Logo

Ҳўрмуз бўғози орқали кемалар ҳаракати бир ҳафта ичида 34 фоизга камайди

АҚШ ва Исроилнинг Эрон билан уруши бошланишидан аввал ушбу бўғоз орқали ҳар куни ўртача 130–140 та кема қатнарди.

Ҳўрмуз бўғози орқали кемалар ҳаракати бир ҳафта ичида 34 фоизга камайди © Reuters

Жорий ҳафтада Ҳўрмуз бўғози орқали ўтувчи кемалар сони сезиларли даражада камайди. Бу ҳақда «Reuters» агентлиги «Kpler» таҳлилий хизмати маълумотларига таяниб хабар берди.

3–6-август кунлари бўғоз орқали жами 33 та кема ҳаракатланган. Бу ўтган ҳафтанинг шу даврига нисбатан 34 фоизга кам. Ўша пайтда бўғоздан 50 та кема ўтган эди.

«Kpler» компанияси маълумотларига кўра, 6-август куни бўғоз орқали атиги 4 та кема ҳаракатланган. Шулардан бири Nissos Kea номли жуда йирик нефть танкери бўлиб, у Ироқдаги «Басра» нефть терминалидан юкланган тахминан 2 миллион баррель Basrah маркали хом нефтьни ташиётган эди. Қолган уч кемадан иккитаси суюлтирилган нефть газини (LPG), биттаси эса кичик ҳажмдаги юкларни ташувчи қуруқ юк кемаси бўлган. Бу ҳафта давомида Ҳўрмуз бўғозидан атиги 6 та хом нефть танкери чиқиб кетган. Шу вақтгача эса бўғозга жами 21 та кема кирган бўлиб, уларнинг аксарияти Эрон томони орқали ҳаракатланган.

Юк ташиш соҳасидаги манбаларга кўра, Хитой ва Ҳиндистондаги бир қанча нефтни қайта ишлаш заводлари бу ҳафта Ироқнинг «Басра» нефть терминалидан хом нефть юклаш учун Ҳўрмуз бўғозига кирадиган кемаларни излаган. Бунга Ироқ томонидан таклиф этилган катта чегирмалар сабаб бўлган. Бироқ, кема эгалари ушбу ҳудудга кириш хавфли деб ҳисоблаётгани сабабли, ҳозирча бирорта ҳам кема бўйича шартнома тузилмаган.

Ироқнинг давлат нефть сотувчиси SOMO август ойида юкланадиган «Basrah Heavy» ва «Basrah Medium» навли нефть учун харидорларга бир баррелига қарийб 30 доллар миқдорида чегирма таклиф қилган.

2026-йил феврал ойида АҚШ ва Исроилнинг Эрон билан уруши бошланишидан аввал эса Ҳўрмуз бўғози орқали ҳар куни ўртача 130–140 та кема қатнаб ўтарди. Шунингдек, саноат вакилларининг айтишича, Эрон ва Уммон ўртасида Форс кўрфазига Ҳўрмуз бўғози орқали кирадиган кемалар устидан назоратни Теҳронга беришни назарда тутувчи таклиф амалда бажарилиши қийин. Бунга АҚШ санкциялари ҳамда суғурта шартномаларидаги тўловларга оид қатъий чекловлар сабаб бўлмоқда.

6-август куни Боб ал-Мандаб бўғози орқали Қизил денгиз йўналишида 26 та кема ҳаракатланган. Бу бир кун аввалги 19 та кемага нисбатан кўпроқдир. LSEG компанияси эса бошқа кузатув тизими ва ҳисоблаш усулидан фойдалангани сабабли ушбу кўрсаткични 28 та деб қайд этган.

Агентликнинг таъкидлашича, кема қатновининг камайиши Эрон ва Уммон ўртасида давом этаётган музокаралар фонида кузатилмоқда. Бозор иштирокчилари дунёдаги энг муҳим денгиз йўлларидан бири ҳисобланган Ҳўрмуз бўғозида кемалар ҳаракатини қайта тиклаш борасида ижобий натижаларга эришилишига умид қилиб, музокараларни диққат билан кузатмоқда.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Америка Қўшма Штатлари 1985-йилдан бери биринчи марта Саудия Арабистонидан нефть импорт қилишни тўлиқ тўхтатганди. Июль ойи якунларига кўра, мамлакатга Саудия нефтидан бирорта ҳам баррель етказиб берилмаган.

Теглар

Мавзуга оид