«Ҳар куни, ҳар ким тўлайди»: Ўзбекистонда солиқлар қандай ишлайди?

Бугун 18:264 дақиқа

ҚҚС нега «кўринмас солиқ» дейилади? Нима учун айримлар камроқ, бошқалар кўпроқ солиқ тўлайди? Vaqt.uz Ўзбекистондаги солиқ тизимини содда тилда тушунтиради.

«Ҳар куни, ҳар ким тўлайди»: Ўзбекистонда солиқлар қандай ишлайди?

Яқинда Ўзбекистонда санъаткорлар солиқ тўлаши кераклиги кўплаб муҳокамаларга сабаб бўлди. Ижтимоий тармоқларда аксарият фойдаланувчилар санъаткорларни солиқ тўламай келганликда айблади.

Аслида эса Ўзбекистонда деярли ҳар бир инсон ҳар куни солиқ тўлайди — ҳатто дўкондан сув олганда ҳам. Vaqt.uz Ўзбекистонда солиқ тизими қандай ишлаши ва солиқ турлари ҳақида тушунтиради.

Солиқлар асосан икки хил турга бўлинади — бевосита ва билвосита солиқлар. Бевосита солиқлар таркибига фойда солиғи, жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи каби тўғридан тўғри давлат бюджетига тушадиган маблағлар киради.

Билвосита солиқлар эса қўшилган қиймат солиғи (ҚҚС), акциз солиғи ва божхона божларидан иборат бўлиб, улар одатда маҳсулот ва хизматлар нархи орқали истеъмолчига юкланади.

ҚҚС — кўринмас солиқ

Қўшилган қиймат солиғи кўпчилик умуман сезмайдиган солиқ тури ҳисобланади. Ўзбекистонликлар ҳар бир расмий харидлардан 12 фоиз кўринишида ҚҚС тўлашига тўғри келади.

Бундан аввал 2023-йил 1-январга қадар ҚҚС фоиз ставкаси 15 фоиз эди. 2019-йилда ҳам ҚҚС 20 фоиздан 15 фоизга пасайтирилганди.

Оддий истеъмолчи кўп ҳолатларда ҚҚСни сезмайди. Бироқ, дўкондан 100 минг сўмлик маҳсулот харид қилинса, унинг 12 фоизи ҚҚС ҳисобланади. 

Харидор бу солиқни алоҳида тўламайди — у маҳсулот нархининг ичига қўшиб юборилади. Шу сабаб ҚҚС кўпинча «кўринмас солиқ» деб аталади.

Бироқ, ҚҚС фақат расмий сотувчилар ва дўконлар томонидан тўланади. Бу эса бозорда сотувчилар ўртасида носоғлом рақобатни юзага келтиради.

Яққол мисол сифатида «Малика» бозори ва ҚҚС тўловчи сотувчилар ўртасида электротехника нархи фарқини келтириш мумкин. Сўнгги русумдаги iPhone нархи «Малика» бозорида бошқа ҚҚС тўловчи дўконларга нисбатан камида бир неча миллион сўмга арзонроқ бўлади.

1

Истеъмолчилар эса арзонроқ нарх сабаб кўп ҳолларда норасмий бозорни танлайди. Айнан шу сабаб давлат учун яширин иқтисодиётга қарши курашиш адолатли солиқ тизимини яратиш йўлида муҳим ҳисобланади.

Фойда солиғи — бюджет таянчи

Бу солиқ тури мамлакатдаги компаниялардан олинадиган фойда ҳисобидан тўланади. Ҳозирда фойда солиғининг базавий ставкаси 15 фоизни ташкил қилади.

Дейлик, маълум компания бир йилда 1 млрд сўмлик маҳсулот сотади. Бу тушумнинг 700 млн сўми харажатларга кетадиган бўлса, қолган 300 млн сўми фойда бўлади.

Бундай сценарийда компания тўлайдиган фойда солиғи 15 фоиз ставкада 45 млн сўм бўлади. Қолган 255 млн сўм эса соф фойда сифатида тавсифланади.

Бу солиқни ҳар хил соҳадаги компаниялар турли хил фоиз ставкада тўлашлари мумкин. Масалан, IT Park резидентларига бу бўйича имтиёз берилган.

Фойда солиғи Ўзбекистон учун жуда муҳим. 2026-йил I чоракда бюджетга 63,6 трлн сўмлик тушумлар амалга оширилган бўлса, шунинг қарийб учдан бири фойда солиғи ҳисобига шаклланган.

