Logo

Ҳиндистондаги ёнғинда уч қирғизистонлик ҳалок бўлди: қурбонлар орасида ўзбекистонликлар ҳам борми?

Ҳалок бўлганлар жигар кўчириб ўтказиш операциясидан сўнг Қирғизистонга қайтишга тайёргарлик кўраётган бўлган.

Ҳиндистондаги ёнғинда уч қирғизистонлик ҳалок бўлди: қурбонлар орасида ўзбекистонликлар ҳам борми?

3 июн куни Ҳиндистон пойтахти Деҳлидаги меҳмонхоналардан бирида содир бўлган ёнғин оқибатида 21 киши ҳалок бўлди. Қурбонлар орасида Ҳиндистонга шифо излаб борган уч нафар Қирғизистон фуқароси ҳам бўлган.

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлигининг Деҳлидаги элчихонаси мазкур ҳолат юзасидан тезкор баёнот бериб, қурбонлар орасида ўзбекистонликлар йўқлигини маълум қилди.

«Олинган расмий маълумотларга кўра, мазкур ёнғин оқибатида ҳалок бўлганлар ва жабрланганлар орасида Ўзбекистон Республикаси фуқаролари йўқ»
, — дейилади ТИВ баёнотида.

Тиббий туристлар яшаган меҳмонхонадаги фожиа

Қирғизистон Ташқи ишлар вазирлигига кўра, ҳалок бўлганлар орасида 1976 йилда туғилган Х.Н., 2003 йилда туғилган Х.Т. ва 1950 йилда туғилган К.М. бор

Қирғизистоннинг Ҳиндистондаги элчиси Аскар Бешимовнинг маълум қилишича, ушбу оила жигар кўчириб ўтказиш операциясидан сўнг яқин кунларда ватанга қайтишга тайёрланаётган эди бўлган.

«Улардан бири донор, бири бемор, яна бири — ёши каттароқ қариндоши уларга қараб юрган. Улар «Max» номли шифохонада даволаниб чиққан, ушбу меҳмонхонада яшаб, якшанба куни қайтишни режалаштираётган эди», — дейди элчи.

Ёнғин «Florist Inn» меҳмонхонасида юз берган. Мазкур муассаса йирик тиббий марказ — «Max Saket Superspeciality» шифохонасига яқин жойлашгани сабаб хорижлик тиббий туристлар орасида машҳур бўлган. Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга кўра, бинодаги чет элликларнинг аксарияти даволанишга келган беморлар ва уларнинг яқинлари эди.

Дастлабки маълумотларга кўра, ёнғинга газ баллони портлаши ёки электр тармоғидаги қисқа туташув сабаб бўлган. Олов бино ичида жуда тез тарқалиб, ичкаридаги одамларнинг ташқарига чиқишига тўсқинлик қилган. Қутқарувчилар томонидан 40 нафардан ортиқ киши бинодан олиб чиқилиб, шифохоналарга ётқизилган.

Ҳозирда Ҳиндистон расмийлари ёнғиннинг аниқ сабабларини ўрганмоқда. Марҳумларнинг жасадларини Қирғизистонга юбориш бўйича тегишли ишлар олиб борилмоқда.

Ўзбекистон ТИВ фуқароларни огоҳлантирди

Ўзбекистоннинг Деҳлидаги дипломатик миссияси юз берган фожиали воқеани инобатга олган ҳолда, Ҳиндистонда бўлиб турган ёки ушбу мамлакатга сафар қилишни режалаштираётган фуқароларни яшаш жойини танлашга жиддий ёндашишга чақирди.

«Меҳмонхоналар ва бошқа жойлашиш воситаларини брон қилишда фаолият юритиш учун ҳужжат билан тасдиқланган рухсатнома ва ёнғин хавфсизлиги сертификатларига эга бўлган объектларни танлаш, истиқомат қилинадиган жойда эвакуация чиқиш йўллари ва бошланғич ёнғинга қарши ҳимоя воситалари мавжудлигига ишонч ҳосил қилиш сўралади», - дейилади элчихона баёнотида.

Шунингдек, фавқулодда вазиятлар юзага келганда фуқаролар зудлик билан Ҳиндистон қутқарув хизматининг 112 рақамига ҳамда Ўзбекистоннинг Деҳлидаги дипломатик миссияси Консуллик бўлимига мурожаат қилишлари сўралган.

Теглар

Мавзуга оид