Футбол клубларининг ҳар бирига давлат бюджетидан 35 млрд сўмдан ажратилади

Бугун 18:552 дақиқа

2026 йилдан Ўзбекистон Суперлига клублари тўғридан-тўғри давлат бюджети ҳисобидан молиялаштирилади ва уларга солиқ имтиёзлари тақдим этилади.

Футбол клубларининг ҳар бирига давлат бюджетидан 35 млрд сўмдан ажратилади

2026 йилги мавсумдан бошлаб Ўзбекистон чемпионати — Суперлига иштирокчи клублари давлат бюджети ҳисобидан тўлиқ молиялаштирилиши белгиланди. Президентнинг «Спорт соҳасини молиялаштириш механизмларини такомиллаштириш ва соҳага тадбиркорлик субъектларини жалб қилишни кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига мувофиқ, 16 та клуб учун жами 560 миллиард сўм ажратилади. Бу ҳар бир жамоага ўртача 35 миллиард сўмдан тўғри келади.

Ҳужжатга кўра, ушбу механизм орқали футбол клубларини молиявий барқарорлаштириш, бошқарувни замонавийлаштириш ва тадбиркорларни соҳага жалб қилиш кўзда тутилган. Шунингдек, корпоратив бошқарув тизимини жорий этиш ва хусусий сектор иштирокини босқичма-босқич ошириш режалаштирилмоқда.

Кейинги йилларда давлат молиялаштириш босқичлари

Кейинги йилларда давлат молиялаштириши босқичма-босқич камайтирилади. Жумладан, 2027 йилда ҳар бир клубга 30 миллиард сўм, 2028 йилда эса 25 миллиард сўмдан ажратилиши белгиланган. Бу эса клубларни мустақил даромад манбаларига ўтишга ундашни мақсад қилади.

Қарор доирасида футбол инфратузилмасини ривожлантириш учун ҳам қўшимча имкониятлар яратилмоқда. Хусусан, клубларни сотиб олиш ёки спорт объектларини қуриш ва реконструкция қилиш учун 5 йиллик кредитлар ажратилади. Ушбу кредитлар 14 фоиз ставкада ва 1 йиллик имтиёзли давр билан берилади.

Солиқ имтиёзлари

Молиявий ислоҳотлар доирасида солиқ имтиёзлари ҳам жорий этилди. Энди Суперлига ва Пролига клубларида жисмоний шахслар даромад солиғидан озод этилади, ижтимоий солиқ эса 1 фоиз этиб белгиланади. Бу қарор клублар харажатларини камайтиришга хизмат қилиши кутилмоқда.

Шу билан бирга, Спорт вазирлиги қошида махсус жамғарма ташкил этилиб, 2026 йилда унга 700 миллиард сўм ажратилади. Ушбу жамғарма орқали соҳадаги янги ташаббуслар молиялаштирилади.

2025 йил январь ҳолатига кўра, Ўзбекистон чемпионати (Суперлига) даги 16 та футбол клубидан атиги 3 таси — «Динамо,» «Пахтакор» ва «Сурхон» хусусий ҳомийларга эга (Agromir, Akfa ва Eriell). Қолган жамоалар давлат компаниялари, жумладан, «Ўзбекнефтгаз», вилоятлар ҳокимликлари ва бошқалар томонидан молиялаштирилади.

Теглар

Мавзуга оид