«Ҳамма тонналаб шакар еяпти» — Сурхондарё вилояти ҳокими

Бугун 15:512 дақиқа

Сурхондарё вилояти ҳокими Улуғбек Қосимовнинг ижтимоий тармоқларда муҳокамаларга сабаб бўлган гапи нотўғри талқин қилинаётгани маълум қилинди.

«Ҳамма тонналаб шакар еяпти» — Сурхондарё вилояти ҳокими © Surxondaryo viloyati hokimligi

Сурхондарё вилояти ҳокими Улуғбек Қосимовнинг «ҳамма тонналаб шакар еяпти» деган баёноти интернетда кенг тарқалиб, жамоатчилик ўртасида турли баҳсларга сабаб бўлди.

«Кечагина олимни олиб келиб, шакарнинг зарарини ўргаттирдим. Ҳамма тонналаб шакар еяпти. Биз ҳозир 1000 тонна шакарнинг Сурхандарёдаги импортини қисқартирсак, шакарнинг бозордаги нархи арзон бўлади. Нима учун 3000 тонна асал ишлаб чиқаряпмиз? Нега, асал емаймиз биз?», деган эди ҳоким тарқалган видеода.

Ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари муносабати

Шундан сўнг ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари мазкур фикрларга турлича муносабат билдирди. Айримлар асал нархи шакарга нисбатан анча қиммат эканини, бир килограмм асал пулига бир неча килограмм шакар сотиб олиш мумкинлигини қайд этди.

Расмий изоҳ

Вилоят ҳокими матбуот котиби Муродбек Давлатов ушбу ҳолат юзасидан изоҳ бериб, тарқалган видео умумий контекстдан узиб олинганини маълум қилди. Унинг айтишича, мазкур баёнот 11 апрел куни ўтказилган йиғилишда айтилган бўлиб, унда таълим, тиббиёт ва бошқа ижтимоий муассасалар учун озиқ-овқат таъминоти муҳокама қилинган.

«Йиғилишда вилоят ҳокими томонидан масъуллар ва таъминотчи корхоналар раҳбарларига шакар ўрнига табиий асал ва мевалардан олинган маҳсулотлардан кенгроқ фойдаланиш бўйича берилган тавсиялар нотўғри талқин қилинган ҳолда тарқатилмоқда», деди матбуот котиби.

Матбуот котиби таъкидлашича, ҳоким томонидан берилган тавсиялар болалар, беморлар, спортчилар ва ҳарбийлар учун соғлом овқатланишни таъминлашга қаратилган. Шунингдек, шакар истеъмолининг инсон саломатлигига салбий таъсири илмий жиҳатдан асослангани ҳам қайд этилган.

Теглар

Мавзуга оид

«Ҳамма тонналаб шакар еяпти» — Сурхондарё вилояти ҳокими | Vaqt.uz