add

Fitch Ratings «Ўзбекистон товар-хом ашё биржаси» АЖ прогнозини «ижобий»га кўтарди

Бугун 08:181484 Дақиқа

Халқаро рейтинг агентлиги Fitch Ratings «Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржаси» АЖ (ЎзРТХБ) прогнозини «барқарор»дан «ижобий»га кўтарди ва «B» даражасини тасдиқлади.

Fitch Ratings «Ўзбекистон товар-хом ашё биржаси» АЖ прогнозини «ижобий»га кўтарди

Fitch прогнозни кўтаришга икки асосий сабаб кўрсатди. Биринчидан, биржанинг контрагент риски пасайди, иштирокчиларнинг молиявий барқарорлиги яхшиланди. Иккинчидан, Ўзбекистоннинг июн ойида «BB/Барқарор»гача кўтарилган суверен рейтинги биржанинг бизнес-муҳити баҳолашига ижобий таъсир кўрсатди.

Бироқ рейтинг бир муҳим чекловга эга. Биржа активларининг 80 фоизи «Trustbank»да жойлашган. Fitch фикрича, агар «Trustbank» дефолт қилса, биржа ҳам инқирозга учрайди. Биржа 2023 йилдан бери активларни диверсификация қилишга ҳаракат қилмоқда, аммо жараён секин кетмоқда. Бу ерда ўринли савол туғилади: нима учун биржа бундай юқори концентрацияни сақлаяпти? «Trustbank» биржанинг боғлиқ томони ва улушга эга, бу эса тизимли хавф яратади.

Агентлик биржанинг бир нечта кучли томонларини алоҳида таъкидлади.

Биринчидан, комиссия асосидаги бизнес-модел қарзга муҳтож эмас, бу эса солвентлик хавфини чеклайди.

Иккинчидан, биржа клиринг фаолиятида тўғридан-тўғри контрагент хавфига дуч келмайди, чунки у агент сифатида ишлайди ва агар томонлардан бири мажбуриятни бажармаса, битим бекор қилинади.

Учинчидан, рентабеллик жуда юқори бўлиб, 2024 йилда фоиз даромадлари операцион харажатларнинг 70 фоизини қоплади. Бироқ хавф бошқаруви амалиёти ҳали такомиллаштирилмаган.

Биржада барча контрагентлар учун бир хил 10 фоиз гаров талаби амал қилади, кредит сифати ёки товар нархи ўзгарувчанлигини ҳисобга олмайди. Бу заиф нуқта, айниқса ўзгарувчан бозор шароитида.

Рейтинг янгиланиши билан бир вақтда биржа давлат харидлари платформасини жиддий янгилади. Fitch каби агентликлар нафақат молиявий кўрсаткичларга, балки операцион самарадорлик ва инновацион қобилиятга ҳам эътибор беради.

Нима ўзгарди ва бу нима учун муҳим?

iOS учун «Харидлар» иловаси ишга тушди. Буюртмачи ва иштирокчилар телефонидан тўлиқ фунционал ишлай олади.

Сунъий интеллект чатбот Call-марказ юкини камайтирди ва эълонлар модерациясида хатоларни филтрлайди.

Маҳаллий ишлаб чиқарувчилар учун ягона каталог яратилди ва буёғига бир марта тасдиқланган маҳсулотни қайта текшириш шарт эмас.

License.gov.uz билан интеграция лицензия текширувини автоматлаштирди, қоғоз ҳужжатлар ва кутиш босқичлари йўқолди. Буларнинг барчаси бирлашиб, ҳар бир босқичда тезлик ортади, ҳар бир нуқтада шаффофлик кучаяди. Натижада буюртмачилар тезроқ ҳаракат қилади, иштирокчилар камроқ тўсиқларга дуч келади, ишлаб чиқарувчилар эса бозорга тезроқ киради. Fitch буни «операцион интизом» ва «рақамли инфратузилма» деб баҳолайди, бу ижобий сигнал.

