Ғазодаги геноцидда қатнашган хорижликлар рўйхати эълон қилинди: унда ўзбекистонликлар ҳам бор

16.02.2026 | 14:108 дақиқа

72 мингдан ортиқ фаластинликнинг ёстиғини қуритган Ғазодаги қирғинбарот урушда қатнашиш учун минглаб Ғарб фуқаролари ва Марказий осиёликлар Исроил армияси сафига қўшилган.

Ғазодаги геноцидда қатнашган хорижликлар рўйхати эълон қилинди: унда ўзбекистонликлар ҳам бор

Дунё давлатлари фуқароларининг Исроил армияси таркибида Ғазодаги геноцид урушида иштирок этиши фаластинликларга қарши ҳарбий жиноятларга алоқадор хорижликларнинг халқаро ҳуқуқий жавобгарлиги масаласини кун тартибига олиб чиқди.

Исроилнинг «Hatzlacha» нодавлат ташкилоти томонидан Ахборот эркинлиги тўғрисидаги қонун асосида қўлга киритилган маълумотларга кўра, Исроил армиясида хизмат қилаётган 50 мингдан ортиқ аскар камида яна бир давлат фуқаролигига эга. Уларнинг аксарияти АҚШ ёки Европа паспортлари эгаларидир.

2023 йил 7 октабрдан буён Исроилнинг Ғазода олиб бораётган ва ҳуқуқни ҳимоя қилиш ташкилотлари томонидан ҳарбий жиноят ҳамда инсониятга қарши жиноят деб баҳоланган қирғинбарот уруши оқибатида камида 72 061 киши ҳалок бўлди.

Бутун дунёдаги ҳуқуқ фаоллари ҳарбий жиноятларга, айниқса Ғазодаги хунрезликларга алоқадор хориж фуқароларини аниқлаш ва жавобгарликка тортишга уринмоқда. Ушбу шахсларнинг кўпчилиги ўз ваҳшийликлари акс этган видеоларни ижтимоий тармоқларга жойлагани билан танилган.

Хўш, илк бор ошкор этилган бу маълумотлар Исроил армияси ҳақида нима дейди? Икки фуқароликка эга аскарлар учун бунинг ҳуқуқий оқибатлари қандай бўлиши мумкин?

1

Исроил армиясида қайси давлат фуқаролари энг кўп хизмат қилмоқда?

Ғазодаги геноцид давомида Исроил армияси сафида жами 50 мингдан ортиқ хорижлик аскар жанг қилган. Уларнинг орасида АҚШ паспортига эга камида 12 135 нафар аскар бор ва улар рўйхатда катта фарқ билан етакчи.

Бундан ташқари, АҚШ ва Исроил фуқаролигидан ташқари учинчи давлат паспортига ҳам эга бўлган яна 1 207 нафар аскар Исроил армиясида хизмат қиляпти.

«Hatzlacha» ташкилотининг юридик маслаҳатчиси, исроиллик адвокат Элад Ман тақдим этган маълумотларга таяниб, «Al Jazeera» нашрининг ёзишича, Исроил армиясида 6 127 нафар Франция фуқароси бор.

Илк бор бундай маълумотларни ошкор қилган Исроил ҳарбийларининг қайд этишича, бир неча фуқароликка эга аскарлар ҳисоботда ҳар бир давлат бўйича такроран саналган бўлиши мумкин.

Бу рақамлар 2025 йил март ҳолатига, яъни Ғазодаги вайронкор уруш бошланганидан 17 ой ўтиб шакллантирилган рўйхатга асосланган.

Рўйхатда учинчи ўринни Россия эгаллаган: 5 067 нафар фуқаро. Кейинги поғоналардан 3 901 нафар украиналик ва 1 668 нафар германиялик ҳарбий хизматчилар жой олган.

Маълумотларга кўра, 1 686 нафар аскар Британия ва Исроил қўш фуқаролигига эга. Уларнинг сафига Британия ва Исроил паспортидан ташқари бошқа давлат фуқаролиги ҳам бўлган яна 383 аскар қўшилади.

Халқаро судга Исроил устидан геноцид даъвоси билан чиққан Жанубий Африка Республикасининг ҳам 589 нафар фуқароси Исроил армияси сафида хизмат қилаётгани маълум бўлди.

