
HUMO ва UnionPay ягона QR код орқали тўловларни бошлайди
HUMO ва UnionPay ўртасидаги янги интеграция икки мамлакат ўртасидаги тўловларни тезлаштириб, савдо ва туризмда рақамли тўлов имкониятларини кенгайтиради.

Шанхай шаҳрида UnionPay International ва HUMO тўлов тизимлари ягона QR коддан фойдаланишни йўлга қўйиш бўйича меморандум имзолади. Бу ҳақда HUMO тўлов тизимининг матбуот хизмати хабар берди.
Янги лойиҳа Хитой ва Ўзбекистон ўртасида трансчегаравий тўловлар инфратузилмасини мустаҳкамлаш, халқаро ҳисоб-китобларни соддалаштириш ва рақамли тўлов хизматларининг қамровини оширишга қаратилган.
Интеграция орқали HUMO карталари эгалари UnionPay'нинг жаҳон бўйлаб кенг қамровли тўлов тармоқларида QR код орқали тўлов амалга ошира олади.
Шу билан бирга, UnionPay картасига эга бўлган мижозлар HUMO экотизимидан фойдаланиш имконини қўлга киритади. Бу савдо ва хизмат кўрсатиш корхоналари учун алоҳида тўлов ечимларини ўрнатиш заруратини бартараф этади.
Ягона QR коддан фойдаланиш орқали тўлов жараёни анча тезлашади: мижозлар ўзларининг одатдаги мобил иловалари орқали тўловни амалга оширади, нақд пулга ва қўшимча операцияларга эҳтиёж қолмайди. Бу, айниқса, икки мамлакат ўртасидаги туристик оқим ва бизнес алоқаларининг ёйилишига ижобий таъсир кўрсатиши кутилмоқда.
UnionPay ва HUMO ҳамкорлиги 2021 йилда UnionPay эквайринг лойиҳасидан бошланган. Янгича меморандум эса рақамли тўловлар соҳасида чуқурроқ интеграцияга қадам бўлиб, мижозлар ва бизнес учун хизматлардан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириши таъкидланмоқда.
Лойиҳанинг амалга оширилиши икки томонлама тўлов инфратузилмасини янада мустаҳкамлаб, Ўзбекистон ва Хитой ўртасидаги рақамли иқтисодий муносабатларни ривожлантиришга хизмат қилади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистонда нақд пулсиз ҳисоб-китоблар учун турли тўлов иловалари томонидан қўлланадиган алоҳида QR кодлар ўрнига универсал QR кодли тўлов тизими жорий этилиши ҳақида хабар берилган эди.





