка дуч келмоқда. Натижада бозорда йирик корхоналар улуши ортиб, ишлаб чиқариш ҳажми ҳам аста-секин ошиб боряпти.
Ҳудудлар кесимида фармацевтика саноати

Жадвал Миллий статистика қўмитаси маълумотлари асосида тайёрланди.
Фармацевтика маҳсулотини ишлаб чиқарилиши ҳудудлар кесимида бир хил тақсимланмаган. Масалан, энг юқори улуш Тошкент шаҳрига тўғри келади. Бу ерда ишлаб чиқариш ҳажми 1,2 трлн сўмни ташкил қилди. Бу кўрсаткич фармацевтика саноатининг асосий қисми пойтахтда жойлашганини кўрсатади.
Сирдарё вилоятида эса ишлаб чиқариш ҳажми 261,5 млрд сўмга етган. Кейинги ўринлардан Тошкент, Наманган ва Самарқанд вилоятлари жой олган. Уларнинг ишлаб чиқариш ҳажми мос равишда 123,5 млрд, 106,2 млрд ва 78,4 млрд сўмни ташкил қилган. Бу ҳудудлар ўрта даражада фаол.
Қолган вилоятларда кўрсаткичлар пастроқ. Уларда ишлаб чиқариш ҳажми 1,9 млрддан 40,3 млрдгача шаклланган. Бу эса фармацевтика саноатининг ҳудудий ривожланишида номутаносиблик мавжудлигини кўрсатади.
Маҳаллий дориларнинг асосий харидорлари қайси давлатлар?
Ўзбекистонда экспорт географияси кенгайиб бораётган бўлса-да, асосий йўналишлар яқин қўшни давлатлар ҳиссасига тўғри келади. Хусусан, Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган фармацевтика маҳсулотлари 55 та давлат бозорига етказилмоқда. Ўтган йили Қирғиз Республикасига 3,4 млн долларлик фармацевтика маҳсулотлари экспорт қилинган. Кейингги ўринларда эса Қозоғистон, Афғонистон, Туркманистон ва Тожикистон давлатлари туради. Уларнинг экспорт ҳажми 1-2,1 млн долларни ташкил қилади. Шунингдек, МДҲ давлатлари ичида Россия ҳам муҳим экспорт бозори ҳисобланади.
Бундан ташқари, ўтган йили Ўзбекистон Хитойга дори хомашёсини экспорт қилиш бўйича етакчи давлатлардан бири бўлди. Шинжон-Уйғур автоном районининг «Хоргос» назорат-ўтказиш пункти орқали мамлакатга анъанавий хитой тиббиёти учун 3 минг тонна хомашё етказилган.
Таъкидланишича, Марказий Осиёдаги қизилмия илдизи Хитой фармацевтика компаниялари орасида машҳур. 2025 йил бошидан буён логистика компанияларидан бири ушбу хомашёдан 950 тоннадан ортиқ импорт қилган.
Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятида қизилмия каби қимматбаҳо доривор ўсимликлар табиий равишда ўсади. Бу ўсимлик тиббиётда кенг қўлланилиб, кўплаб давлатлар томонидан импорт қилинади.
Шу имкониятдан фойдаланиш, экспорт ҳажмини ошириш мақсадида, 1 апрелдан бошлаб фармацевтика воситаларини ишлаб чиқариш, доривор ўсимликларни етиштириш ва қайта ишлаш бўйича янги лойиҳалар уч йил муддатга ер солиғидан озод қилинадиган бўлди. Лойиҳа ишга тушганидан сўнг уч йил давомида фойда ва мол-мулк солиғи ҳам ундирилмаслиги белгиланган.
Дорихоналарда нархлар нега арзонламаяпти?
Маҳаллий ишлаб чиқариш ҳажми ошаётганига қарамай, дорихоналардаги нархлар пасаймаяпти. Бунинг асосий сабабларидан бири эса фармацевтика тармоғида импорт хомашёнинг улуши юқорилигидир. Маълумотларга кўра, дори воситаларини ишлаб чиқаришда фойдаланиладиган субстанциялар ва бошқа хомашёнинг катта қисми Хитой ва Ҳиндистондан импорт қилинади. Импорт қилинаётган дори воситаларининг қарийб ярми 34 та хорижий ишлаб чиқарувчилар ҳиссасига тўғри келади.