Шунингдек, ўзининг Исроил фуқаролигига қўшимча равишда Бразилия паспортига эга 1 686 нафар, Аргентина — 609, Канада — 505, Колумбия — 112 ва Мексика фуқаролиги бўлган 181 нафар аскар рўйхатга олинган.

Ҳисоботга кўра, Ғазога қарши жангларда икки фуқароликка эга 264 нафар Ўзбекистон, 189 нафар Қозоғистон, 52 нафар Қирғизистон, 31 нафар Туркманистон ва 8 нафар Тожикистон фуқаролари қатнашган.

Исроил армияси тахминан 169 минг нафар доимий ҳарбий хизматчи ва 465 минг нафар захирадаги аскардан иборат бўлиб, уларнинг қарийб саккиз фоизи икки ёки ундан ортиқ фуқароликка эга.

Ғазодаги ҳарбий жиноятлар учун икки фуқароликка эга шахслар судланиши мумкинми?

«Халқаро ҳуқуққа кўра, фуқаролик тўғрисидаги миллий қонунлар нима дейишидан қатъи назар, ҳарбий жиноятлар жиноий жавобгарликни келтириб чиқаради», — деди Қатардаги Ҳамад бин Халифа университетининг трансмиллий ҳуқуқ профессори Илиас Бантекас «Al Jazeera»га.

Бантекаснинг қўшимча қилишича, агар бунинг акси бўлганида, ўз қонунлари ваҳшийлик қилишга рухсат берган ва мажбурлаган нацистлар Германияси вакиллари жавобгарликка тортилмаган бўларди.

«Жиноий жавобгарлик масаласида икки фуқаролик ҳеч қандай аҳамиятга эга эмас», — дейди у.

Бироқ, унинг таъкидлашича, айбланувчиларни таъқиб қилишдаги асосий муаммо — «уларни ўз ҳудудингизга олиб келиш ва суд олдида жавоб беришга мажбурлашдир».

Бантекас, шунингдек, жавобгарлик масаласида маҳаллий аскарлар ва икки фуқароликка эга бўлганлар ўртасида ҳеч қандай фарқ йўқлигини айтди.

«Аслида, қўш фуқароликка эга шахслар хорижий можароларда ҳарбий хизматни ўташ ёки бошқа давлатлар армиясига қўшилишни тақиқловчи қонунлар асосида қўшимча жавобгарликка тортилиши ҳам мумкин», — дейди профессор.

Унинг қайд этишича, хорижий фуқароларни судга тортиш — «аллақачон одатий ҳолга айланган амалиёт».

«Иккинчи жаҳон урушидан кейин Иттифоқчилар трибуналида судланган немис нацистларини, АҚШ ҳарбий судлари томонидан ҳукм қилинган япон зобитларини ёки Босния можароси давридаги жиноятларда айбланиб, Европанинг турли судларида жавобгарликка тортилган шахсларни эслаш кифоя», — дея таъкидлади Бантекас.

2

Ғазодаги ҳарбий жиноятлар учун хориж фуқаролари судландими?

Ғазода ҳарбий жиноятлар содир этгани учун икки ёки ундан ортиқ фуқароликка эга шахслар ҳозирча ҳибсга олингани йўқ. Бироқ ҳуқуқни ҳимоя қилиш гуруҳлари, жумладан, адвокатлар уларни жиноий жавобгарликка тортишга уринмоқда.

Ўтган йилнинг апрел ойида Ғазода жойлашган Фаластин инсон ҳуқуқлари маркази (PCHR) ва Буюк Британиядаги Жамоат манфаатлари ҳуқуқий маркази (PILC) Лондон полициясига 240 саҳифалик ҳисобот тақдим этди.

Исм-шарифлари жамоатчиликка ошкор этилмаган 10 нафар Британия фуқаросига нисбатан илгари сурилган айбловлар орасида 2023 йил октябрдан 2024 йил майгача бўлган даврда қотиллик, одамларни мажбуран кўчириш ва гуманитар ходимларга ҳужум қилиш каби жиноятлар бор.