2

Жисмоний шахсларнинг даромад солиғи

Жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи — фуқароларнинг иш ҳақи ва бошқа даромадларидан ушлаб қолинадиган солиқ тури ҳисобланади. Ўзбекистонда ушбу солиқ ставкаси ҳозирда 12 фоизни ташкил этади.

Бу солиқ асосан расмий иш берувчи томонидан тўланади. Масалан, ходим 10 млн сўм ойлик маош олса, иш берувчи томонидан унга 11 млн 364 минг сўм иш ҳақи ёзилади ва 1 млн 364 минг сўм даромад солиғи сифатида давлатга тўланади.

Ўзини ўзи банд қилган шахслар эса даромад солиғидан озод қилинган. Бунинг ўрнига улар айланмадан олинадиган солиқ тўлайди.

2026-йил 1-январдан бошлаб, йиллик айланмаси 1 млрд сўмгача бўлган якка тартибдаги тадбиркорлар (ЯТТ) ва ўзини ўзи банд қилган шахслар учун айланмадан олинадиган солиқ ставкаси 1 фоиз миқдорида белгиланган.

Айланмадан олинадиган солиқ ўзи нима?

Бу солиқ тури асосан кичик бизнес ва тадбиркорлар учун мўлжалланган. Базавий ставка 4 фоиз миқдорида белгиланган. Шунга қарамай, юқорида қайд этилганидек йиллик айланмаси 1 млрд сўмгача бўлган ЯТТлар 1 фоиз миқдорида айланмадан солиқ тўлайди.

МЧЖлар эса йиллик тушум 1 млрд сўмгача бўлган тақдирда 4 фоиз айланмадан солиқ, 1 млрд сўмдан юқори ёки ихтиёрий равишда 12 фоиз ҚҚС ва 15 фоиз фойда солиғи тўлайди.

Бундай тизим кичик бизнесни ривожлантириш ва тадбиркорликка энди қадам қўяётганларни рағбатлантириш мақсадида йўлга қўйилган.

Акциз солиғи

Акциз солиғи бошқа солиқ ставкаларидан фарқ қилади. Бу солиқ тури аҳоли ўртасида соғлом турмуш тарзини рағбатлантириш учун йўлга қўйилган дейиш мумкин.

Яъни, одатда бундай солиқлар алкоголь ва тамаки маҳсулотлари, шакар, газли ичимликлар, бензин, газ ҳамда бошқа товарларга нисбатан қўлланади.

3

Бу солиқнинг асосий мақсади нафақат бюджетга қўшимча даромад келтириш, балки айрим маҳсулотлар истеъмолини тартибга солишдан иборат.

Маълум бир маҳсулотларга юқори акциз солиғи қўйиш орқали уларнинг истеъмолини камайтиришга ҳаракат қилинади.

Оддий харидор эса акциз солиғини алоҳида тўламайди. У маҳсулот нархининг ичига қўшиб юборилган бўлади. Бензин, сигарет ёки айрим ичимликлар нархининг маълум қисми аслида акциз солиғидан иборат бўлади.

Акциз солиғи Ўзбекистонда маҳсулотлар учун турлича белгиланган бўлиб, ягона акциз солиғига ўтиш йўлида ишлар олиб борилмоқда.

Шу тариқа, Ўзбекистонда асосий солиқ турларига қуйидагилар киради:

қўшилган қиймат солиғи (ҚҚС);
фойда солиғи;
айланмадан олинадиган солиқ;
акциз солиғи;
жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи;
юридик шахсларнинг мол-мулк солиғи;
ер солиғи;
сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқ;
ер қаъридан фойдаланганлик учун солиқ;
божхона божлари ва бошқа мажбурий тўловлар.

Ушбу солиқлар давлат бюджетининг асосий даромад манбаси ҳисобланади.

Аслида, деярли ҳар бир ўзбекистонлик ҳар куни у ёки бу шаклда солиқ тўлайди. Кимдир иш ҳақидан, кимдир бизнесидан, яна кимдир оддий харидлар орқали давлат бюджетига маблағ ўтказади.

Солиқ тизими кўпчиликка мураккаб туюлиши мумкин. Бироқ, унинг вазифаси оддий — давлат бюджетини шакллантириш ва иқтисодиёт ишлашини таъминлаш.

Айнан шу маблағлар ҳисобидан йўллар қурилади, мактаб, боғча ва шифохоналар фаолияти учун пул ажратилади.

Шу сабаб солиқлар нафақат давлат, балки жамият ва иқтисодиётнинг энг муҳим тизимларидан бири ҳисобланади.

Теглар

Мавзуга оид