Бунда халқаро бозорларда хомашё нархларининг ўзгариши ёки валюта курсидаги тебранишлар маҳаллий ишлаб чиқарувчиларнинг харажатларига бевосита таъсир қилади. Натижада ишлаб чиқариш ҳажми ошган тақдирда ҳам дорихоналардаги нархлар кутилган даражада пасаймаслиги мумкин.
Бироқ дори воситалари нархининг арзонламаётганини фақат импорт хомашёсига қарамлик билан изоҳлаш тўлиқ манзарани очиб бермайди. Uz “Pharm Blog” маълумотларига кўра, дорихоналарда дори нархларининг шаклланишини бир қанча сабаблари кўрсатилган.
Биринчидан, импорт босқичида рақобатнинг чеклангани нархга бевосита таъсир қилади. Яъни хориждан дори импорт қилиш ҳуқуқи ва имконияти ҳаммага ҳам берилмаган, бу бозорда саноқли йирик фирмаларгина асосий ўйинчи ҳисобланади. Натижада импортёрлар улгуржи бозорга қандай нархни белгилаб берса, чакана савдодаги нарх ҳам тўғридан-тўғри шунга боғлиқ бўлиб қолмоқда.
Таъкидланишича, бозордаги яна бир муаммо йирик фармацевтика маҳсулотларини етказиб берувчи компанияларининг маҳсулот тарқатишдаги ёндашувидир. Бугунги кунда кўплаб фармацевтика компанияларининг ўзларига тегишли бўлган дорихона тармоқлари бор. Улар ўз тармоқларига фармацевтика маҳсулотларини анча арзон ва имтиёзли нархларда етказиб беришади. Мустақил, кичик дорихоналарда эса худди шу товар қимматроқ нархда етказилади. Оқибатда аҳолига дорихонадаги маҳсулотлар нархи қимматроқ кўринади, аслида ҳам шундай. Бундай носоғлом рақобат муҳити узоқ давом этса, кичик дорихоналар бозордан аста-секинлик билан чиқиб кетиши мумкин.
Бундан ташқари, дори воситаларининг якуний нархига дорихоналарнинг операцион харажатлари ҳам таъсир кўрсатади. Ижара тўловлари, ходимлар маоши, коммунал хизматлар, солиқлар ва бошқа харажатлар дорихоналар томонидан устама нарх ҳисобидан қопланади.
Шу билан бирга, йирик дорихона тармоқлари маҳсулотларни катта ҳажмда харид қилиши туфайли арзонроқ нархларда таклиф қилиш имкониятига эга. Кичик дорихоналарда эса харид ҳажми чеклангани учун бу имконият камроқ.
Бозорда талаб юқори бўлган, айниқса рецептсиз сотиладиган дори воситаларида устама даражаси нисбатан юқорироқ бўлиши ҳам кузатилади. Бу ҳолат дорихоналарнинг ўз харажатларини қоплаш ва фаолиятини барқарор юритиш эҳтиёжи билан изоҳланади. Шунинг учун ҳам дорихоналардаги нархлар бир- биридан фарқ қилади.
Умуман олганда, Ўзбекистонда фармацевтика саноатида ишлаб чиқариш ва экспорт барқарор ўсиб бормоқда, маҳаллий дори воситалари улуши ҳам босқичма-босқич ортиб борайапти. Шу билан бирга, тармоқда импорт хомашёсига юқори қарамлик сақланиб қолмоқда, ишлаб чиқариш эса асосан маълум ҳудудларда жойлашган. Бозордаги рақобат ва тарқатиш тизими билан боғлиқ масалалар ҳам ҳали тўлиқ ҳал этилмаган. Шу омиллар сабаб, ишлаб чиқариш ҳажми ошганига қарамасдан, дорихоналардаги нархлар сезиларли даражада ўзгармаяпти.
Зилола Холтўраева тайёрлади