Ўтган йилнинг сентябр ойида PCHR, Европа конституциявий ва инсон ҳуқуқлари маркази (ECCHR), «Al-Haq» ва «Al-Mezan» инсон ҳуқуқлари маркази томонидан Германияда 25 ёшли аскарга қарши иш очилди. Мюнхенда туғилиб ўсган ушбу ҳарбий Ғазода тинч аҳоли вакилларини ўлдиришда иштирок этганликда айбланмоқда.

2023 йил ноябр ва 2024 йил март ойлари оралиғида Ғазонинг «Al-Quds» ва «Nosir» шифохоналари яқинида ўқ узгани ҳужжатлаштирилган ушбу мерган «Refaim» (ибронийчада «арвоҳ») деб номланувчи бўлинма аъзоси бўлган.

Худди шу бўлинма аъзоларига нисбатан Франция, Италия, Жанубий Африка ва Белгияда ҳам ҳуқуқий жараёнлар бошланган.

Белгия прокуратураси ҳам ўтган йилнинг октябр ойида «Refaim» аъзоси бўлган 21 ёшли Белгия-Исроил фуқароси устидан суд терговини бошлади.

Исроилдаги мажбурий ҳарбий хизмат тўғрисидаги қонун хорижда яшовчи қўш фуқароликка эга шахсларни хизматдан озод қилади. Бу эса уларнинг армияга қўшилиши ихтиёрий қарор эканини англатади ва хорижий судларда кўрилаётган ишларда муҳим фарқловчи омил ҳисобланади. Адвокатларнинг таъкидлашича, ҳарбий хизматнинг ихтиёрий эканлиги аскарларнинг содир этилган жиноятлар учун жавобгарлигини янада оширади.

3

Хорижий урушлардаги аскарлар ҳақида халқаро ҳуқуқ нима дейди?

Жанубий Африка Республикаси 2023 йил декабр ойида Халқаро судга (ICJ) мурожаат қилиб, Исроилнинг Ғазодаги уруши 1948 йилги Геноцид жиноятининг олдини олиш ва жазолаш тўғрисидаги БМТ конвенциясини бузаётганини айтди.

Гарчи якуний қарор чиқиши учун йиллар керак бўлса-да, ICJ 2024 йил январ ойида вақтинчалик чоралар белгилади. Унда Исроилга Ғазода геноцид ҳаракатларининг олдини олиш ва гуманитар ёрдамнинг тўсиқсиз киришини таъминлаш буюрилган эди. Бироқ Исроил Халқаро суднинг оралиқ буйруғини бузган ҳолда Ғазога ёрдам етказиб беришни чеклашда давом этмоқда.

1948 йилги Геноцид конвенциясига кўра, шартномага аъзо давлатлар геноциднинг олдини олиш ва жазолаш бўйича мажбурият олган. Мамлакатлар ушбу жиноятни содир этган ёки унга шерик бўлган шахсларни тергов қилиши ва жиноий жавобгарликка тортиши мумкин.

Ўтган йилнинг март ойида Фаластинликлар учун халқаро адолат маркази (ICJP) «Global 195» кампаниясини эълон қилди. Мақсад — Ғазодаги ҳарбий жиноятлар ва инсониятга қарши жиноятлар учун исроиллик ҳамда қўш фуқароликка эга шахсларни жавобгарликка тортишдир.

Халқаро жиноий суд (ХЖС) Рим статутига аъзо давлатлар учун қўшимча имконият мавжуд: ХЖС бу ерда ўз юрисдикциясини қўллаши мумкин. Фаластин 2015 йилдан бери ушбу статутнинг аъзоси ҳисобланади.

Фаластин давлати БМТга аъзо 193 давлатдан 157 таси томонидан суверен давлат сифатида тан олинган бўлиб, бу халқаро ҳамжамиятнинг 81 фоизини ташкил этади. Яқинда Франция, Белгия, Канада, Австралия ва Буюк Британия ҳам Фаластинни тан олди.

Агар хорижий фуқаронинг мамлакати Фаластинни «дўст давлат» деб билса, у Исроил армиясининг Ғазодаги ҳарбий жиноятларида қатнашгани учун жиноий жавобгарликка тортилиши мумкин.

