add

Фонд бозори: октябр ойида биржа ҳажми пасайди, OTC кескин ошди

Бугун 09:481202 Дақиқа

Ўзбекистон фонд бозори октябр ойида икки алоҳида йўналишни кўрсатди. Тошкент фонд биржасида умумий савдо ҳажми 28,9 фоизга қисқарди, лекин битимлар сони 14,4 фоизга ошди.

Фонд бозори: октябр ойида биржа ҳажми пасайди, OTC кескин ошди

Биржадан ташқари (OTC) савдолар эса ўтган йилга нисбатан 2,3 баравар кенгайди. Оддий қилиб айтганда, майда позицияли янги иштирокчилар биржада кўпаймоқда, йирик блок-битимлар эса кўпроқ OTC томонга йўналган.

Биржадаги айланманинг 85 фоиздан ортиғи банк қимматли қоғозларида шаклланди. «Orient Finans Bank» 736,4 млрд сўмлик ҳажм билан бутун бозорнинг қарийб тўрт уч қисмини эгаллади. «InFinBank» имтиёзли акциялари 60 млрд сўм билан кейинги ўринда. Саноат томонда «Uz-SaeMyung» Ko 58,9 млрд сўм, «Oʻz-Tong Hong» 23 млрд сўм савдо қилишга эришди. Корпоратив облигацияларда «Delta MFO» қоғози 20 млрд сўм билан топ-10 га кириб, қисқа муддатли, юқори даромадли инструментларга талаб сақланаётганини кўрсатди.

Битимлар сонида «Капитал Суғурта», «Қашқадарё Технологик Транспорт», «Ҳамкорбанк», ЎзРТХБ ва «Чилонзор буюм савдо комплекси» етакчилиги кўзга ташланади. Нархлар кесимида Қашқадарё Технологик Транспортда сезиларли пасайиш кузатилган бўлса, «Ҳамкорбанк», ЎзРТХБ ва «Ўзбектелеком»да ўсиш қайд этилди. Бу катта чеклар кўпроқ банкларда, тез-тез такрорланувчи майда битимлар эса хизмат ва телекомда жамланаётганини англатади.

Nego board савдоси 561,1 млрд сўмга етди, битимлар сони 5 369 тага чиқди. Улушларда «UzBAT», Технологик Металлар комбинати ва «Apex Bank» пешқадамлик қилди. Бу профессионал блок-битимлар кўпроқ биржа ташқарисида ёпилаётганини англатади. Натижада, айрим вақтларда биржадаги сўнгги нархлар реал йирик талаб-таклифни тўлиқ акс эттирмаслиги мумкин, чунки асосий ҳажм OTCда шаклланмоқда.

Банклараро ставкалар Марказий банк қайта молиялашидан ўртача 6,69 пункт юқори. Муомаладаги давлат қимматли қоғозлари қолдиғи 100,3 трлн сўм, ўртача йиллик даромадлилик 16,3 фоиз. Демак, паст хатарли активларда минимал кутиладиган даромад шаклланган.

Хусусий эмитентлар капитал жалб этишда аниқ бизнес натижалари ва нақд пул оқимини кўрсатиши, давлат қоғозлари тахминан 16 фоиз даромад бераётган бўлса, хусусий компания инвесторни жалб қилиш учун бундан юқори фоиз таклиф қилиши керак. Оддий қилиб айтганда, фоиз камида 20-25 фоиз атрофида бўлиши керак, шунда капитал жалб қилиш мантиқан оқланади.

Инвесторлар портфелининг 20-30 фоиз қисмини тез сотиладиган активларда сақлагани маъқул (нақд, давлат облигациялари, кўп савдо қилинадиган «blue-chip» акциялар). Мунтазам дивиденд тўлайдиган компанияларни портфелнинг «асосий устуни» қилиш, нақд оқим барқарорлиги орқали нарх тебранишини юмшатади. 6-12 ойлик, юқори фоизли корпоратив облигацияларни кичик улушда қўшиш умумий рентабелликни кўтаради. Портфелнинг бир қисмини (масалан, 5-10 фоизини) доллар ёки олтин билан боғлиқ активларда тутиш тўғри қарор бўлади.

Бозор энига кенгаймоқда, аммо йирик ликвидлик селектив, яъни институционал капиталнинг қайтиш тезлиги, фоизларнинг динамикаси ва эмитентлар сифати кейинги чорак натижасини белгилайди. Ҳозирча энг ишончли ёндашув барқарорлик, диверсификация ва эҳтиёткор ликвидлик бошқаруви бўлиб қолмоқда.

Теглар

Мавзуга оид

Фонд бозори: октябр ойида биржа ҳажми пасайди, OTC кескин ошди | Vaqt.uz