«Ғарбга элтувчи кўприк»: Гуржистон Марказий Осиё билан алоқаларни кучайтиришни хоҳламоқда
Бош вазир Ираклий Кобахидзенинг сўзларига кўра, Қозоғистон ва Ўзбекистон билан муносабатлар стратегик шериклик даражасига кўтарилган, шунингдек, Қирғизистон, Тожикистон ва Туркманистон билан ҳам қатор муҳим келишувларга эришилган.
© prezident.uzГуржистон бош вазири Ираклий Кобахидзе мамлакат ҳукумати Марказий Осиё давлатлари билан сиёсий ва савдо-иқтисодий ҳамкорликни янада чуқурлаштириш ниятида эканини билдирди.
Ҳукумат йиғилишида сўзга чиққан Кобахидзенинг таъкидлашича, Гуржистон Марказий Осиёни Қора денгиз ва Ғарб бозорлари билан боғловчи муҳим транзит давлат ҳисобланади.
«Марказий Осиё мамлакатлари билан ҳамкорлигимиз алоҳида сиёсий ва иқтисодий аҳамиятга эга. Гуржистон еттита давлатни Қора денгиз ва ўз навбатида, Ғарб дунёси билан боғловчи кўприк ҳисобланади. Шундан келиб чиқиб, мазкур транзит вазифасини ривожлантиришда Марказий Осиё давлатлари билан муносабатларимизга жиддий эътибор қаратилмоқда. Келгусида ҳукумат минтақа мамлакатлари билан сиёсий ҳамда савдо-иқтисодий алоқаларни янада чуқурлаштириш учун барча имкониятларни ишга солади», — деди Кобахидзе.
Стратегик шерикликлар
Ираклий Кобахидзе 2026 йил давомида Марказий Осиё мамлакатлари билан ўтказилган олий даражадаги мулоқотлар натижаларига ҳам тўхталган.
Унинг қайд этишича, июн ойида Қозоғистонга амалга оширилган расмий ташриф чоғида икки давлат ўртасида стратегик шериклик ўрнатилган.
Шунингдек, Шавкат Мирзиёевнинг Тбилисига ташрифи давомида Ўзбекистон билан ҳам стратегик даражадаги муносабатлар ўрнатилган.
Янги келишувлар
Кобахидзенинг айтишича, июн ойида Қирғизистон ва Тожикистонга амалга оширилган ташрифлар давомида ҳам қатор икки томонлама келишувлар имзоланган.
Июл ойида эса Туркманистон президенти Сердар Бердимуҳамедов Гуржистонга ташриф буюриб, икки мамлакат турли соҳаларда ҳамкорликни кенгайтиришга қаратилган ҳужжатлар пакетини имзолаган.