4

«Ҳинд Ражаб» фонди ҳарбий жиноятларда айбланаётганларни қандай кузатмоқда?

2024 йил 29 январда Исроил аскарлари томонидан ўлдирилган ва ўлими Ғазодаги геноциднинг рамзига айланган беш ёшли фаластинлик қизалоқ шарафига номланган «Ҳинд Ражаб» фонди Исроил аскарлари ҳақида уларнинг шахсини аниқлаш имконини берувчи катта ҳажмдаги маълумотларни тўпламоқда.

Белгияда жойлашган ушбу фонд Ғазодаги ҳарбий жиноятлар учун жавобгарликка тортиш бўйича халқаро саъй-ҳаракатларнинг етакчи кучи ҳисобланади. Фонд бир нечта даъво аризаларини, жумладан, 1000 нафар исроиллик аскарга қарши қаратилган тарихий аҳамиятга эга шикоятни киритган.

Шикоятда фонд кўплаб қўш фуқароликка эга шахсларни аниқлаган. Улар орасида 12 нафар Франция, 12 нафар АҚШ, 4 нафар Канада, 3 нафар Буюк Британия ва 2 нафар Нидерландия фуқароси бор.

Исроил аскарлари TikTok, Instagram ва YouTube каби ижтимоий тармоқларда Ғазодаги ваҳшийликлари билан мақтанган видеолар жойлаштиргани учун фонд ушбу платформаларни синчковлик билан ўрганиб чиқди. Тўпланган далиллар ҳарбий жиноятларда айбланаётганларни таъқиб қилишда ишлатилмоқда.

«Биз Халқаро жиноий судга киритган шикоятимизда номи келтирилган 1000 нафар аскардан ташқари, яна кўплаб қўш фуқароликка эга шахсларнинг маълумотларига эгамиз. Биз уларнинг барчасига нисбатан ўз мамлакатларининг миллий судларида қонуний чоралар кўришни давом эттирамиз. Жазосизликка ҳамма жойда чек қўйилиши шарт», — дейилади фонднинг 2024 йил октябрдаги баёнотида.

«Ҳинд Ражаб» фонди операцияларни режалаштирган ва буйруқ берганлардан тортиб, уларни ижро этганларгача бўлган барча исроиллик ҳарбий жиноятчиларни, жумладан, ушбу жиноятларда қатнашган ёки уларни молиялаштирган хорижий фуқароларни жиноий жавобгарликка тортишни мақсад қилган.

Фонд асосчиси Дияб Абу Жаҳжаҳ Исроилнинг диаспора ишлари бўйича вазири Амичай Чикли томонидан таҳдидга учради. Вазир Х ижтимоий тармоғидаги постида унга «пейжерига эҳтиёт бўлишни» маслаҳат берган. Бу 2024 йил сентябр ойида «Ҳизбуллоҳ» аъзоларининг алоқа тизимларига қилинган ҳужумларга ишора эди. Ўшанда Исроил махсус хизматлари томонидан минглаб пейжерларнинг портлатилиши оқибатида камида 12 киши ҳалок бўлган ва 3000 дан ортиқ киши жароҳатланган эди.

Ўтган йилнинг январ ойида «Ҳинд Ражаб» фонди томонидан киритилган шикоят Бразилия судьясининг мамлакатда дам олаётган исроиллик аскар устидан тергов бошлаш ҳақидаги буйруғига сабаб бўлди. Аскар қочишга мажбур бўлди, бу эса Исроил армиясини жанговар ҳаракатларда қатнашган барча ҳарбийларга ўз шахсини яширишни буюришга ундади.

«Халқаро ҳуқуққа кўра, жиноий жавобгарлик вақт ўтиши билан йўқолмайди. У абадий давом этади ва унга ҳеч қандай даъво муддати қўлланилмайди», — деди Ҳамад бин Халифа университети профессори Бантекас.

Бироқ, унинг таъкидлашича, Исроил ҳарбийларини суд қилиш «амалда икки сабабга кўра қийин»: биринчидан, тўғридан-тўғри далилларни олиш мушкул, иккинчидан, миллий прокурорлар сиёсий ёки бошқа босимлардан чўчиб, эҳтиёткорлик билан ҳаракат қилишади.

Теглар

Мавзуга оид