ЎзРТХБ даромад моделини тушуниш мантиқни англаш учун муҳим. Биржанинг асосий даромад манбалари товар савдоси ва клиринг комиссиялари ҳисобланиб, 2024 йилда даромаднинг 61 фоизини ташкил этди. Бундан ташқари, биржа ўз ликвидли активларидан фоиз олади, бу 2024 йилда операцион харажатларнинг 70 фоизиини қоплаган.

Биржа давлат тендерларини қўллаб-қувватлайди ва бу давлат органлари ва давлат корхоналари учун мажбурий. 2024 йилда бу йўналиш даромаднинг 7 фоизини ташкил этди. ЭБИТДА маржаси жуда юқори, бу автоматлаштирилган ва самарали операцияларни акс эттиради.

Биржанинг бозор улуши 2025 йил II ярим йиллигида 90 фоизини ташкил этди, маҳаллий рақобат деярли йўқ. Ҳукумат ислоҳотлари дастури биржага фойда келтириб, кўпроқ товарлар ва давлат харидлари биржа орқали ўтказилмоқда.

Пахта ва металлар каби товарлар маҳаллий иқтисодиётнинг муҳим қисми, аммо Fitchʼнинг таъкидлашича, биржанинг франшизаси банклар каби диверсификацияланган молиявий институтларга нисбатан ҳали кичик ва концентрланган.

Биржанинг прогноз кўтарилиши Ўзбекистон суверен рейтингининг июнда «BB»гача кўтарилиши билан бевосита боғлиқ. Fitch бу қарорни республикада ислоҳотларнинг тезлашиши, макроиқтисодий хавфларнинг камайганлиги ва структуравий кўрсаткичларнинг яхшиланиши билан асослади.

Энергия тарифларини либераллаштириш ва энергетика секторига субсидияларни қисқартиришнинг натижасида бюджет дефицити 2024 йилда 3,3 фоизгача камайди. Fitch 2025-2026-йилларда дефицитнинг 3 фоиздан ошмаслигини ва бюджет даромадларининг ошиши қўшимча фискал буфер яратишини прогноз қилмоқда.

Агентлик 2025-2026-йилларда иқтисодий ўсиш ўртача 6,3 фоизни ташкил этишини кутмоқда. 2025 йил II чорагида ўсиш 6,8 фоизни ташкил этди. Бу биржа учун ижобий фон яратади. Яъни иқтисодиёт ўсса, товар савдоси ҳам ўсади.

«B»  рейтинги инвестиция даражаси эмас, бу спекулятив даража. Бироқ «ижобий» прогноз агар биржа самарадорликни сақлаб қолса ва Ўзбекистон суверен рейтинги янада яхшиланса, кейинги кўтарилиш учун эшик очиқ деган муҳим сигнални беради. Fitch рейтинги ошиши учун биржа ликвидликни диверсификация қилиши (юқори рейтингли бир нечта банкда) ва хавф бошқарувини яхшилаши керак. Рейтинг пасайиши учун эса контрагент хавфининг ошиши ёки катта йўқотишлар етарли.

ЎзРТХБ бир вақтнинг ўзида икки йўналишда ҳаракат қилмоқда. Технологик жиҳатдан давлат харидларини соддалаштиряпти ва тезлаштиряпти, молиявий жиҳатдан эса барқарор рентабеллик ва Ўзбекистон суверен рейтингининг яхшиланишидан фойдаланмоқда.

Рейтинг агентлиги биржанинг операцион интизоми ва рақамли инфратузилмасини юқори баҳолади, аммо «Trustbank»да юқори концентрация асосий чеклов бўлиб қолмоқда. Агар биржа диверсификацияни амалга оширса, рақамлаштириш жараёнини чуқурлаштирса ва Ўзбекистон иқтисодий ўсишни сақлаб қолса, кейинги бир-икки йилда янада юқори рейтинг кутиш мумкин.

Теглар

Мавзуга оид