Logo

«Fonon» заргарлик заводи 316,7 млрд сўмга сотувга қўйилди

Кеча 21:563 дақиқа

Давлат «Fonon» заргарлик заводига эгалик қилувчи компаниядаги 100 фоиз улушини сотмоқда. Компания 2026 йилнинг биринчи ярмида 33,4 млрд сўм фойда қилган, аввалги йилларда зарарда бўлган. Унинг мажбуриятлари активларидан 107,3 млрд сўмга кўп. Харидор компанияни 305,9 млрд сўмлик кредиторлик қарзи билан бирга қабул қилади.

«Fonon» заргарлик заводи 316,7 млрд сўмга сотувга қўйилди © Foto: e-auksion

Давлат активларини бошқариш агентлиги «Fonon» заргарлик заводига эгалик қилувчи «Gold Moon Tashkent» компаниясидаги 100 фоиз давлат улушини очиқ аукционга қўйди.

Давлат улушининг бошланғич нархи 316,7 млрд сўм этиб белгиланган. Аукцион 28 сентябрь куни соат 10:00 да бошланади, аризалар шу куни соат 9:00 гача қабул қилинади.

Савдода қатнашиш учун 9,5 млрд сўм закалат киритиш керак. Аукцион нархни ошириб бориш усулида ўтказилади ва биринчи қадам бошланғич нархнинг 5 фоизини ёки 15,8 млрд сўмни ташкил этади.

fonon 1

Компания тасарруфида Тошкент шаҳри Чилонзор туманидаги 2,56 гектар ер ҳамда умумий майдони 11,37 минг кв метр бўлган бино ва иншоотлар мавжуд. Асосий фондларнинг баланс қиймати 110,7 млрд сўмни, эскириш даражаси эса 33,2 фоизни ташкил этади.

Аукционга илова қилинган корхона паспортидаги молиявий кўрсаткичларга кўра, «Gold Moon Tashkent» 2025 йилда 413,8 млрд сўм жами даромад олган. Бу бир йил олдингидан қарийб 1 фоизга кам.

Компаниянинг соф зарари 2024 йилдаги 12,3 млрд сўмдан 2025 йилда 7,8 млрд сўмгача қисқарган. 2026 йилнинг биринчи ярмида эса корхона 281,9 млрд сўм даромад ва 33,4 млрд сўм соф фойда қайд этган.

Шунга қарамай, компаниянинг молиявий ҳолати тўлиқ тикланган деб бўлмайди. 1 июль ҳолатига унинг активлари 443 млрд сўмни, мажбуриятлари эса 550,3 млрд сўмни ташкил этган. Натижада соф активлар минус 107,3 млрд сўм бўлиб қолмоқда.

Таққослаш учун, 2025 йил якунида манфий соф активлар 140,8 млрд сўм эди. Демак, ярим йилда бу кўрсаткич 33,5 млрд сўмга яхшиланган, аммо ҳали ҳам мусбат даражага чиқмаган.

E-auksion маълумотида компаниянинг кредиторлик қарзи 305,9 млрд сўм, дебиторлик қарзи эса 13,2 млрд сўм экани кўрсатилган. Харидор давлат улушини жамиятнинг барча кредиторлик ва дебиторлик қарзлари билан бирга қабул қилади.

Бундан ташқари, «Gold Moon Tashkent» балансидаги бино ва иншоотларга тижорат банки томонидан тақиқ қўйилган. Лот картасида тақиқ қайси банк томонидан, қандай сабабга кўра ва қайси мажбурият доирасида қўйилгани очиқланмаган.

Харидорга корхона қийматини 36 ойгача бўлиб тўлаш имконияти берилади. Дастлабки тўлов 35 фоиздан кам бўлса, қолган суммага Марказий банк асосий ставкаси миқдорида фоиз ҳисобланади.

Лот шартларида харидор учун қўшимча инвестиция киритиш ёки муайян миқдордаги иш ўринларини сақлаш ва яратиш мажбурияти кўрсатилмаган.

Ходимлар сони бўйича очиқ маълумотларда тафовут ҳам бор. E-auksion лот картасида корхонадаги ўртача йиллик ходимлар сони 459 киши деб кўрсатилган, унга бириктирилган корхона паспортида эса 309 киши келтирилган. Бу фарқнинг сабаби изоҳланмаган.

«Fonon» заводи 2021 йилда собиқ шу номдаги илмий-ишлаб чиқариш корхонаси базасида очилган. Лойиҳа қиймати ўша пайтда қарийб 21 млн долларга баҳоланган, корхонанинг йиллик ишлаб чиқариш қуввати 6 тонна заргарлик буюмини ташкил этиши айтилган эди.

Заргарлик уйи ҳам сотиладими?

«Fonon» номи завод ва заргарлик уйи учун бирга ишлатилса-да, улар юридик жиҳатдан айнан бир актив эмас. Fonon расмий сайтига кўра, заргарлик заводи «Gold Moon Tashkent» томонидан ташкил этилган. Сайтнинг оммавий офертасида эса заргарлик буюмларини сотувчи сифатида бошқа компания — «Empire Jewelry» МЧЖ кўрсатилган.

Шу сабабли аукционга Fonon заргарлик уйи ва унинг дўконлар тармоғи ҳам қўйилган, деб бўлмайди. Лот ҳужжатларида фақат «Gold Moon Tashkent»даги 100 фоиз давлат улуши савдога чиқарилгани қайд этилган. «Empire Jewelry»даги улушлар, дўконлар тармоғи ёки FONON товар белгисининг янги мулкдорга ўтиши ҳақида маълумот берилмаган.

Теглар

Фозил Қамбаров

Фозил ҚамбаровМақолалар сони: 286

Барчаси

Мавзуга оид